ҚЎШНИЛАРНИНГ ОҚИБАТИ
Муслим ибн Саъднинг жияни (синглисининг ўғли) Абдуллоҳ айтади:
«Ҳаж қилишни ният қилдим. Муслим тоғам менга ўн минг дирҳам пул бериб, «Мадинага борсанг, у ердаги энг фақир оилани топиб, мана шу пулни бергин», деди.
Мадинага келгач, энг фақир оилани қидирдим. Одамлар бир уйни кўрсатишди. Ўша уйга бориб, эшигини тақиллатдим. Ичкаридан бир аёл: «Ким?» деди. Мен: «Мен Бағдоддан келдим. Менга ўн минг дирҳам омонат бериб юборишган. Бу пулларни Мадинанинг энг фақир оиласига бериб қўйишим керак. Энг фақир оила деб сизларни кўрсатишди. Шунинг учун мана шу пулларни олсангиз», дедим. У аёл: «Аллоҳнинг бандаси, пулни бериб юборган одам «Энг фақир оилага» деган шарт билан берибди. Анави бизнинг рўпарамиздагилар биздан ҳам фақирроқ», деди.
Рўпарадаги уйнинг эшигини тақиллатдим. Ичкаридан бир аёл кимлигимни сўради. Биринчи аёлга айтган гапларни унга ҳам айтдим. У аёл: «Эй Аллоҳнинг бандаси, фақирликда қўшнимиз билан баробармиз, пулни ўртамизда тақсимлаб бера қол», деди.
Ҳоний ал-Ҳажнинг “Солиҳлар гулшани” китобидан