Мақолалар

Ибодатнинг улуғи,  бу фарзанд тарбиясидир

Ахлоқ-маънавиятнинг ўзаги

    Одоб масаласида инсоният тарихида тўлақонли равишда ислом бошлаган, десак муболаға бўлмайди. Исломда кишининг ҳаётидаги ҳар-бир нарсани ўз одоби бор. Дунёдаги одобга бағишланган муаллафотларнинг асосини ва кўпчилигини ислом халқлари вакиллари томонидан ёзилаётган асарлар ташкил этади.

      Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) нинг ҳадиси шарифларини жамловчи китобларимизнинг ҳар бирида “Китоб ал-Адаб” номли ички китоблар бор. Уларда одобга оид ҳадиси шарифлар келтирилади. Бундан ташқари муҳаддисларимиз одобга бағишланган алоҳида китоблар ҳам таълиф қилганлар.

       Имом Бухорий (р.а) ўзларининг шох асарлари “Жомиъ ас-Сахих” да китоб ал-адабга ўрин берганларига қарамай бу масалани ўта аҳамиятли билганлари учун ҳам алоҳида китоб қилишга ўтганлар. Бунга мисол қилиб буюк ватандошимиз, мўъминларнинг ҳадис бўйича амири Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий (р.а) нинг “Ал-адаб ал-Муфрад” китобини келтириш мумкин. У киши “Ал-адаб ал-Муфрад” китобида турли одобларга оид 1322 та ҳадиси шарифни 644 бобда келтирганлар.

       Бизнинг тилимизда “Одоб” тарзида талаффуз қилинишига одатланиб қолинган. Арабча “Адаб” сўзи аслида “Маъдаба” ўзагидан олингандир. Маъдаба эса одамларни даъват қилинган зиёфатни англатади. Одоб ҳам одамларни доимо даъват қилинадиган маънавий “Маъдаба” – зиёфат бўлгани учун шу номни олган.

       Абу Муҳаммад ўзларининг “Китоб ал-Воъий” номли асарида: “одоб одамларни мақталган нарсаларга чақиргани учун одоб деб номланган” дейдилар.

       Абу Зайд (р.а) “Одоб фазилатларидан бирига элтувчи яхши уринишга ишлатиладиган исмдир” деганлар.

        Одобнинг таърифида қуйидагича ўхшаш гаплар ҳам келган: “Мақтовга сазовор сўз ва амални истеъмол қилиш одобдир”. “Карамли ахлоқларни ушлаш одобдир”. “Ўзингдан каттани улуғлаб, ўзингдан кичикка меҳр кўрсатишинг одобдир”. Бу ва бунга ўхшаш таърифлар барчаси тўпланганда исломда кўзланган “одоб” таърифи юзага келади.

         Ҳозирги кунда ғарб маданиятига тобеълик таъсирида “одоб”ни маданият дейиш ҳам жорий бўлган. Мисол учун “овқатланиш одоби” дейиш ўрнига  “овқатланиш маданияти” дейилади.

          Биз болага одоб ўргатамиз. “Қани, амакинга бир салом бергин” , деймиз.

  Одоб маънавиятимизнинг либосидир. Нотаниш одам биринчи бўлиб, қадди-қомати, ҳусни, кийиниши ва одоби билан диққатимизни тортади.

          Инсонни таниш одобдан бошланса, у билан мулоқат давомида ахлоқий хислатларини билиб борасиз. Ваъдага вафо қиладими, дўстга садоқати қандай, ҳикмати ва саховати, журъати ва шижоати, ўктамлиги ва орияти барча ахлоқий фазилатлари бирма-бир кўз олдингизда намоён бўлиб боради. Бу фазилатлар замирида эса яхлит шахс маънавияти нурланади.

Маънавият –Илм ва амал бирлиги бўлса, ахлоқ бевосита ҳар бир шахснинг ўзгаларга нисбатан маънавий муносабатини англатади. Ахлоқ маънавиятнинг амалидир. У аввало инсоф ва адолат туйғуси, имон ва ҳалоллик каби амалий маънавиятнинг ўзак тушунчалари билан боғлиқ.

         Шу сабабдан инсонни англаб етиш одобдан ахлоққа, ахлоқдан маънавиятга қараб теранлашиб боради.

        Ҳар ким илм- ҳикматни ўрганаман деса, уни ёшлигидан бошласин, саломатлиги яхши бўлсин, яхши ахлоқ ва одобли бўлсин, сўзининг устидан чиқсин, ёмон ишлардан сақланадиган бўлсин, хиёнат, макр-ҳийладан узоқ бўлсин.

         Инсонларни ҳамиша юксак ахлоқ ва чинакам яхши фазилатлар руҳида тарбиялаш ҳозирги кунимизда ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Аллоҳга шукурки, истиқлол туфайли миллий қадриятларимиз, динимиз тикланди.

        Бу эса ҳар биримиздан, айниқса, ёшлар ўртасида тарбиявий ишларни такомиллаштиришни, уларнинг дунёвий ҳам диний илмларини чуқурлаштиришни, террорчиликка ва диний экстремизимга қарши хушёрликни оширишни тақозо этмоқда.

        Дунёнинг кўпчилик давлатлари, хусусан, ривожланган мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, дин дунёвий давлат тузуми билан нафақат муроса қилиши, балки умуммиллий юксалиш йўлида у билан самарали ҳамкорлик қилиши мумкиндир.       

    Тарбия кўп қиррали, ақл-идрок, сабр тоқат билан бўлади. У фақатгина “одобли бўл, яхши ўқи” деб гапириб қўйишнигина эмас, ёки дўқ қилиб уриш эмас, луқмаи ҳалол билан боқиш ҳамдир. Сўз билан меҳрни бир қилиб ибрат кўрсатиб, ривояту ҳиқоятлар, Аллоҳнинг каломларини ўқиш билан тарбия бериш лозимдир. Меҳр,  шафқат, эътибор кучли бўлгандагина тарбия юқади.Қуръони Каримда фарзанд тарбияси ота-она учун фарз этилган. “Эй иймонга келган мўмин бандаларим, –дейди Аллоҳ,-эй  қалбида заррача бўлса ҳам иймони борлар, ўзингизни, бола чақангизни ўтинлари тошдану одамлардан иборат бўлган дўзах азобидан, унинг ўтидан сақланг”. Эътибор беринг, бу оятда Аллоҳ аввал ўзингизни тарбияланг, сўнг бола чақангизни тарбия қилинг деяпди. Ўзида йўқ тарбия, ўзида йўқ яхшилик, ҳаё, оқибат, покликни у қандай қилиб фарзандига етказсин? Ўзи фарзанд тарбиялаётган, ўстираётган бўлса-ю, ҳали ҳаёт бўлган ота-онасидан хабар олмаса, ким унга эргашади. Унинг сўзларига ким қулоқ солади. Мана шуларнинг ҳаммасини ота-она ўргатиши керак бўлади. Бу- уларнинг зиммасидаги фарз.

     Жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) “Отанинг болага берадиган энг катта, тенги йўқ, баҳоси йўқ нарсаси, бу ҳусни одобдир” деб таълим берадилар.

      Сарвари олам марҳамат қилиб айтадилар: “Болаларингизга ҳар куни одоб ўргатингиз.- Бу ерда одоб деганда, кўп сифатлар назарда тутилади: одамийлик, ҳаё, меҳр-мурувват…- Болангизга одоб ўргатишингиз ҳар куни хурмо ёки майиз ё буғдой садақа қилганингиздан афзалдир”. Тарбиянинг савоби аҳамияти шунчалар улуғ.

       Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в): “Болаларингизни ҳурмат қилинг, меҳрли, оқибатли бўлинг. Қиздир, ўғилдир, болаларингизга меҳр-шафқат кўрсатишингиз ибодат бўлади”, деб таълим берадилар. Баъзи оталар боласини ярамас, қабиҳ сўзлар билан хақоратлайди. Бундай қилманг, болани ўзингизга бемеҳр қилиб қўясиз, бундай тарбиядан маъно йўқ. Сиздан қўрқса, қалбидан меҳр қочади. Сизда ҳозир куч бор, “дада-дада” деб турибди. Куч-қувватингиз кетиб, қариганингиздан кейин сизни бир пулга олмай қўяди. Яна бир хил оталар бор, ўғлига қўл кўтариб, ўртоқлари олдида уриб, таҳқирлаб юборади. Бу тарбия эмас, бу тарбия кўрмаган одамнинг иши.

      Сарвари олам марҳамат қилиб айтадиларки:

 Жаннатда хурсандчилик деган эшик бор. Бу дарвозадан Болаларини яхши кўриб, доимо кулдириб, таълим-тарбия бериб, болаларига меҳр қўйиб боққан оталар кираркан.

Ибодатнинг улуғи, дарҳақиқат бу фарзанд тарбиясидир.

 

Жасурбек Раупов
“Ислом ота” жоме масжид имом хатиби

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг