МУҲАММАД АЙЮБ ДОМЛА ҲОМИДОВ ШАЙХ ЗАЙД ХАЛҚАРО ТИНЧЛИК КОНФЕРЕНЦИЯСИДА СЎЗГА ЧИҚДИЛАР
«Сунний маданият маркази»нинг 40 йиллигига бағишланган байрам тадбирлари доирасида ўтказилаётган Шайх Зайд халқаро тинчлик конференциясида юртимиз вакилларига ҳам сўз берилди.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг пешқадам шогирдларидан бири, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом олий маъҳадининг собиқ мудири Муҳаммад Айюбхон Ҳамидуллоҳ сўзга чиқиб, ҳамду сано ва салавотлардан сўнг барча мезбонларга, анжуман ташкилотчиларига ташаккур айтиб, бугунги тадбирнинг шиори бутун Ислом умматининг, Ислом динининг шиори эканини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
«Бугун қирқ йиллиги нишонланаётган ушбу илм-маърифат даргоҳи билан бизни илк бор устозимиз, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари таништирган эдилар, – дедилар Муҳаммад Айюбхон домла. – Шайх ҳазратларининг Исломий сунний маданият маркази раиси шайх Абу Бакр Аҳмад ҳазратлари билан дўстона муносабатлари, илмий ҳамкорликларининг узвий давоми ўлароқ, бугун биз – устозимизнинг фарзанди аржумандлари ҳамда бир гуруҳ шогирдлари Ҳиндистон юртида, ушбу байрам тантаналарида меҳмон бўлиб турибмиз.
Ушбу анжуманнинг мавзуси бугунги куннинг энг долзарб масаласига – тинчлик масаласига бағишлангани рамзий маъно касб этади. Зеро, ҳозирги кунда дунёда тинчлик, хотиржамлик, хавфсизлик, саломатлик неъмати ҳар қачонгидан ҳам долзарб масала бўлиб турибди.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда «Эй иймон келтирганлар! Исломга – тинчликка, саломатликка, офиятга тўлиқ киринглар» деб марҳамат қилиб, Исломнинг тинчлик-хотиржамлик, осойишталик дини эканини эълон қилган. Яна бир оятда эса инсониятга Исломни етказиш учун юборилган пайғамбар алайҳимуссаломларга энг буюк нарсани – Саломни ато этганини маълум қилиб, «мурсалларга салом бўлсин» деган.
Биз – дунёнинг турли чеккасидан келган мўмин-мусулмонлар бугун ана шу илоҳий кўрсатмага риоя қилган ҳолда ушбу анжуманга ҳозир бўлганмиз. Аллоҳ таоло барча мўмин-мусулмонларга, бутун инсониятга офият, саломатлик ато этсин, дунёда тинчлик-хотиржамликни бардавом айласин!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир ҳадислари билан сўзимни ниҳояламоқчиман. У зот шундай дедилар: «Ҳақиқий мусулмон – тилидан ҳам, қўлидан ҳам одамлар саломат бўлган кишидир». Демак, тинчлик, хотиржамлик мусулмоннинг шиори, ҳаёт манҳажи бўлиши лозим экан. Ана шу эзгулик йўлини ўзимиз учун дастуриламал қилиб олсак, динимизга тўлиқ амал қилган бўламиз, иншааллоҳ.
Азизлар, фурсатдан фойдаланиб, ушбу анжуманнинг ташкилотчиларига, барча қатнашчиларига, муҳтарам мезбонларимизга улуғ алломалар юрти бўлмиш Ўзбекистоннинг, ўзбек халқининг саломини етказамиз. Айни пайтда, юртбошимиз раҳбарлигида Ватанимизда олиб борилаётган улкан ижобий ислоҳотлар, барча хайрли ишларнинг бардавом бўлишини сўраб, дуолар қилишингизни сўраймиз.
Ўз навбатида, барчангизни юртимизга, Ўзбекистонга ташриф буюриб, у ерда амалга оширилаётган хайрли ишларнинг шоҳиди бўлишга таклиф қиламиз».
Манба: info.islom.uz