Янгиликлар

МАСЖИДДА ИЛМИЙ СУҲБАТ БОШЛАНДИ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Барча оламларнинг Роббиси – Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар, Оламларга раҳмат қилиб юборилган Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин!

Ислом дини илк нозил бўлган “Ўқи” ваҳийси билан илму маърифатга нақадар тарғиб қилувчи дин эканлиги барчамизга маълум. Ҳар бир инсон маърифатли бўлиш, динини ўрганиш, унга амал қилиш учун ҳаракат қилмоғи лозим. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида “Илм талаб қилиш барча муслим ва муслимага фарз” деганлар. Шариат илмини ўрганиш билан бирга уни ўргатиш, инсонларга яхшиликни таълим бериш, жаҳолатдан ҳидоятга чиқариш, зулматдан нурга бошлаш борасида бугунги кунда жуда катта ва кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Муҳтарам Прзидентимизнинг ислом маданияти ва қадриятларини тарғиб қилиш, ёшларимизни турли ёт ғоялардан асраш, уларнинг замонавий таълим-тарбия олиши, комил инсон бўлиб етишиши, навқирон авлоднинг қалбида буюк аждодларимизга муносиб бўлишдек юксак туйғуларни шакллантириш йўлида янги – Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш тўғрисидаги ташаббус ва қарорлари, имом-хатиблар билан бўлган учрашувларидаги берган кўрсатма ва тавсияларининг барчаси юртимиз аҳолиси, айниқса улғайиб келаётган ёш авлод, келажак наслларимизнинг илмий-маданий ва маърифий даражаси юксалишига катта хизмат қилади. Ушбу вазифа имом-хатибларимиз зиммасига юклатилганлигининг ўзи ҳам бу масаланинг ўта муҳим ва долзарб эканлигига далолат қилади.

Бугунги кунда имом-хатибларимиз жамиятимизда зарурий билимларни ўргатиш, халқ манфаати, оила ва жамиятдаги масалаларни ҳал қилишда янада қаттиқ киришиб кетдилар. “Инсон манфаатлари ва халқ билан мулоқот йили” деб номланган жорий йилда халқимизнинг маънавий-маърифий салоҳиятини янада юксалтириш мақсадида уларга поклик, ибодат, аждодлар меросини ўргатиш учун жомеъ масжидларимизда фаолиятлар яна жонланди. Жума мавъизалари, атрофдаги таълим муассасалари, маҳаллаларда олиб борилаётган илмий учрашувлар ўз натижасини бермоқда. Зеро, зарурий билим ва маърифатни ўрганишда асрлар давомида Ислом анъанаси бўлиб келаётган услуб – масжид минбарларда туриб қилинган ваъз-насиҳатларнинг ўрни катта. Шу мақсадда “Ислом ота” масжиди қавмининг маърифий салоҳиятини юксалтириш мақсадида яқинлашиб келаётган муборак ой – Рабиъул аввал – Мавлид ойи муносабати билан масжидда имом-хатиб Абдулҳаким қори Комилжон ўғли раҳбарлигида масжид ноиб-имомлари иштирокида “Сиз Рабиъул аввал ойига тайёрмисиз?” шиори остида хайрли тадбир бошланди. Ҳафтанинг маълум кунлари сийрат, фиқҳ ҳамда қуръони карим илмлари бўйича намозхонларга режали мавзулар асосида илмий суҳбатлар жорий этилди. Жумладан, бугун 30 октябр – сафар ойининг 10-куни пешин намозидан аввал масжидимиз имом-ноиби Миркамол Мирсолиов томонидан “Сийрат” илмий суҳбатининг муқаддима қисми ўтказилди. Унда қуйидаги масалалар ҳақида суҳбат бўлди:

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиш;

Аллоҳ таоло сари элтувчи ягона саодат ва ҳидоят йўли – у зот кўрсатган йўл эканини;

Инсоният эриша оладиган энг юксак ахлоқ қандай бўлиши лозимлигини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шахсан яшаб кўрсатганлари;

У зот соллаллоҳу алайҳи васалламни камситган киши дунё ва охиратда хор бўлиши;

У зотга қарши чиққанларнинг оқибати бало-қазо, мусибатлар билан тугаши;

У Зотга бўлган севги – ИБОДАТ, у зотинг шарафли исмларини зикр этиш – Саодат, у зотнинг шафоатларидан маҳрум қолиш – фалокатдир.

Бу илмий суҳбатдан асосий мақсад – ислом тарихининг аҳамияти, сийратнинг фазилатлари, Расулуллоҳга салавот келтириш каби муҳим масалаларни баён қилиб, халқимизга ислом тарихи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётларини етказиб беришдир.

Аллоҳ таоло бошланган хайрли ишни бардавом ва манфаатли қилсин!

 

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг