Рамазон-2017Янгиликлар

РАМАЗОНГА ТАЙЁРМИСИЗ?

Спорт мусобақаларида қатнашувчилар совринли ўринни қўлга киритиш учун йил бўйи тайёрланишади. Тайёрланиш турлича бўлгани сабабли, фақат яхши тайёрланганларгина олий мукофотларга эришади. Номига тайёрланган ёки умуман тайёрланмаганларнинг ҳоли ҳаммамизга яхши маълум. Уларга мукофот қаердан бўлсин?!

Бугун бизга муборак ой соя солиб турибди. Демак, биз ҳам олий даражаларга эришиш учун яхши тайёргарлик кўришимиз лозим бўлади. Бу ойда кўплаб савобларни қўлга киритиш учун тайергарлигимиз кандай бўляпти? Тайёрмизми? Оз кунлар  қолди, кўникиб олгунча ўтиб кетади.

Дунёвий мусобақаларда ғалаба қозониш учун кўриладиган тайёргарликларга қараб, охират мусобақаси бундан-да ҳақлироқ эканини тааммул қилайлик. Дунё ютуғи билан охират ютуғини тенглаштириб бўлмайди. Охират учун шошилиш ҳақлироқ эмасми?

Салафи солиҳлар рамазон ҳайити кунидан бошлаб олти ой рўзанинг қабул бўлишини, кейин яна олти ой рамазонга етказишини сўраб Аллоҳ таолога дуо қилган эканлар.

Роббингиздан бўлган мағфиратга шошилинглар!!!” (Оли Имрон сураси, 33-оят)

Мусобақалашувчилар мана шунда мусобақалашсинлар!!!” (Мутоффифин сураси, 26-оят)

Аллоҳ таоло баъзи кунларни бошқа кунлардан кўра афзалроқ қилиб қўйган. Бунинг боиси бандаларига савобларини кўпайтириб олишлари учундир.

عَنْ مُحَمَّدِ ابن مَسْلَمَةَ الأَنْصَارِيِّ رضي الله عنه  قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ  صلى الله عليه وسلم :«إِنَّ لِرَبِّكُمْ فِي أَيَّامِ دَهْرِكُمْ نَفَحَاتٍ، فَتَعَرَّضُوا لَهُ، لَعَلَّهُ أَنْ يُصِيبَكُمْ نَفْحَةٌ مِنْهَا، فَلا تَشْقَوْنَ بَعْدَهَا أَبَدًا» .

Муҳаммад ибн Маслама ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Замонингизда Роббингизнинг туҳфалари бор, уни қарши олинглар. Шояд, улардан бир туҳфа сизларга етиб, ундан сўнг ҳеч қачон бахтсизлик кўрмасангизлар, дедилар. (Тобароний ривояти)

Бандаларга туҳфа қилинган мавсумлардан бири Рамазон ойи  ҳисобланади. Бу ойни ғанимат билган, уларни бекорга ўтказиб юбормаган инсон қандаям бахтли инсондир!. Бундай улуғ ой бандадан уни гўзал қарши олиши ва унда кўпроқ солиҳ амаллар қилишини талаб қилади. Инсон дунёда гўёки мусофир кабидир. Мусофир сафарга тайёргарлик  кўриб чиқса, сафари хайрли, барокатли бўлади. Мўмин киши дунёда, яъни, ҳаётлик чоғида охират сафарига тайёргарлик кўриб бормоғи лозим. Бу кунлар эса ўта қимматли ва қайтиб келмайдиган кунлардир.

Мўмин киши учун Рамазон кунлари оддий кунлардек ўтиб кетмаслиги керак. Қанча-қанча инсонларга бу кунларга, Рамазон ойига етиб келиш насиб қилмади. Шунинг учун бугундан олдимизга катта мақсад қўйиб, Рамазонни унумли ўтказишга режа тузиб олайлик. Агар Рамазонга етиб бориб ниятимизга эришсак, ҳам ният, ҳам амали солиҳнинг савобини оламиз. Агар  етиб бориш бизга насиб қилмаса, ниятимизга яраша савоб олаверамиз, иншаа Аллоҳ.

Бизда Рамазонга тайёргарликда нотўғри тушунча бор. Масалан: иложи борича кам ҳаракат қилиш, таътилга чиқиш, кўпроқ ухлаш, кўпроқ овқат еб олиш масаласи олдинга сурилади.

Рўзага деб бунча кг гуруч, бунча кг ун, ёғ, гўшт, асал ва бошқа нарсалар ғамлашга тайёргарлик кўрилади. Натижада рамазон ойида бошқа ойларга қараганда икки уч баробар кўп таом истеъмол қилинади ва шуни Рамазонга тайёргарлик деб аташади.

Лекин аслида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар ва тобеинлар Рамазон ойида оддий ойлардан кўра камроқ таом ейишган, роҳат-фароғат қилишмаган. Балки жидду-жаҳд билан ибодатга уринишган. Ҳатто катта фатҳларнинг кўпчилиги Рамазон ойида бўлган. Масалан: Бадр жанги, Макка фатҳи ва ҳоказолар. Улар Рамазон ойининг кечасини овқат ейдиган, кундузини эса ухлайдиган фурсат деб қарашмаган.

Имом Ғазолий айтганлар: «Саҳарлигингиз оддий кундалик нонуштангиз каби бўлсин. Ифторингиз эса оддий кундалик кечки овқатингиз каби бўлсин».

Баъзилар каби нотуштага уч маҳал ейдиган овқатни еб, ифторга эса яна уч маҳал ейдиган овқатни еб олиш билан рўзанинг ҳикмати қолмайди. Оддий кунлардаги нонуштани саҳарга кўчириш керак, кечки овқатни эса ифторга кўчириш керак. Орадаги тушлик йўқ бўлса, шунда рўзадан кўзланган мақсад амалга ошади.

Рўза уч табақадан иборат.

1) Авомнинг рўзаси. (Бу – Ислом даражасидаги рўза) Ният билан тонг отгандан то кун ботгунгача ўзини емоқ – ичмоқ ва жинсий яқинликдан сақлаб туриш. Бунда фарзни адо этиш бўлади, халос.

2) Хосларнинг рўзаси. (Бу – иймон даражасидаги рўза) Бунда аъзолар ҳам рўза тутади. Кўз, қулоқ, тил, қўл, оёқ ва ҳ.к.з.лар гунохдан сакланади. Яьни, бутун вужудни шариат ман қилган нарсалардан сақлаш. Агар мазкур аьзоларни гунохдан сакламасак, рўзамиз авомнинг рўзаси каби бўлиб колади. Фарз адо этилади-ю, лекин савоби камайиб кетади. Рўза тутдингми тутдинг, деган номга эришади.

Алҳадулиллаҳ, ғаммамизга бир неча йилдан бери рўза тутиш насиб қилиб турибди. Энди яна шунча йиллар ўтса ҳам биринчи табақадаги рўзани тутаверсак инсоф қилмаган бўламиз.

3) Хосларнинг хосининг рўзаси. (Бу – эҳсон даражасидаги рўза) Бу олий даражадаги рўза. Бунда қалб ҳам рўза тутади. Яъни, қалбга, хаёлга умуман ношаръий нарсалар келтирилмайди. Аллоҳнинг зикридан бошқа нарсани хаёлига келтирмайди. Уни, буни ейишни ҳам ўйлайвермайди.

Саид ибн Жубайр розияллоҳу анҳу: Албатта қўрқиш-Аллоҳдан қўрқмоғингдир. Аллоҳдан қўрқмоғинг сен билан гуноҳнинг ўртасига тўсиқ бўлади. Ана ўша ҳақиқий қўрқишдир. Зикр эса – Аллоҳга итоат қилмоқликдир. Ким Аллоҳга итоат қилса, демак у Аллоҳни зикр қилибди. Ким Аллоҳга итоат қилмаса, у тасбеҳу Қуръон тиловатини қанчалик кўпайтирмасин, зикр қилувчилардан ҳисобланмайди.

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرٍو رضي الله عنهما قَالَ: قِيلَ لِرَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَيُّ النَّاسِ أَفْضَلُ؟ قَالَ كُلُّ مَخْمُومِ الْقَلْبِ صَدُوقِ اللِّسَانِ، قَالُوا: صَدُوقُ اللِّسَانِ نَعْرِفُهُ فَمَا مَخْمُومُ الْقَلْبِ؟ قَالَ: هُوَ التَّقِيُّ النَّقِيُّ لَا إِثْمَ فِيهِ وَلَا بَغْيَ وَلَا غِلَّ وَلَا حَسَدَ. رواه ابن ماجه والبيهقي

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳ алайҳи васалламга: Қайси инсонлар энг афзалдир?, деб савол берилди. Шунда у зот: “Барча махмумул қалб ва ростгўйлар”, деб жавоб бердилар. Улар: “Биз ростгуйликни-ку биламиз, махмумул калб нима?”, дейишди. У зот айтдилар: “У тақволи, пок, гуноҳсиз, зулмсиз, нафратсиз, ҳасадсиз (калб)дир”, дедилар. (Ибн Можа ва Байҳақий ривояти)

Минг афсус қанча-қанча кишилар бундай қимматли фурсатларни беҳуда нарсалар билан ўтказиб юборишмоқда. Биз вактимизга зийрак бўлайлик. Рамазон ойи савоб ишлаб оладиган мавсум.

Бу йил ўтган йилгидан кўра кўпроқ ибодат билан машғул бўлайлик. Кўпчилигимиз учун рўза тутиш биринчи йил эмас. Демак ўтган йилгидан кўра бу йил кўпроқ нарсага эришишимиз керак бўлади. Бошлай олмаётган ибодатларни бошлайлик, ташлай олмаётган гуноҳларни ташлайлик. Бир ой –  катта муддат, бирор ибодатга бир ой машғул бўлсак, шу ибодат бизга одатга айланади. Ҳар вақтни ғанимат билайлик.

Телевизор кўришни ҳам, интернетдан фойдаланишни хам бир интизомга солиб олайлик. Ҳар хил беҳуда вақтни оладиган нарсаларни кўрмайлик. Биз ҳалол ва мубоҳ нарсаларда мана шундай интизомни йўлга қўяйлик. Ҳаром нарсалардан мутлоқ четланайлик. Ўзимизда рўзадорнинг муҳитини кўрсатайлик-ки, бошқалар ҳам бизга эргашсин, биздан ўрнак олсинлар.

Рамазон ойига алоҳида режа тузиб олиш керак. Агар рамазон ойида бўш қолсак ёки бекорчи нарсага машғул бўлсак, демак Рамазондан унумли фойдаланмаётган бўламиз.

Бу кунларда кўпроқ Қуръон ўқиш, ўргатиш, ҳадислардан ўрганиш, ўргатиш, кўпроқ истиғфор айтиш, ота-онага яхшилик қилиш, қариндош уруғга силаи раҳм қилиш, саломни кенг ёйиш, таом улашиш, икки уришиб қолган кишилар орасини ислоҳ қилиш, амру-маъруф ва наҳй мункар қилиш, тилни ва кўзни сақлаш, қўшниларга яхшилик қилиш, меҳмонга икром кўрсатиш, мусулмонлар юрадиган йўлдан азият берадиган нарсаларни олиб ташлаш, мусулмонларга азият бермаслик, Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилиш, рўзадорларга ифторлик улашиш, аҳли-оилани хурсанд қилиш, масжидга қатнаш, имкон қадар намозларни жамоат билан ўқиш, намоздан кейинги дуоларни ҳам бекаму кўст бажариш,  таровеҳ намозларида хатм Қуръонларга қатнашиш, ҳар кеча таҳажжуд ўқиш, етимларнинг бошини силаб, кўнглини олиш, касалларни зиёрат қилиш, дўсларининг ҳожатини раво қилиш, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга кўпроқ саловат айтиш, қўл остидагиларга мулойим бўлиш, дўстларини ортидан дуо қилиш, муҳтожга ёрдам бериш, мусулмонлар қалбига хурсандчилик киритиш, фарзандларга бу кунларнинг улуғ экани ҳақида таълим бериш, мусулмонлар билан яхшиликда ҳамкорлик қилиш  каби хайрли ишлар билан машғул бўлиш керак.

Аллоҳ таоло Рамазон ойидан Ўзининг розилигини топган, жаннатни касб қилган ва гуноҳлардан мағфур бўлган бандалардан бўлиб чиқишимизни муваффақ қилсин!

Қудратуллоҳ Сидиқметов

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг