Мақолалар
Қизим! Энди сенга айтадиган ўн ўгитимга қулоқ сол!
Ҳориснинг қизи Асмо келин бўлиб куёв уйига – хожасининг уйига кетадиган куни онаси томонидан унга шундай насиҳат берилган:
Қизим! Энди сенга айтадиган ўн ўгитимга қулоқ сол! Буларни доимо ёдингда тут:
- Қаноат соҳибаси бўл. Эринг уйга нимаики олиб келса, у хоҳ ейдиган, хоҳ киядиган нарса бўлсин, хушфеллик билан, гўзал одоб билан қабул қилиб олиш!
- Эринга итоат қил, қил деган ишларини қил, қима деганини қилма!
- Эрингни кўзи тушадиган жойларга яхши эътибор бер! Яъни, уйнинг ичини, ташқарисини ниҳоятда тоза тут.
- Уст-бошингни тоза тут. Эринг фақат хуш бўйни сезсин, димоғига ёмон ёмон ҳид келмасин.
- Овқатини таёрла. Яъни овқатланиш вақтини ҳеч қачон кечиктирма. Эринг қачон овқатланишга ўрганган бўлса, ўша пайтда овқатингни таёрлаган.
- Уйқу вақтини, уйғониш пайтини яхши билиб ол! Яъни унинг қачон уйқуга ётиш пайти бўлса, ўрнини таёрлаб қўй. Зеро уйқусизлик хафақон этади. Асаблари бузуқ, хафақон одамларнинг эҳтироси муҳаббатини секин-секин сўндиради.
- Хожангни моли ва ашёсига жуда эътиборли бўл! Яъни ҳожангнинг мол-дунёсини яхши сақла, ашёларини авайла, муҳофаза қилгин. Чунки унинг мол-дунёси сеникидир.
- Эрингнинг қариндоши ва яқинларига ҳурмат кўрсат! Яъни хожангнинг қариндошлари ва яқинларига ҳурмат, хожангнинг эътиборини қозонмоқ демакдур.
- Эрингни сирини бошқаларга айтма! Агар айтиб қўйсанг унинг ғазабини келтириб қўясан, ишончини йўқотасан. Бунда тузаётган оилангиз бузилади.
- Эрингни динга тўғри келадиган барча буйруқларини адо қил! Ҳечқачон унга нисбатан итоатсиз бир ҳаракат бўлмасин. Агар шундай бир ҳаракат бўлса, сенга гина сақлаб охири душман бўлади. У сенга душманлик йўлини тутса, сен кўп зарар кўрасан ва қўлингдан ҳеч нарса келмайди.
Фарзандим шуни яхши билгинки, бу ўгитларимни ўрнига қўйиб бажариб, керагичалик амал қилиб, ўзингнинг шахсий истак ва орзуларинга эришишинг учун эринг ҳам ўз истакларига эришиши керакдир. Эринг – хожангнинг истакларини ўзингнинг орзу истакларинг деб билсанг, у ҳолда бу ўгитларимга амал қилган бўласан.
Бобур қори Икромов
“Ислом ота” жоме масжиди имом-ноиби