ДИННИНГ ЯРМИ…
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Иймон икки қисмдир: ярми сабрда, ярми эса шукрда”, деб марҳамат қилганлар (Байҳақий ривояти, “Шўъабул-иймон, VII, 127).
Сабр – барча шароитларда мувозанатни сақлаш, бошга тушган мусибатларга шикоят қилмасдан, бардош бериш, нафсни қуллик вазифаларини адо қилиш ва ҳаромлардан сақланишга мажбур қилишдир.
Шукр эса, Аллоҳ таолонинг беадад лутф ва эҳсонларига нисбатан Унга бўлган миннатдорлик ифодаси бўлган барча қуллик тазоҳурот (кўриниш)лари билан Унга йўналишдир.
Абдуллоҳ Ансорий Исломда шукрнинг аҳамиятини қуйидагича баён қиладилар:
“Шукр – неъматни билишнинг номидир. Зеро, шукр неъматни берганни билишга олиб боради. Шунинг учун Қуръони каримда Ислом ва иймонга шукр номи берилган”.
Неъматларнинг ҳақиқий эгаси Аллоҳ эканлигини билиш бўлган шукрнинг зидди куфр – барча неъматларнинг Аллоҳдан эканлиги ҳақиқатини яширишдир. Яъни, шукрони неъматнинг зидди куфрони неъмат бўлиб, у абадий хусрон – зарарга олиб боради.
Аллоҳ таоло ва Иблис орасидаги мулоқотни баён қилган оятлар ҳам шукрнинг динимизда нақадар аҳамиятли ўрни борлигини кўрсатади:
Иблис Аллоҳнинг амрига осий бўлиб, илоҳий даргоҳдан қувилгандан кейин Аллоҳдан муҳлат сўради. Унга: дунёда инсонларга бериладиган имтиҳон, синовлар хикмати ўлароқ қиёматгача муҳлат берилди. Шунда Иблис Аллоҳ таолога шундай деди:
“…Мени иғвога учирганинг сабабли, албатта, мен уларни Тўғри йўлингда тўсиб ўтираман». Аъроф сураси, 16-оят.
Муфассирлар мазкур оятдаги “Сироти мустақим – Тўғри йўл”дан мақсад “шукр йўли” эканлигини баён қилганлар. Кейинги оятда яна шайтон ўзининг йўлдан уриши ва иғволарининг натижасини Аллоҳга шундай баён қилади:
“… Ва уларнинг кўпларини шукр қилувчи ҳолда топмассан…». Аъроф сураси, 17-оят.
Шайтоннинг инсонни йўлдан уриб, олиб борадиган сўнгги натижа иймонсизлик, яъни, куфрдир. Демак, доим Аллоҳга шукр қилувчи ҳолда бўлиш, барча неъматлар Унинг лутфи ва эҳсони эканлигини эътироф қилиш, бу неъматларнинг қадрини билиб, уларни яхшиликка ишлатиш Аллоҳни рози қилиб, шайтонни ғазаблантирадиган бандалик амалларининг кўринишидир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиб, икки оёқлари шишиб кетарди, йиғлашдан кийимлари ва сажжодалари ҳўл бўларди. У зотга: “Сизнинг аввалгию охирги гуноҳингиз мағфират қилган бўлса ҳам шунчалик такаллуф қиласизми?”, деб сўраганларга:
“Шукр қилувчи банда бўлмайинми?”, дер эдилар. Термизий ривояти.
Шукрнинг ниҳояси йўқ. Аллоҳнинг суюкли бандалари бўлган пайғамбарлар ва Унинг дўстлари ҳам тубига етиб бориб бўлмайдиган даражадаги юксак бандалик фазилатларига эга эканликларига қарамай, доим ҳаққи билан шукр қилаолмаганлари хавотири билан яшаганлар.
Олимжон Мазамов