ИсломМақолалар

ҚИРОАТЛАРНИНГ КЕЛИБ ЧИҚИШ ТАРИХИ

Маълумки, Пайғамбаримиз (с.а.в) «Қиёмат» сурасида ҳам хабар берилганидек, келган ваҳийни дарҳол ёдлаб олардилар. Шунинг учун ҳам қуръоннинг илк ҳофизи у зот ҳисобланадилар. Кейинчалик Расулуллоҳ (с.а.в) уларни ваҳий котибларига ёздириб, қайси суранинг қаерига қўйиш кераклигини айтардилар._ Пайғамбаримиз (с.а.в) оятлар ёзилганидан сўнг агар хатолари бўлса тузатишлик учун котибга ўқитар эдилар. Шунингдек, янги келган ваҳийни эркаклар билан бир қаторда  аёлларга ҳам ўқиб берардилар.

Ҳазрати Муҳаммад (а.с) ҳар йили Рамазон ойида шу кунгача келган барча оятларни маълум бир муддат ҳадис ёзишга рухсат бермасликлари ҳам, бу мавзуда қанчалик эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилганликларининг исботидир.

Ҳазрати Муҳаммад (с.а.в) Макка даврларидаёқ Арқамнинг уйида шахсан ўзлари қуръон ўргата бошладилар.

Шунингдек, ҳижратдан икки йил аввал биринчи «Ақоба» байъатининг ортидан Мусъаб бин Умайрни (р.а) Авс ва Хазраж қабилаларида мусулмон бўлганларга Қуръон ўргатиш учун Мадинага юборадилар._

Ҳижратдан сўнг Масжидун-набавий «Дорул қурро» сифатида фойдаланилган, бу ер очиқ мактаб сифатида қуръонни ўрганаётган ва ўргатаётганлар билан тўлиб тошган. Худди шунингдек, ҳижрий 2-йили Махрама бин Навфал (ра) нинг уйида «Дорул қурро» номли Қуръон мактаби таъсис қилинган. Бундан ташқари Пайғамбаримиз даврларида Мадинада Қуръон мактаби вазифасини ўтаган туққиз дона  масжид борлиги ривоят қилинади._

Бундай ҳаракатлар Мадинадан ташқари бошқа шаҳарларда ҳам амалга оширилган. Муоз ибн Жабал ва  Ибн Аббос Маккада, Ибн Масъуд Кўфада, Абу Мусо ал-Ашъарий Басрада, Абуд Дардо Шомда мусулмонларга Қуръони каримни ўргатганлар._

Пайғамбаримиз даврларида ҳам динни, ҳам Қуръонни таълим беришлик учун кўплаб саҳобалар бошқа шаҳарларга юборилган. Бу иш ҳазрати Абу Бакр, ҳазрати Умар ва ҳазрати Усмон (р.анҳум) даврларида ҳам янада такомиллашган ҳамда давом эттирилган.

Ҳазрати Абу Бакр (р.а) даврларида, Расулуллоҳ (с.а.в) замонларида ёзилган саҳифалар Зайд бин Собит раҳбарлигидаги бир гуруҳ томонидан тўпланади ва «ал-Мусҳаф» деб номланиб, Халифага топширилади. Кейинчалик мазкур мусҳаф иккинчи халифа ҳазрати Умарга ундан сўнг пайғамбаримизнинг завжалари ва ҳазрати Умарнинг қизлари Ҳафса (р.а) онамизга ўтган.

Ҳазрати Усмон (р.а) даврларида ҳам яна Зайд ибн Собит раҳбарлигидаги гуруҳ томонидан мусҳаф кўпайтирилган. Мазкур гуруҳ ҳазрати Ҳафса онамиздаги мусҳафга асосланган ҳолда яна тўрт нусҳа ёзади. Қуръоннинг асл лаҳжаси бўлган Қурайш лаҳжасига асосан ёзилган мазкур мусҳаф Макка, Куфа, Басра ва Шомга юборилган.

Бу мусҳаф билан биргаликда маълум марказларга Қуръон муаллимлари ҳам юборилган. Жумладан Мадинага Зайд ибн Собит, Маккада Абдулло ибн Соиб, Шомда  Муғира ибн Шиҳоб, Куфада Абу Абдураҳмон ас-Суламий ва Басрада Омир ибн Абдул Қайсларга мазкур вазифа юклатилган.

Асҳоби киром тобеъинларга ҳам айнан пайғамбаримиздан ўрганганларидек Қуръон ва унинг қироатини ўргатадилар. Тобеъинлар ҳам ўзларидан кейинги наслга таълим берадилар. Мана шундай услуб билан тарих давомида  Ислом ўлкаларида турли қорилар етишиб чиққан ва тақволарига, диндорликларига, қироатдаги моҳирликларига қараб машҳур бўлганлар. Халқ мазкур қориларни ўзларига устоз (қироатда) қабул қилиб ўрганган қироатларини уларга нисбат қилганлар.

Ибнул Жазарий (833/1429) айтганидек қироатларни ушбу имомларга нисбат қилиниши, уларнинг у қироатларни мукаммал эгаллаганликлари, энг кўп ўқиган ва ўқитган ҳамда мазкур қироатлар билан энг кўп шуғулланганликлари туфайлидир. У имом ўша қироатни танлаган, мунтазам шуғулланган, ниҳоят шу қироати билан машҳур бўлган, натижада бу қироат ушбу имомдан олинадиган бўлган. Шу сабабли ҳам қироат у қироат бошқага эмас, ўша имомга боғланган (изофат). Фақат бу боғланиш ва нисбат, шу қироатни танлаб, уни пухта эгаллаганлиги туфайлидир, аксинча уларнинг шахсий кашфиёти ёки ижтиҳоди эмас.

Бошланғич даврларда ҳофизлар ва қироат имомлари томонидан оғиздан оғизга, устоздан шогирдга оғзаки нақл қилинган қироатлар, вақт ўтиши билан китобларда тўплана бошланган. Шу йўл орқали илк даврдан эътиборан юзага чиқиши мумкин бўлган тартибсизлик ва интизомсизликни олдини олишга ҳаракат қилинган. Бу соҳадаги тадқиқотлар тобеъинлар даврининг охирларида бошланган. Қироат турларини илк тадқиқ қилган олим Ҳорун бин Мусодир (170/786)_. Дастлабки асарни эса Абу Убайд Қосим бин Саллом (224/826) ёзганлиги нақл қилинади. Фақат ушбу муаллифдан аввал Абу Амр (154/774), Ҳамза (156/772) ва Кисоий (189/805) томонидан мазкур илмга доир баъзи асарлар таълиф қилинган. Бундан кейинги йиллардан ҳозиргача ўтган вақт ичида бу соҳага оид минглаб асарлар битилган. Қироатлар  мавзусида ўз замонасининг машҳур олимларидан ҳисобланган Абу Бакр ибн Мужоҳид (324/935) ҳижрий 300-йилларда ёзган «Китобус-сабъа» номли асарида қироатларни еттига бўлади.

«Қироати сабъа»: (Етти қироат)

Нофеъ

Ибн Касир

Абу Амр

Ибн Омир

Осим

Ҳамза

Кисоий

Шунингдек худди шу асрда яшаб ўтган Абу Бакр Аҳмад ибн Хусайн ибн Миҳрон ал-Исфаҳоний ан-Нисобурий (381/992)_ «ал-Ғоя фил-Қироатил-Ашр» номли асарида юқоридаги етти қироатга яна уч қироат илова қилади: Абу Жаъфар, Яъқуб, Ҳалафул-Ошир_. Унинг бу асари Ибнул Жазарийнинг манбалари орасида ҳам мавжуддир._

Ибнул Жазарий «ан-Нашр фил-Қироатил-Ашр» номли асрида бу уч қироатни ҳам айнан етти қироат каби машҳур ва саҳиҳ эканлигини баён қилади, шундай қилиб мазкур  ўн қироат мусулмонлар томонидан қабул қилинган.

Бундан кейинги қисмларда номлари тез-тез зикр қилинадиган мазкур ўн қироат имомлари ҳамда бу қироатларни нақл қилган ровийларнинг энг машҳур иккитасининг исмларини бериб ўтамиз:

Нофеъ ибн Абдураҳмон (169/785). Ровийлари Исо ибн Мино (Колун) (220/835), Усмон ибн Саид (Варш) (197/812).

Абдуллоҳ ибн Касир (120/738). Ровийлари: Аҳмад ибн  Муҳаммад ал-Баззий (250/864), Муҳаммад ибн Абдураҳмон (Кунбул) (291/903).

Абу Амр ибн ал-Аъло ал-Басрий (Заббон ибн Аммор) (154/771); Ровийлари: Ҳафс ибн Умар ад-Дурий (240/854),  Солиҳ ибн Зиёд ас-Сусий (261/874).

Абдуллоҳ ибн Омир (118/731). Ровийлари: Ҳишом ибн Аммор (254/868), Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Башр ибн Зақвон (242/856).

Абу Бакр Осим ибн Баҳдала (127/744). Ровийлари: Абу Бакр Шуъба ибн Айёш (193/808), Ҳафс ибн Сулаймон (180/796).

Ҳамзатубну Ҳабиб (156/775). Ровийлари: Ҳалаф ибн Ҳишом (229/843), Халлод ибн Холид (220/835).

 Али ибн Ҳамза ал-Кисоий (189/805). Ровийлари: Абул-Ҳорис Лайс ибн Холид (240/854), Ҳафс ибн Умар ад-Дурий (240/854).

Абу Жаъфар Язид ибн Каъкаъ (132/749). Ровийлари: Исо ибн Вардон (160/776), Сулаймон ибн Жаммоз (170/780).

Ёқуб ибн Исҳоқ ал-Хадрамий (205/820). Ровийлари: Муҳаммад ибн Мутаваккил (Рувайс) (238/852), Равҳ бин Абдилмўъмин (235/849)

Ҳалафул Ошир (Ҳалаф ибн Ҳишом) (229/834). Ровийлари: Исҳоқ ибн Иброҳим (286/889), Идрис ибн Абдулкарим (292/904).

Қироатлар Қуръони каримнинг муҳофаза қилинишида мусулмонларнинг қанчалик эҳтиёткор ва ғайратли эканликларининг ёрқин ифодасидир. Чунки мусулмонлар ўз муқаддас китобларини ҳарфма-ҳарф, сўзма-сўз, оят-оят ҳамда сура-сура жуда усталик билан ўқиш кераклигини, калималарнинг имло шаклини, талаффузларини ва бошқа энг кичик нуқталаригача аниқлаб, ўрганиб чиққанлар. Шунингдек, бу мавзуда юзлаб асарлар ёзганлар. Ҳар бир асрда минглаб инсонлар фақат шу иш билан шуғулланганлар. Қуръонни бошқа муқаддас китоблардан устунлигини кўрсатиб турувчи хусусиятларидан бири ҳам айнан қироатлардир. Чунки бошқа ҳеч бир китоб бунчалик чуқур ўрганилмаган.

 

_ «Қиёмат» 16-17.

_ Бухорий. «Фазоилул Қуръон», 4.

_ Ибн Саъд «Табақот» 3 жилд 118 бет.

_ М.Ҳамидуллоҳ «Ислом Пайғамбари» 2 жилд 77 бет.

_ Аҳмад Амин «Фажрул Ислам» 173 бет .

_ Рофеъи «Ижозул Қуръон» 53 бет.

_ Ибнул Жазарий «Ан нашр» 1 жилд 89 бет.

_ Ибнул Жазарий, ўша асар 1 жилд 41 бет.

_ Ибнул Жазарий, ўша асар 1 жилд 89 бет.

Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг