Нафс одоби ва уни риёзатга солиш ҳақида – 15
… Муттақийларнинг шодлиги Аллоҳнинг фазли ва раҳмати туфайлидир. Бандаларини ҳам (Қуръони каримда келганидек), шунга чақирди. Аммо анбиё ва сиддиқларнинг шодлиги исми баракотли бўлган Аллоҳнинг Ўзи туфайлидир. Шунинг учун Молик ибн Динордан, Аллоҳ у кишига раҳм қилсин, бизга ривоят қилиндики, у зот дедилар: “Баъзи китобларда ўқидим. “Эй сиддиқлар жамоаси, зикрим билан неъматланинглар, албатта, Менинг зикрим сизлар учун бу дунёда неъматдир. Охиратда эса мукофотдир (яъни ажрига ҳам шуни оласизлар)”. Бошқа бир ўринда дейилади: “Мени шаҳватларингиздан устун қўйингизлар. Махлуқотларимнинг бадалига Мен билан рози бўлинглар. Бас, Мен билан шодланинглар. Менинг зикрим билан неъматланинглар. Иззатимга қасамки, жаннатларни фақатгина сизлар учун яратдим”.
Бизга Абдураҳим ибн Ҳабиб Фарёнийдан Ҳабиб Ажамий (Аллоҳ у кишига раҳм қилсин) ҳақида дедики, у юқоридаги сўзларга шарҳ мақомида бўлган қуйидагиларни айтарди: “Эй Парвардигорим, Сенинг менга Парвардигор эканлигингдан, ўзимнинг эса Сенга бандалигимдан шодландим, ҳатто шодликдан ўлишимга оз қолди”.
Аммо уларнинг йиғисига келсак, анбиёлар, Аллоҳнинг уларга саломи бўлсин, ер юзидаги жонзотларнинг энг раҳмлилари эдилар. Банданинг Аллоҳ таолога қурбати қанча зиёда бўлса, унинг учун раҳмат ҳам шунча зиёда бўлаверади. Ибн Муборакнинг Убайд ибн Умайрдан ривоят қилишича, у зот дедилар: “Банда Аллоҳ таолога қанча қурбати зиёда бўлса, унинг учун раҳматдан бошқаларга бўлмаган мўл-кўл улуш бўлади”. (давомли)
“Баёнул-касб” (Касб-тирикчилик баёни) китобидан
Муҳаммад Ҳаким Термизий раҳ.а.
www.islomota.uz