НАФСИНГИЗНИ САРҲИСОБ ҚИЛИНГ!
Аллоҳ таоло ҳар куни бандасига 24 соатни инъом этади. Бу 1440 дақида ёки 86400 сония демакдир. Агар банда шу вақтларни ўз фойдасига ишлатса, дунё ва охирати саодатига эришади. Бу вақтларда банда фарз ибодатлари билан бирга бир қанча чиройли амаллар, гўзал ахлоқини татбиқ қилиши, атрофидаги инсонлар, ҳайвонлар ва наботот оламига манфаат етказиши мумкин. Эрта тонгдан то кечгача қилган амалларининг ҳисобини қилиши эса, эртанги кунини янада фойдали ўтказишига олиб боради.
Умар розияллоҳу анҳу: حَاسِبُوا أّنْفُسَكُمْ قَبْلَ أَنْ تُحَاسَبُوا – “Сарҳисоб қилинмасингиздан аввал ўзингизни ҳисоб қилинг”, деганлар. Бу сўзнинг замирида жуда катта маъно бор. Ўзини ҳисоб-китоб қилиб юрган банда амалининг озлиги-ю гуноҳларининг кўплигини кўради, кейин яхшиликка шошилади, нафсини қиёматдаги савол-жавобга тайёрлайди. Тажрибаларда собитки, ҳисоб-китоби пухта савдогарнинг савдосида ҳеч қачон камомад чиқмаган. Баъзи уламолар ҳар бир мусулмон банда ҳар куни кечқурун ўз-ўзига ҳисобот бериши, кунни қандай ўтказгани ҳақида ўйлаши, қуйида ёзилганлардаги каби саволлар билан нафсини сўроқ қилиши кераклигини айтганлар.
- Беш вақт намозни жамоат билан ўқидингми?
- Намозларда хушуъ ва хузуъ ила турдингми?
- Қуръондан озгина бўлса ҳам тажвид ва тадаббур билан ўқидингми ёки бирон оят ёдладингми, ёдлаганларингни такрор қилдингми?
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтдингми?
- Душанба, пайшанба кунлари ёки ойда уч кун ёхуд бошқа фазилатли кунларда нафл рўза тутдингми?
- Тонг ва оқшомда, уйга кирганда ва чиққанда, ухлаётганда, ҳар бир ишни бошлашда ва ҳоказо ҳолларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўгит берган дуоларни ихлос билан ўқидингми?
- Ишлаб топган молингдан садақа бердингми? Закотини-чи?
- Ота-онангнинг, аҳли аёлинг ва ака-укаларингнинг, қўни-қўшнинг ва қариндошларингнинг ҳаққини адо этдингми, уларни Аллоҳнинг йўлига, яхшиликка чақирдингми?
- Мусулмонларга насиҳат қилдингми? Яхшиликка буюриб, ёмонликлардан қайтардингми?
- Ўзингдан кейин фойдали бир иш қолдиришга ҳаракат қилдингми?
- Ғазаб, кўп кулиш, мазах, ғийбат қилиш, дангасалик каби ёмон хулқ ва сифатлардан халос бўлиш учун нафсингга қарши курашдингми?
- Мулойимлик, сабр, ҳаё, таваккул, саховат, тақво, раҳмдиллик каби мақталган хулқ ва сифатларга эга бўлиш учун жидду-жаҳд этдингми?
- Кибр, риё, ҳасад, дунёга муҳаббат қўйиш каби инсонни ҳалок қилувчи сифатлардан ўзингни тия олдингми?
- Тилингни, кўзингни, қулоғингни ва бошқа аъзоларингни ёлғон, ғийбат, зино, шаҳват, лағв каби ҳаром ишлардан сақладингми?
- Дунё ҳаётининг ҳақиқати ҳақида фикр юритиб, қалбингни зебу зийнатлар ила машғул бўлиб қолишдан тўсдингми?
- Жон берар ҳолатни, ўлимни, қабр ва унинг зулматини, Аллоҳ ҳузурига боришингни, Унга ҳисоб беришингни ёдга олдингми?
- Ўзинг, ота-онанг, фарзандларинг, барча мусулмонлар ҳаққига дуо қилдингми?
- Илм олиш учун жидду жаҳд қилдингми?
- Шу кунингда йўл қўйган хато ва гуноҳларинг учун истиғфор айтдингми?
- Йўл қўйган камчиликларингни тузатишга, эртани бугундан афзал ўтказишга, Аллоҳга янада қаттиқроқ боғланишга аҳд қилдингми?