Янгиликлар

“Мақомоти Юсуф Ҳамадоний”

Юсуф Ҳамадоний қадим Туркистон маънавиятида ўзига хос дунёқараш, тасаввуф тизимини барпо этган, ривожлантирган олим ва ориф бир зот эди. У киши нафақат хожагон­ нақшбандия тариқатини бошловчи ва такомиллаштирувчи фаоллардан, балки моҳир адиб ҳамдир.

Юсуф Ҳамадоний Хуросон, Онадўли ва Мовароуннаҳрдаги тасаввуф тажрибаларини ўзлаштириб, уларни асарларига сингдирди, шахсий ҳаётига татбиқ этиб, барчанинг ҳурматини қозонди.

Шайх Юсуф Ҳамадонийнинг номи нуфузли тасаввуф китобларида эҳтиром билан тилга олинади. Фаридиддин Аттор “Тазкират ул­ авлиё»да Юсуф Ҳамадонийни машҳур шайхлар қаторида эслаб, унинг Мансур Ҳаллож тарафдорларидан эканини таъкидлайди. Аммо кубравия машойихидан Мажидуддин Бағдодий (ваф. м. 1210 й.) ўзининг “Туҳфат ул­барара» асарида Юсуф Ҳамадоний ҳазратларининг: “Агар Мансур Ҳаллож маърифатни ҳаққи билан билганда, “анал­ҳақ» ўрнига “анат­туроб” (мен тупроқман) деган бўларди» деган сўзларини нақл этади.

Кейинроқ Абдураҳмон Жомий “Нафаҳот ул-унс» тазкирасида Юсуф Ҳамадоний хаёти ҳақида батафсил маълумот берган. Қолган муаллифлар Жомийнинг маълумотларини такрорлаш билан чегараланадилар, холос. Муҳиддин Арабий ва Нажмиддин Розийлар ҳам Юсуф Ҳамадоний шахсиятидан баҳс юритишган. Алишер Навоий “Насойим ул­муҳаббат”да: “Хожа Юсуф Ҳамадоний қаддас Аллоҳу сирраҳул азиз кунияти Абу Яъқубдур” (имом, олим, орифи раббоний, гўзал ҳоллари, кўп эҳсонлари, юксак каромот ва мақомотлари бор эди) деб сифатлайди ва унинг Бағдодга бориб, Абу Исҳоқ Шерозийдан илм ўргангани, илмий доираларда қатнашгани, Бағдод, Исфаҳон ва Самарқанд шаҳарларида ҳадис эшитгани ва тасаввуф йўлига кириб, Абу Али Формадийга мурид бўлгани ҳақида хабар беради.

Юсуф Ҳамадоний зоҳирий илмларни Мавлоно Абу Исҳоқ Шерозий каби устозлардан ўрганган бўлса, тасаввуф илмини Абу Али Формадий, Абдуллоҳ Жувайний ва Ҳасан Симноний сингари орифлардан ўзлаштирган. Замонасининг етук шайхлари Абдулқодир Гилоний (Ғавсул ­аъзам), Шайх Ҳамидуддин Мултоний, ҳужжат ул­-ислом Имом Муҳаммад Ғаззолий билан суҳбат­-мулоқотлар қилган. Эрон, Туркия, Бағдод, Мовароуннаҳр шаҳарларига сафар қилиб, илму ирфон ўрганган ва ўргатган. У ҳам асрдош машойихлар каби илмий­-маърифий йиғинлар, тасаввуфий суҳбатлар уюштирарди. Аммо Юсуф Ҳамадоний ҳампираси Имом Муҳаммад Ғаззолийдан фарқли ўлароқ илмий-маърифий асарлар ёзишдан кўра, одамлар орасида юриб, уларни иршод қилиш, муридлар таълим­-тарбияси билан шуғулланиш йўлини танлади. Одамлар суҳбати ва такясини истаб ошиқардилар. Шу боис унинг хонақоҳи “Хуросон Каъбаси” деб шарафланган.

Эрон олими доктор Муҳаммад Амин Риёҳийнинг таъкидлашича, Хожа Юсуф Ҳамадоний шахсият сифатида Имом Муҳаммад Ғаззолийга ўхшаб кетади. Иккаласи ҳам Абу Али Формадийнинг муридлари экани тасодифий эмас. Тасаввуфни содда ва безаксиз сўзлар шаклидан мадрасавий тариқат шаклидаги шариатга мувофиқ бир мақомга келтирдилар. Ғаззолий асарларининг кўплиги билан шуҳрат қозонган бўлса, Хожа Юсуф Ҳамадоний кўплаб муридлар етиштиргани билан тасаввуфий жиҳатдан олдиндадир.

Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг маълумотига кўра, Юсуф Ҳамадоний умри мобайнида кўп мамлакатларга сафар қилган. Ўттиз бор гоҳ пиёда, гоҳ отда Маккаи мукаррама, Мадинаи муаззама зиёратига борган. Қуръони мажидни ёд олиб, минг мартадан ортиқ хатм қилган. Оятлар таҳлили бўйича икки юздан ортиқ шайх билан
суҳбатлашган. Доимо тоат­ибодат қилар, кўпинча рўза тутар эди. Саккиз минг бутпараст унинг даъвати билан мусулмон бўлган. Қанчадан-­қанча одамлар тавба қилиб, унинг этагини тутган, тасаввуф йўлига кирган. Шайх Юсуф Ҳамадоний шогирди ҳазрат Абдулхолиқ Ғиждувоний тарафидан Хожагон Нақшбандия тариқатига саккиз рашҳанинг киритилишига сезиларли таъсир кўрсатган.

Маълумки, кейинроқ мазкур қоидаларга Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари эса учта қўшиб, нақшбандиянинг яхлит назарий тизим тамойилини шакллантирадилар.
Шайх Ҳамадонийнинг Хожаи жаҳон Абдулхолиқ Ғиждувоний ва Пири Туркистон Хожа Аҳмад Яссавийларни тарбиялаб камолга етказгани, шубҳасиз, унинг тасаввуф йўлидаги энг улуғ хизматларидан биридир. Шу маънода, Юсуф Ҳамадоний яссавия ва хожагон тариқатининг етук маънавий пирларидан ҳисобланади. Шунинг учун Абдулхолиқ Ғиждувоний “Мақомоти Хожа Юсуф Ҳамадоний”да устозини ҳар жиҳатдан комил ва шайхуш­шуюх (шайхлар шайхи) деб таърифлайди. Устозининг насаби, шаклу шамойилидан тортиб, яшаш тарзи, вафоти, муридлар ва одамлар билан муносабати, инсоний фазилатлари ҳақида батафсил маълумот беради. “Мақомот”дан маълум бўладики, шайх Ҳамадоний ўта покиза, тақводор, ҳалол ва диёнатли бўлиб, бошқалардан ҳам шуни талаб қилган.

Ҳақсизлик, мунофиқлик, риёкорлик билан асло келишолмаган. Масалан, “Мақомот”да айтилади: “…Алар (Юсуф Ҳамадоний) ёлғончи, худбин, порахўр, мақтанчоқ, каззобларни, ноҳақ қон тўкувчиларни, золимларни ниҳоятда ёмон кўрардилар. Ҳаромхўр, порахўр, муттаҳам, фосиқларни, обрў орттириш
учун шариатни ниқоб қилувчиларни ва бошқа хил мунофиқларни олдиларига чорлаб, кечирим сўрашга, тавба қилишга мажбур қилардилар. Улар кўнмасалар, шайхимиз дашном бериб, ҳузурларидан қувиб солар ва уларни ўзларига
душман билардилар. Кўпинча ёвғон хўрок истеъмол қилиб, сув билан нонни кам ер эдилар. Ҳеч кимни сўкмас, ҳеч кимга “чўчқа”, “ит”, “гадой”, “итвачча”, “лаънат сенга” қабилидаги ҳақорат сўзларни ишлатмас ва дуои бад қилмас эдилар…”

Хуллас, “Мақомот”ни ўқир экансиз, улуғ фазилатлар соҳиби бўлган етук бир шайхни тасаввур қиласиз. Айни пайтда мазкур рисола ахлоқий ғояларни илгари суриши билан ҳам китобхонни ўз­ ўзини тафтиш қилишга чорлаб туради…

Авҳадуддин Кирмонийнинг ривоят қилишича, Ҳамадоний ҳазратлари ҳаётининг олтмиш йилини иршод ишига бағишлади ва у зот пойдеворини қўйган бино вафотидан кейин асло шикаст топмади. Халифаларидан тўрт нафари: Хожа
Абдуллоҳ Баррақий Хоразмий, Хожа Ҳасан Андоқий Бухорий, Хожа Аҳмад Яссавий, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийлар бирин­кетин муридларнинг тарбияси билан машғул бўлдилар.

Шайх Ҳамадонийнинг “Рутбат ул­ҳаёт” асарини нашрга тайёрлаб, муқаддима ёзган доктор Муҳаммад Амин Риёҳий ва шу рисолани туркчага таржима қилган доктор Наждат Тўсунларнинг фикрига кўра, Шайх Юсуф Ҳамадоний қўйидаги рисолалар муаллифидир:

      1. «Рутбат ул­ҳаёт»;

  1. “Кашф»;
  2. «Рисола дар одоби тариқат;
  3. “Рисола фи аннал­кавна мусаххарун лил­инсон;
  4. “Рисола дар ахлоқ ва муножот».

Мазкур рисолалардан “Кашф” асари бизгача етиб келмаган. Ҳамадоний рисолаларининг ҳажм жиҳатидан ҳам, мазмун жиҳатидан ҳам салмоқ­лиси “Рутбат ул­ҳаёт»дир. Қолганлари кичик ҳажмли асарлардан иборат.

“Рутбат ул­-ҳаёт» рисоласи инсон ҳаётининг фарқли даражалари тўғрисида савол­жавоб тарзида ёзилган. Шайхдан ўндан ортиқ нозик саволлар сўралган ва шайх уларга жавоб берган.

Муаллиф бу асарида саволларга жавоб беришда Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифдан далил келтиради, адабий ташбеҳлар, шоирона ифодалар, фалсафий хулосалардан кенг фойдаланади. Махлуқот ичида инсоннинг энг улуғ хилқат эканини таъкидлаб, ундаги “ҳайвонийлик» ва “инсонийлик» сифатларига, белги ва хусусиятларига тўхталади. Дастлабки шарт сифатида нафсни жиловлашга, у билан мужоҳада этишга ундайди. Ҳалол ва ҳаром, моддийлик ва руҳият, дунё ва охират, тубанлик ва юксаклик каби тушунчаларни атрофлича таҳлил қилиб, сабаб ва оқибатларига тўхталади. Инсон ҳаётини уч босқичга: имон билан яшаш, ислом билан яшаш, эҳсон билан яшашга ажратиб, ҳар бир босқичнинг асоси ва даражасини кўрсатиб беради. Эҳсон билан яшаш энг юқори мартаба эканини алоҳида таъкидлайди. Шунингдек, зикр ва фикр, руҳ ва бадан, сир, қалб ва жон атамалари орасидаги фарқлар ва нозик жиҳатлар кенг шарҳланган. Фарқли саволлар ва ранг­баранг мавзулар бир бутун ҳолда ўқувчининг мушоҳадаси ва маърифатини оширади. Фавқулодда ишқий кечинмалар, завқу холлар сўзга айланиб, китобхоннинг ҳис ва туйғуларига таъсир этади.

Бир сўз билан айтганда, китоб ўзликни англаш, ахлоқни, ботинни тузатиш, қалб имкониятларига йўл очиш, маърифат сирридан воқиф бўлиб, сайру сулукни камолга етказиш каби масалалардан баҳс юритади. Инсонни Ҳақнинг суюкли бандаларидан бўлишга даъват этади…

Юсуф Ҳамадоний форс тилида асар битган илк мутасаввифлардандир. Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, “Рутбат ул­-ҳаёт” рисоласи тил, услуб
ва адабий­-бадиий жиҳатдан ҳам ўзига хос ва юксак савияда ёзилган. Бу асарни шакл ва мазмун жиҳатидан тадқиқ этиш ва унга муносиб баҳо бериш алоҳида текширишни тақозо этади.

 Шайх Юсуф Ҳамадонийнинг «Одоби тариқат» рисоласини форс тилидан, «Инсон ва коинот ҳақида рисола»сини араб тилидан таржима қилдик. Ҳар иккала рисола тасаввуфнинг муҳим масалаларига бағишланган. «Тариқат одоби»да сулук йўлига кирган ҳар бир муриднинг қалб поклиги, нафс тарбияси, зикр вазифалари, шайхи билан муносабати ва ҳоказо мавзулар мухтасар ва асосли баён этилган, «Инсон ва коинот ҳақида рисола»10 да муаллиф инсоннинг мулку борлиққа бўлган муносабати, махлуқот орасида тутган юксак ўрни, ҳар бир инсоннинг коинотдаги зарурий ашёлардан истифода этиши ва унумли фойдаланиш даражалари ҳамда йўлларини кўрсатиб беради. Хуллас, рисолада инсоннинг комилликка интилиш йўлидаги ҳаракатлари билан бирга, онатабиатдан оқилона фойдаланиш ва экологияни тоза тутиш масаллари ҳам ўрин олган.

Муаллифнинг фикрича, ҳар бир инсон коинотга меъёри билан, тўғри муносабатда бўлса, коинот ҳам инсонга фойдали муносабатда бўлиб, унга хизмат қилади. Биз табиатга: сув, тупроқ, ҳаво қатламларига ва бошқа ҳаётий заруратларга эҳтиёж юзасидан муомала кўрсатсак, ҳаётимиз, яшашимиз ҳам шунга яраша хотиржамлик ва фаровонликда давом этади. Юсуф Ҳамадонийнинг ушбу рисоласидан шу нарса маълум бўладики, ўз даврида машойихларимиз ҳам, ҳозирги тил билан айтганда, экология масалаларига, табиат ва уни авайлаб-­асрашга катта аҳамият берганлар.

Шуни таъкидлаш керакки, Юсуф Ҳамадонийнинг асар ёзганини ҳамма ҳам билавермайди. Ўзбек китобхонлари ушбу китоб воситасида улуғ мутасаввифнинг ҳаёт ва ижоди билан чуқурроқ танишишга муяссар бўладилар.
Хожа Юсуф Ҳамадоний асарларини таржима қилишимизда бизга яқиндан ёрдам берган, рисолаларнинг асл матни нусхаларини бизга жўнатган ҳамда ўзи нашр эттирган китобни қиёслаш учун лутфан тақдим этган накшбандияшунос олим, доктор Наждат Тўсунга самимий миннатдорчилигимизни изҳор этамиз.
Маълумки, бу йил Абдулхолиқ Ғиждувоний таваллудига 915 йил тўлади. Шу боис муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев фармойиши билан юртимизда бир қатор тадбир ва анжуманлар ўтказилиши режалаштирилган. Биз ҳам бу анжуманга тўёна сифатида Абдулхолиқ Ғиждувонийга устоз бўлган Шайх Юсуф Ҳамадонийнинг ушбу рисолаларини форсий ва арабийдан таржима қилдик.

Китобхонларимизнинг турли қатламларини ҳисобга олиб ҳамда асарнинг илмий – оммабоплигини ошириш мақсадида, асл нусха – қўлёзмаларни ҳам илова қилдик. Халқимизнинг бу асарлардан маънавий завқ олишларини тилаб қоламиз. Илоҳо, юртимиз обод, улуғларимизнинг руҳи шод бўлсин!

Сайфиддин Сайфуллоҳ,
Нодирхон Ҳасан,
филология фанлари номзодлари

 

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган

Муаллиф: Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний

Таржимонлар: Сайфиддин Сайфуллоҳ, Нодирхон Ҳасан

Нашриёт дўконидаги нархи: 13000 сўм

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг