
CАВОЛ: Мен маълум бир нархга телефон сотиб олиб, устига маълум нарх қуйиб бўлиб тўлашга (кредитга) сотаман. Шу ишим ҳалолми ёки судхўрликка кирадими?
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ўз молини бўлиб тўлашга сотиш судхўрлик ҳисобланмайди. Аввалги нархи устига қўйилган нарх унинг фойдаси бўлади. Фақат насия савдода бир нечта шартлар борки ўшаларга риоя қилиш керак бўлади.
🔹 Насия савдонинг муддати аниқ бўлиши керак;
🔹 Насияга сотилган маҳсулотнинг нархи аниқ бўлиши керак;
🔹 Харидор қарзини келишилган вақтда уза олмаса, қўшимча фоиз қўшилмаслиги керак.
Демак, насия савдонинг кўриниши қуйидагича, сотувчи: “Мана шу телефонни 500 мингга олти ой муддатга насияга сотдим”, – деса, харидор: “Шу муддатга, шу нархга олдим”, – дейди. Шу билан савдо тўлиқ бўлади, телефон харидорни мулкига ўтади, сотувчидан харидор 500 минг қарздор бўлиб қолади.
Агар сотувчи нақдга олсанг 100 минг, насияга олсанг 150 минг деса, лекин шу пайтни ўзида нақд ёки насиядан бирига келишмай ажраб кетсалар, бу савдо жоиз эмас. Лекин икки нархнинг бирига келишсалар, савдо дуруст бўлади (“Буҳус фи қозоя фиқҳийя муосиро” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.