ТАҲОРАТ ОЛИШ ТАРТИБИ
Ҳожатхонадан чиққанидан сўнг қўлини (совун ёки замонавий тозалаш воситалари билан) яхшилаб ювилади. Чунки, нопок нарсаларнинг ҳиди қўлга ўтириб қолиши мумкин. Агар совун ёки тозалаш воситалари бўлмаса суннатга мувофиқ қўлларни тупроққа ишқалаб ювиши керак бўлади.
Оғиз уч марта чайилади.
Бурунга уч марта сув тортиб, чайилади.
Юз уч марта ювилади.
Икки қўл тирсаклари билан қўшиб уч марта ювилади.
Икки қўл ҳўлланиб, аввал бошга, кейин икки қулоққа, сўнгра бўйинга масҳ тортилади.
Аввал ўнг оёқ, сўнгра чап оёқ тўпиқлари билан қўшиб яхшилаб ювилади, панжалар ораси хилол қилинади. Агар маҳси таҳорат билан кийилган бўлса, қўл бармоқлари ҳўлланиб, ўнг оёққа ўнг қўл билан, чап оёққа чап қўл билан тўрт бармоқда улар устидан масҳ тортилади.
ТАҲОРАТНИНГ ФАРЗЛАРИ
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
“Эй, имон келтирганлар! Намоз (ўқиш)га турар экансиз, албатта, юзларингизни, қўлларингизни тирсакларигача ювингиз, бошларингизга масҳ тортинг ва оёқларингизни тўпиқларигача (ювинг)!”. (Моида сураси, 6-оят).
Таҳоратда қайси аъзоларни ювиш фарзлиги мазкур оятдан олинган. Ҳанафий мазҳаби уламолари мазкур оятдан келиб чиққан ҳолда, таҳоратда тўртта фарз бор дейдилар. Улар қуйидагилар:
- Юзни бир марта ювиш.
- Икки қўлни тирсаклари билан қўшиб бир марта ювиш.
- Бошнинг тўртдан бирига бир марта масҳ тортиш.
- Икки оёқни тўпиғи билан қўшиб бир марта ювиш.
Изоҳ. Ювиш деганда – сув тегиши лозим бўлган аъзоларга сув оқизиб, ишқалаб ювиш тушунилади. Юзнинг чегараси узунасига соч чиққан жойдан жағнинг остигача, кенглиги эса, икки қулоқ юмшоғининг орасигача бўлган жойдир.
Қўлга тақилган узук тор бўлса, остига сув етказиш учун уни жойидан қимирлатиш вожиб, агар узук кенг бўлса, қимирлатиш мустаҳаб бўлади.
“Масҳ” сўзи луғатда “силаш”, “теккизиш” деган маъноларни билдиради. Таҳоратдаги масҳ қўлларни ҳўллаб бош, икки қулоқ, бўйин ва маҳсига масҳ тортишдир. Таяммумдаги масҳ эса, юз ва қўлларнинг тирсагигача тупроқ билан масҳ қилинишидир.
Ато розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарда зарурат юзасидан таҳоратда саллани кўтариб, бошларининг олди қисмига сув билан масҳ тортганлар”. (Байҳақий ривояти).
Ҳанафий уламолари ушбу ривоятни далил қилиб, бошнинг тўртдан бирига масҳ тортиш фарз, ундан камига масҳ тортиш масҳ ўрнига ўтмайди, дейдилар.
ТАҲОРАТНИНГ СУННАТЛАРИ
– Таҳорат қилишни ният қилиш.
– Таҳоратни “Бисмиллааҳ” билан бошлаш.
– Таҳоратни бошлашдан аввал икки қўлни бўғинигача уч марта ювиш.
– Тишни мисвок билан ювиш.
– Ўнг қўл билан оғизга сув олиб, ғарғара қилиш.
– Ўнг қўл билан бурунга сув олиб, уч марта чайиш. Рўзадорнинг рўзаси очилиш эҳтимоли борлиги учун бурунга димоғ ачишгунча сув олиш ва оғизга ҳам сув олиб ғарғара қилиш макруҳ.
– Ҳар бир аъзони уч мартадан ювиш.
– Соқоли қалин ва юзни беркитадиган даражада бўлса, соқол ораларига панжа уриб ишқалаш. Бу амал юзни уч марта ювгандан сўнг бажарилади. Аммо соқол сийрак ва юзни беркитмайдиган бўлса, сувни соқолнинг остига етказиш вожиб бўлади.
– Қўл ва оёқ бармоқлари орасини яхшилаб ювиш.
– Бошнинг ҳаммасига бир марта масҳ тортиш.
– Бошга масҳ тортишда пешонадан бошлаш.
– Икки қулоққа бошга масҳ тортгандаги нам қўл билан масҳ тортиш.
– Ювиш талаб қилинган ўринларни сув билан ишқалаб ювиш.
– Таҳоратнинг орасига бошқа иш аралаштирмасдан кетма-кет бажариш.
– Аъзоларни тартиб билан ювиш.
– Қўл ва оёқларни ўнг томонидан ювиш.
Изоҳ. “Ният” сўзи луғатда “бирор нарсани мақсад қилиш, кўзлаш”ни билдиради. Шаръий истилоҳда – Аллоҳ буюрган амални холис Унинг розилиги учун бажаришни дилдан қасд қилишдир. Бажариладиган ҳар бир амал унинг нияти билан эътиборга олинади. Яхши ният билан қилинган амаллар мукаммал бўлади.
Шунингдек, қўлтиқ ости тукларини олиш, қовуқ остидаги тукларни қириш ва тирноқларни қисқартириш ўта муҳим вазифалардан бўлиб, энг кам муддати етти кун, энг кўпи эса қирқ кундан ошмаслиги керак бўла ди.
Мўйлабни қисқартириш соғлиқ учун фойдали бўлиб, турли зарарли моддалар унга ёпишиб, оғиз орқали ичга кириши ва инсонга зарар бериши мумкин бўлган ҳолатлар олди олинади.
“НАМОЗ ИБОДАТИ АРКОНЛАРИ” китобидан