“ИШОРАИ САББОБА”ДА КЎРСАТКИЧ БАРМОҚНИ ҚИМИРЛАТИБ ТУРИШ КЕРАКМИ?
#Фиқҳ

CАВОЛ: Ишораи саббоба қилиш пайтида ишора бармоғини қимирлатиб ўтириш керакми?
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Намозда ишораи саббоба қилиш пайтида кўрсаткич бармоқни қимирлатиб туриш – суннатга хилоф, макруҳ амал саналади. Чунки Абдуллоҳ ибн Зубайр разияллоҳу анҳудан нақл қилинган саҳиҳ ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом ташаҳҳудда бармоқларини қимирлатмаганлари очиқ ойдин айтилган:
“أَنَّهُ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ يُشِيرُ بِالسَّبَّابَةِ وَلَا يُحَرِّكُهَا” (أَخْرَجَهُ أَبُو دَاوُد وَالنَّسَائِيُّ وأَحْمَدُ).
“Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам саббоба бармоқлари билан ишора қилар ва уни қимирлатмас эдилар” (Имом Абу Довуд, Имом Насаий ва Имом Аҳмад ривоятлари).
Ушбу ҳадиснинг санадини Имом Нававий саҳиҳ деганлар. Бу ҳадисга кўра, ишорада бармоқни қимирлатмасдан фақатгина бир марта кўтариб-тушириш кераклиги баён қилинмоқда. Ушбу маънони бошқа саҳобалардан ривоят қилинган кўплаб ҳадислар ҳам қўллаб-қувватлайди.
Биргина Воил ибн Ҳужр разияллоҳу анҳунинг ривоятида:
“ثم رفع إصبعه فرأيته يحركها يدعو بها” (رواه الامام أحمد والامام النسائي)
“… Кейин бармоқларини кўтардилар. Уни ҳаракатлантираётганларини кўрдим. У билан дуо қилардилар”, дейилган (Имом Аҳмад ва Имом Насоий ривоятлари).
Лекин муҳаққиқ уламолар ишораи саббобада бармоқни қимирлатишга далолат қиладиган ушбу ривоятни шоз – ҳужжатга яроқсиз ҳадис эканини таъкидлашган.
Айрим уламолар эса, Ибн Зубайр ва Воил ибн Ҳужрнинг ривоятларини мувофиқлаштиришга ҳаракат қилишган. Жумладан Имом Абу Бакр Байҳақий раҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар:
يحتمل أن يكون المراد بالتحريك الإشارة بها لا تكرير تحريكها، فيكون موافقـًا لرواية ابن الزبير
“(Ҳадисдаги) бармоқни қимирлатишдан – у билан ишора қилиш маъноси кўзланган бўлиши мумкин. Уни ҳаракатлантириб туриш эмас. Шундагина у Ибн Зубайрнинг ривоятига мувофиқ бўлади” (“Сунанул кубро” китоби, 2-жуз, 231-бет).
Шайх Саломуллоҳ Ҳанафий шундай дейдилар: “Ҳадисдаги “бармоқларини ҳаракатлантирдилар” жумласидан мурод, муборак бармоқларини кўтаришлари тушунилади, холос. Шундагина “Бармоқлари билан ишора қилар эдилар ва қимирлатмасдилар”, дея нақл қилинган бошқа ривоятлар билан мувофиқ бўлади” (“Авжазул масолик”, 2-жуз, 117-бет).
Қолаверса, намозда бармоқни қимирлатиш беҳуда иш бўлиб, макруҳ амал саналади. Бу ҳақда Аллома Таҳтовий шундай дейдилар:
( وتسن الإشارة ) أي من غير تحريك فإنه مكروه وعندنا كذا في شرح المشكاة للقاري
“Ишораи саббобани бармоқни қимирлатмасдан бажариш суннатдир. Зеро, бармоқни қимирлатиш бизнинг мазҳабга кўра, макруҳдир. Мулла Али Қорийнинг Шарҳул-мишкот китобида шундай дейилган” (“Ҳошия ат-Таҳтовий” 1-жуз, 179-бет).
Хулоса қилиб айтганда, ишораи саббобада бармоқни қимирлатиб туриш ёки уни салом бергунча тик ушлаб туриш суннатга хилоф, макруҳ амалдир. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.