Мақолалар

УМРИНГИЗНИ ҒАНИМАТ БИЛИНГ!

Гоҳида кунларимиз жуда тез ўтиб кетаётгандек туюлади, ҳеч нарсага улгуролмай қолганимиздан ажабланамиз. Ҳатто, ҳафталар, ойлар, йиллар оқар сувдек ўтиб кетаверади. Бу ҳол вақтимиздан барака кўтарилганига ишора эмасмикин?

Халқимизда бир мақол бор: “Бекор тургунча бекор ишла”. Бу мақол бизларга “барака учун ишла” деяётгандек гўё. Умримизда бараканинг йўқлигига аждодларимизнинг бир йилда ёзган китобларини ўн йилда ҳам ўқиб тугата олмаётганимиз далолат қилмаяптими?

Халқига, ватанига ва динига манфаат келтираман деган киши аввало барака топиш учун ҳаракат қилмоғи лозим. Бу ҳаракат эса икки иш – бўш вақтнинг қадрига етиб, ундан унумли фойдаланиш ҳамда дунёю охират учун манфаати тегмайдиган ишлардан тийилиш билан юзага чиқади.

Қолаверса, Расулимиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Аллоҳим, умматимнинг тонгига барака бергин”, деган дуолари ҳам бор. Шубҳасиз, у зотнинг дуолари мақбулдир. Эрта тонгда қилинган ишларда барака топганимиз ҳам шу дуонинг шарофатидир.

Ҳасан Басрий роҳматуллоҳи алайҳнинг айтган қуйидаги сўзлари нақадар ҳақиқат: “Бир нидо келади: “Эй, одам боласи! Мен янги кунман, мен сенинг бу кунда қиладиган ишларингга гувоҳман. Бас, мендан дунё ва охиратинг учун фойдаланиб қол. Чунки мен ўтиб кетганимдан кейин қиёмат кунигача қайтиб келмайман”.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Мен ҳеч нарсага қуёш ботиб, куним ўтиб, умрим қисқариб, шу кундан унумли фойдаланиб қолмаганим учун чеккан надоматчалик надомат қилмаганман”, дейдилар.

Умрингизни ғанимат билинг!

Олимжон АЛЛОҲҚУЛИ

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг