УЛКАН ОМОНАТ
Иброҳим ибн Абу Абила айтади:
«Бир куни халифа Ҳишом ибн Абдулмалик менга шундай деди: «Эй Иброҳим, биз сизни ёшлигингиздан таниймиз, катта бўлганингизда ҳам сизни синаб кўрдик, сийратингизу аҳволингиз бизга маъқул бўлди. Мен сизни ўзимга хос одам қилиб олиб, ишимга шерик қилишни ўйладим. Сизни Миср ерларининг хирожини йиғишга тайинладим, нима дейсиз?» Мен унга: «Эй мўминларнинг амири, мен ҳақимдаги фикрингиз учун Аллоҳнинг Ўзи сизга мукофот беради. Унинг Ўзи мукофот беришга кифоя қилади. Миср ерлари хирожини йиғишга келсак, бу нарса ҳақида менинг етарли билимим йўқ», деб вазифани қабул қилиб олишдан бош тортдим. Халифа ғазабланиб, юзи қизарди. Унинг кўзидан гапларим ёқмаганлиги шундоқ билиниб турарди. Кейин қўпол оҳангда: «Ё бизга итоат қилиб волий бўласан, ё мажбуран волий бўласан», деди. Мен унинг юзидаги ғазаб босилмагунча ва кўриниши ўзгармагунча индамай ўтирдим. Бир оз вақт ўтиб, ғазаби босилгач, гапиришга ижозат сўрадим. У рухсат бергач, шундай дедим: «Аллоҳ таоло Ўз Китобида шундай деган: «Биз бу омонатни (чин бандалик омонатини) осмонларга, ерга ва тоғларга таклиф этдик, аммо улар уни кўтаришдан бош тортдилар» (Аҳзоб сураси, 72-оят). Аллоҳга қасамки, эй мўминларнинг амири, улар бош тортганда Аллоҳ ғазабланмади, хоҳламаганларида уларни ёмон кўрмади. Шундай экан, бош тортганим учун менга ғазаб қилишга ҳақли эмассиз. Ўзим (бу таклифни қабул қилишни) хоҳламасам, мени мажбур қилманг». Халифа бу гапимни эшитиб, кулиб юборди, ҳатто тишлари кўриниб кетди. Кейин худди бояги гапларни айтмагандек, мулойимлик билан менга қаради-да: «Эй Иброҳим, зукколигингиз билан фиқҳни ишга солиб, қутулиб қолдингиз, тасанно! Биз сизнинг қарорингизни ҳурмат қиламиз!» деди.
Ҳоний ал-Ҳажнинг “Солиҳлар гулшани” китоби асосида
Олимжон Аллоҳқули тайёрлади