Мақолалар
ҚАЛБНИНГ ТАСКИНИ УЧУН ТАВСИЯЛАР
Қалбни оғритадиган сўзларни эшитмаслик учун тавсия қилинган 10 та амал:
Ўн нарсани қилмагил–ки, ўн нарсани эшитасан:
- Сенга дахли йўқ нарсага аралашма! Шунда ўзинг учун нохуш сўзлар эшитмайсан.
- Жаҳл устида сўзламагил, шунда ғазабингни зиёда қилувчи нарсани эшитмайсан.
- Мағрур кимсани кўкка кўтариб мақтама, шунда у сени баттар таҳқирлаганини эшитмайсан.
- Сен учун жон куйдирмайдиган кимсага асло шикоят қилма, акс ҳолда, дардингни зиёда қилувчи сўзларни эшитасан.
- Жоҳилга ғазабингни билдирма, акс ҳолда баттарроқ жаҳлингни чиқарадиган нарсани эшитасан.
- Сени хор кўрадиган кимсага насиҳат қилма, йўқса сени менсимаслигини билдирадиган сўзларни эшитасан.
- Ўз тушунчасига алданган мафтунга ваъз қилма, акс ҳолда сенинг фикрингни таҳқирловчи нарсани эшитасан.
- Икки жанжаллашганларга уларнинг жаҳлини чиқазувчи сўзларни сўзлама, акс ҳолда, сени уларнинг учинчисига айлантирувчи сўзни эшитасан.
- Хотининг жаҳл отига миниб турганда, унга қилган яхшиликларингни эслатма, акс ҳолда, яхшиликларингни барчасини инкор қилувчи сўзни эшитасан.
- Жоҳил, оқпадар ўғлингга оталигингни пешлаб гапирмагин, акс ҳолда ундан “Шояд буни дунёга келтирмасам” орзусини қилдирувчи сўзни эшитасан.
www.islomota.uz