МақолаларРамазон 2018

ТАРОВИҲ НАМОЗИ РАКЪАТИНИНГ АДАДИ

Рамазонда бедор бўлиб ўқиладиган намоз «таровеҳ» деб номланиши ҳаммага маълум. Таровеҳ сўзи роҳат-истироҳат деган маънони англатади. Чунки мазкур намоз истироҳат ҳисобланади, ҳар тўрт ракъатни ўқиб бўлгандан сўнг истироҳат олинади. 

Макка аҳли ўша пайтларда ҳар тўрт ракъат таровеҳ намозидан кейин Байтуллоҳни тавоф қилар эканлар. 

عَنْ أَبِي سَلَمَةَ بْنِ عَبْدِ الرَّحْمَنِ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّهُ سَأَلَ عَائِشَةَ: كَيْفَ كَانَتْ صَلَاةُ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي رَمَضَانَ؟ فَقَالَتْ: مَا كَانَ يَزِيدُ فِي رَمَضَانَ وَلَا فِي غَيْرِهِ عَلَى إِحْدَى عَشْرَةَ رَكْعَةً، يُصَلِّي أَرْبَعًا فَلَا تَسَلْ عَنْ حُسْنِهِنَّ وَطُولِهِنَّ، ثُمَّ يُصَلِّي أَرْبَعًا فَلَا تَسَلْ عَنْ حُسْنِهِنَّ وَطُولِهِنَّ، ثُمَّ يُصَلِّي ثَلَاثًا، فَقُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، أَتَنَامُ قَبْلَ أَنْ تُوتِرَ؟ قَالَ: يَا عَائِشَةُ، إِنَّ عَيْنَيَّ تَنَامَانِ وَلَا يَنَامُ قَلْبِي. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ 

Абу Салама ибн Абдурраҳмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У киши Оишадан: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Рамазондаги намози қандай эди?» деб сўраган экан. 

Шунда у киши: 

«Рамазонда ҳам, ундан бошқа вақтда ҳам ўн бир ракъатдан зиёда қилмас эдилар. Тўрт ракъат намоз ўқир эдилар. Уларнинг ҳусни ва узунлигини асти сўрама. Сўнгра яна тўрт ракъат ўқир эдилар. Уларнинг ҳам ҳусни ва узунлигини асти сўрама. Кейин эса уч ракъат ўқир эдилар. Мен: 

«Эй Аллоҳнинг Расули, витрни ўқишингиздан олдин ухлайсизми?» дедим. У зот:

«Эй Оиша, албатта, менинг кўзларим ухлайди, аммо қалбим ухламайди», дедилар», деди». 

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Оиша онамизнинг ривоят қилишларича, Пайғамбар алайҳиссалом Рамазонда ҳам, Рамазондан бошқа вақтларда ҳам кечаси намоз ўқиганларида ўн бир ракъат ўқиганлар. Тунги намозларни ниҳоятда чиройли ва узун қилиб ўқиганлар. Бу ҳақда «Ҳадис ва Ҳаёт» силсиласининг аввалги жузларида келтирилган бир нечта ҳадисларда ва уларнинг шарҳларида баён этилган. 

Бу ҳадисда ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг кечаси ўқийдиган намозлари неча ракъатли бўлганлиги ҳақида Оиша онамиз ўзлари билган нарсани айтмоқдалар. Бу эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн бир ракъатдан бошқа намоз ўқимаган эканлар, деган фикрга олиб бормаслиги керак.

Эътибор берадиган бўлсак, бу ерда таровеҳ намози ҳақида эмас, таҳажжуд намози ҳақида сўз бормоқда. Чунки таровеҳ намози Рамазондан бошқа пайтда ўқилмайди. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо эса:

«Рамазонда ҳам, ундан бошқа вақтда ҳам ўн бир ракъатдан зиёда қилмас эдилар», деб марҳамат қилмоқдалар. Чунки у зот Оиша онамизнинг ҳужраларида таҳажжуд намозини айнан шу тарзда ўқиганлар. 

Таровеҳ намозининг ракъатлари адади қанча, деганда мазҳаб имомлари ҳам шароитларидан келиб чиқиб, ўзларига етиб келган ривоятларнинг кучига қараб, турлича ададларни олганлар. 

Мисол учун, Шофъеий мазҳабида саккиз ракъат олинган бўлса, Ҳанафий мазҳабида йигирма ракъат олинган. Демак, таровеҳ намози ракъатлари адади ҳақидаги ривоятлар ихтилофли эмас, турлиликни ифода этгандир. 

Бошқа масалалар ҳам худди шунга ўхшайди. Уларда хилоф йўқ, турлилик бор. Фуқаҳолар эса ана шу турли нарсалар ичида қай бири афзаллиги ҳақида баҳс юритганлар. 

عَنْ يَزِيدَ بْنِ رُومَانَ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: كَانَ النَّاسُ يَقُومُونَ فِي زَمَنِ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ فِي رَمَضَانَ بِثَلَاثٍ وَعِشْرِينَ رَكْعَةً 

Язийд ибн Румон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Умар ибн Хаттобнинг замонида Рамазонда одамлар йигирма уч ракъат ила қоим бўлар эдилар».

Шарҳ: Мазкур йигирма уч ракъатнинг йигирма ракъати таровеҳ, уч ракъати витр намози бўлган. Баъзи бир ривоятларда ўн бир ва ўн уч ракъат ҳам дейилган. Лекин йигирма уч ракъат ўқилиши маълум ва машҳурдир. 

Баъзи уламоларимиз «Аввалига оздан бошлашган, кейин бориб-бориб йигирма учда тўхташган ва шу одат бўлиб қолган. Мусулмонлар жумҳури шуни қабул қилган», дейишади.

Шофеъий мазҳабида саккиз ракъат ҳақида сўз юритилган бўлса ҳам, амал қилишда йигирма ракъат қабул қилинган. Шунинг учун ҳам барча мусулмонлар қадимдан таровеҳ намозини масжидларда жамоат билан йигирма ракъатдан ўқишга одатланганлар. 

 

 

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг