КЕЧИР ГУНОҲИМ
Сени деб чиқса гар, розиман бу жон,
Мен учун ҳар амринг – илоҳий фармон.
Гуноҳим бисёрдир, ўсмоқда ҳамон,
Бўйлашса етгайдир ердан то осмон.
Муҳаббат дарёсин сипқорган замон,
Ашкимдан хижолат қолгайдир уммон.
Ё Рабб, Ўзинг қўлла, ранг-рўйим сомон,
Жон чиқар вақтинда олмасин шайтон.
Умидим ҳар лаҳза Ислом ва иймон,
Асло тарк этмасин қалбимни виждон.
Сени кўрмоқ дармон, кўрмаслик армон,
Аросат йўлинда қолмайин ҳайрон.
Гуноҳга ботганман, ожиз-нотавон,
Бир назар солмасанг, қалбим зимистон.
Малакдин аълодир ҳазрати Инсон,
Амалсиз қалб – зиндон, гувоҳдир Қуръон.
Ғафлатли вужудда жўш урар исён,
Нафсга қул бўлганнинг охири туғён.
Ҳижрон саҳросинда тополмай имкон,
Дийдоринг қўмсаган кўзларим гирён.
Ғафурсан, Раҳимсан, Азизсан, Ҳаннон,
Аҳадсан, Сомадсан, Қодирсан, Маннон.
Йўқни бор, борни йўқ қилгувчи Субҳон,
Ҳаётда, неки бор, билгувчи Яздон.
Эркин ҚУДРАТОВ,
Мир Араб ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси