Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ биринчи авлод мусулмонлари – саҳобаи киромлар Қуръони каримни Аллоҳ таоло ирода қилганидек қабул қилиб олар, уни ёдлаб, ўқиб-ўрганар ва ҳаётга тўлиқ татбиқ қилар эдилар. Шу тариқа ўзларидан кейинги авлодга бу улкан омонатни шараф билан топширдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик даврларида бошқа нарсалар қатори Қуръони каримга тегишли масъулият ҳам асосан, У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зиммаларига тушган эди. Ислом уммати бошқа масъулиятлар қатори Қуръони каримни муҳофаза қилиш масъулиятини ҳам ўзининг ҳабиб пайғамбари вафот этганидан сўнг ҳис эта бошлади. Бундай пайтларда бутун бошли уммат ўз етакчилари бошчилигида сафарбарликка отланиб, Қуръони карим атрофида пайдо бўлган масалани ҳал қилишни, энг асосийси – Аллоҳ таолонинг китобини муҳофаза қилишни ўйлар эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан сўнг бошланиб кетган ридда урушларида Қуръони карим ҳофизлари бўлган саҳобаларнинг кўплаб шаҳид бўлишлари Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга Қуръони каримнинг муҳофазаси учун хатар бўлиб кўринди. У кишига агар қорилар шу шаклда қирилиб кетаверсалар Қуръони каримга зарар етиши мумкинлиги фикри келади. Натижада халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга Қуръони каримни бир китоб шаклида тўплаб қўйишни таклиф қилдилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу эса, бу ишни Қуръони каримнинг зарарига бўлади, деб ўйладилар. У киши, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қилмаган ишни қандоқ қиламан, деб туриб олдилар. Ушбу масала бўйича қолган саҳобаи киромлар ҳам иккига бўлиндилар. Кераклича баҳс ва тортишувлар ниҳоясида ҳамма бир фикрга келиб, Қуръони карим муҳофазаси учун уни бир китоб шаклида тўплаб қўйиш керак, деган фикрга келдилар. Биргаликда бу улкан ишни қандоқ амалга ошириш режаси, шартлари, қоидалари ва кимлар раҳбарлик қилишига келишилди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ёзиб бўлинган бўлса ҳам тарқоқ ҳолда турган Қуръони карим ёзувларини тўплаб, оят ва сураларни тартибга солиб ёзиб чиқилди. Ўша ёзувларни ичига олган саҳифаларни тўплаб, белини боғлаб, “мусҳаф” деб номладилар. Шу билан Қуръони карим муҳофазаси учун Ислом уммати амалга оширган муҳим бир иш охирига етди. Ўша иш ҳозиргача ўз самарасини бермоқда.
Қуръони каримни мана шундай қилиб жамлаш ишини унга таъна тоши отган баъзилар зулм ва бўҳтон тариқасида, Қуръонни таҳрир қилиш, деб атайдилар. Таҳрир дейилганда, ёзилган асарни қайта кўриб чиқиб, баъзи сўз ва жумлаларни алмаштириш, баъзиларини олиб ташлаш, баъзиларини янгидан қўшиш, хатоларни тўғрилаш каби ишлар, тушунилади. Шунга биноан, улар саҳобалар Аллоҳ таолонинг каломига тузатиш киритганлар, демоқчи бўладилар. Аслида эса, саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз даврларида ёзилиб, турли кишилар қўлида тарқоқ ҳолда турган оятларни бир жойга жамлаганлар, халос. Улар ҳар бир ёзувни масжидга, жамловчи гуруҳ ҳузурига келтирган шахс ўша нарсани Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ёзилганига иккита гувоҳ ҳам келтиришни шарт қилиб қўйганлар. Шундоқ қилиб, Қуръони каримнинг ҳар бир ҳарфининг ёзилиши ҳам Аллоҳ таоло ирода қилгандек бўлишини таъминлаганлар. Аслида, Зайд Ибн Собит ва Умар Ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга ўхшаш жамлаш гуруҳи аъзоларининг ўзлари шундоқ ҳам Қуръони каримни сувдек ёд билар эдилар. Лекин уларнинг вазифаси нима қилиб бўлса ҳам Қуръони каримни ёзиш эмас, Қуръони каримни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурида ёзилганини ишончли ҳужжат-далил асосида жамлаш эди. Бу эҳтиёт чораси учун қилинган иш эди. Ёзилган саҳифалар белидан боғланиб, Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг қароргоҳига қўйилди, холос. Уларни ҳеч ким ўқимади ҳам, қайтадан ёзмади ҳам ёки бошқа бирор иш қилинмади ҳам.
Вақт ўтиб Усмон розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида Қуръони карим муҳофазаси учун яна бир иш қилиш зарурати туғилди. Ўша вақтга келиб, кўп диёрлар фатҳ қилиниб, турли араб бўлмаган халқлар мусулмон бўлиб, устозлар етишмай қолди. Бундан ташқари яна бошқа сабаблар юзага чиқиб, Қуръони каримни қироат қилишда ихтилофлар юзага кела бошлаган эди. Қуръони карим муҳофазасига боғлиқ бу улкан хатарни биринчи бўлиб, Озарбайжонда жангда юрган саҳобий – Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу англаб етдилар. У киши жангни ташлаб, пиёда Мадинаи Мунавварага қайтиб бордилар ва халифа Усмон розияллоҳу анҳунинг олдиларига кириб, умматни яҳудий ва насороларга ўхшаб Аллоҳнинг китоби тўғрисида ихтилоф қилмасидан олдин сақлаб қолишни тавсия қилдилар. Қуръони каримнинг муҳофазаси учун яна баҳслар бошланди. Натижада Абу Бакр розияллоҳу анҳу даврларида ёзилган мусҳафдан олти нусха кўчириш ва уларни биттадан қори билан турли диёрларга юборишга қарор қилинди. Саҳобаи киромлар мусулмонлар Қуръони карим қироатида ихтилоф қилмасинлар, деб Пайғамбаримиз даврларидаги ёзувга мос, тартибли қилиб қўйилган мусҳафдан бирор ҳарфни ўзгартирмай нусха кўчирдилар. Янги олинган нусхаларни биттадан қорилар билан турли диёрлардаги марказларга юборилар экан, халифа Усмон розияллоҳу анҳу фақат ушбу мусҳафларга ва улар билан юборилган қориларнинг қироатига эргашиш, Қуръони каримдан бошқа нимаики ёзилган бўлса куйдириб юбориш ҳақида буйруқ бердилар. Бу буйруқ ўзининг муқаддас китобини муҳофаза қилиш йўлида ҳар қандай ишга тайёр турган мусулмон уммати томонидан мамнуният ила амалга оширилди. Баъзи катта саҳобалар ўзларининг шахсий мусҳафлари ҳақида бир оз мулаҳозага борган бўлсалар ҳам, кейинчалик бирор ҳарфи кўпчилик қабул қилган нусхага ўхшамай қолса ихтилоф чиқмасин, деб куйдириб юбордилар. Шу тарзда мусулмон уммати томонидан Қуръони карим муҳофазаси йўлида яна бир улкан иш амалга оширилди.
Кейинги даврларда нусха кўчириш йўлга қўйилиши жараёнида фақатгина ҳазрати Усмон даврида ёзилган нусхаларга суяниш жорий бўлди. Охири келиб, ҳар бир нусханинг ишончли эканини тасдиқлаш мақсадида, “Бу нусха Мусҳафи Усмонга мувофиқдир”, деб ёзиб қўйиладиган бўлди. Шундоқ қилиб, Қуръони каримнинг ҳарфларини ёзиш услуби ҳам бир хиллиги сақлаб қолинди. Бу маънодаги эҳтиёткорлик шу даражага етдики, Қуръони каримнинг ҳарфларига бирор нуқтачалик ҳам ўзгариш кирмасин, деган қасд ила уламоларимиз, мусҳаф ичига гул, дарахт барги ва шунга ўхшаш бошқа нарсаларни мутлақо қўйиб бўлмайди, акс ҳолда, ўша нарсалар саҳифага ёпишиб қолса шубҳа пайдо бўлиши мумкин, деб фатво чиқардилар.
Замон ўтиши билан яна янги муаммолар пайдо бўла бошлади. Араб тилини яхши билмайдиган мусулмонларнинг кўпайиши билан Қуръони каримни ўқишда ҳам муаммо кўпайди. Кишилар Қуръони каримни хато ўқишлари ва ихтилофга тушишлари хавфи кучайди. Қуръони карим муҳофазаси учун яна ҳаракат қилиш зарур бўлиб қолди. Натижада кишилар Қуръони каримни хато ўқимасликлари ва Қуръони карим қироати ҳақида турли ихтилофларга тушмасликлари учун мусҳафларга фатҳа, касра, замма аломатлари қўйиш керак, деган фикрга тўхталди. Бунда ҳам асл ҳарфларга зарра ўзгариш аломати кирмаслик шартлари ишлаб чиқилди. Тарихда бу иш “Қуръони каримни нуқталаш” номи билан муҳрланиб қолди. Чунки, мазкур ўта аҳамиятли ишни амалга оширган олим Абул-Асвад ад-Дуалий юқорида зикр қилинган аломатларни ҳарфларнинг усти, ости ва ўртасига қўйилган нуқталар ила ифодалаган эди.
Кейинчалик, замон ўтиши билан, вазият тақозо қилганда, бошқа аломатлар ҳам худди шундоқ эҳтиётлик ва аниқлик билан қўйиб чиқилди. Ислом уммати ўзига Аллоҳ таоло томонидан берилган, илоҳий дастур-Қуръони Каримни ана шундоқ таризда кўз қорачиғидек, балки, ундан ҳам авайлаб сақлаб келди.
Замон ўзгариб, техник тараққиёт даври келганда, Қуръони каримни техник жиҳозлар воситасида чоп этиш масаласи кўндаланг бўлди. Уламолар дастлаб бу ишга рухсат бермадилар. Улар музкур услуб ила чоп этиш Қуръони каримнинг обрўсига тўғри келмайди, деган тушунчага борган эдилар. Чунки, аввалги чопхоналар мусулмон бўлмаган шахсларга хос бўлиб, Қуръони каримни чоп этиш фикри ҳам ўша шахслардан чиққан эди. Ҳақиқатда, агар ўша пайтда Қуръони каримни чоп этишга рухсат берилса, унинг обрўсига тўғри кемас эди. Вақт ўтиши билан мусулмонлар ҳам чопхона ишларини ўзлаштирдилар, Қуръони каримни кўплаб чоп этишга эҳтиёж роса ортиб борди ва уламоларимиз муқаддас китобимиз ҳимояси учун керакли шартларни қўйиб, уни чоп этишга изн бердилар.
Ана шундоқ тарзда, Аллоҳ таолонинг Қуръони каримни муҳофаза қилиш ҳақидаги ваъдаси амалга ошиб келмоқда. Ҳозирги лаҳзагача Аллоҳ таолонинг инояти ила Қуръони карим Аллоҳ таолонинг ҳузуридан қандоқ нозил бўлса, бирор ҳарфи ўзгармай, ўшандоқ ҳолида турибди. Тарих давомида душманлар Қуръони каримга ўзгартириш киритиш учун турли йўллар билан ҳаракат қилдилар, аммо, Ислом уммати доимо ҳушёр турди. Ҳар бар янги пайдо бўлган Қуръони карим нусхасини дарҳол синчковлик билан текшириб, хатоси бўлса, ҳамма томонга жар солиб, ўша нусханинг барча ададларини куйдириш йўлга қўйилмоқда.
Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинким, ҳозирги онларгача Қуръони карим Аллоҳ нозил қилган ҳолида, заррача ўзгаришсиз ўқилмоқда, ёдланмоқда ва ёзилмоқда. Бу маънода Қуръони карим ягона китобдир. Қуръони карим биринчи бор ёзилгандан бошлаб ҳозиргача бирор ҳарфи ҳам ўзгармагани аниқ. Қуръони карим биринчи бор талаффуз қилинганидан бошлаб, ҳозиргача бирор лафзи бошқача талаффуз қилинмагани аниқ. Бошқа илоҳий китобларда мазкур ҳолни топиб бўлмаслиги ҳаммага, жумладан, ўша китобларга эътиқод қилувчиларга ҳам аён.
Мазкур эътибордан, Қуръони каримнинг ҳозирги ҳолида Аллоҳ таоло томонидан собит бўлгани қатъий эканига эътиқод қилиш ҳар бир мусулмон учун ҳам фарз, ҳам вожибдир. Қайси бир мусулмон унинг бирор сураси, ояти ёки ҳарфининг собит бўлиши қатъий эканига шубҳа қилса, диндан чиқади.
Тафсир китоблари аосида тайёрланди