Мақолалар

ФОЙДАЛИ ИЛМНИ ИЗЛА

Музанийдан ривоят қилинади: «Тавҳид борасида қалбимга бирор нарса воқе бўлса, буни Шофеъий раҳимаҳуллоҳдан сўрар эдим. Бир куни унинг олдига бордим. У Мисрдаги масжидда экан. «Хаёлимга тавҳид борасида бир савол келяпти. Ҳеч ким сизчалик билимга эга эмаслигини биламан. Сиз шу масалага нима дейсиз?» деб сўрадим.
— Сен қаерга келганингни биласанми?
— Ҳа.
— Бу Фиръавнни ҳалок қилган жой. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада савол сўрашга буюрганмилар?
— Йўқ.
— У ҳақда саҳобалар гапиришганми?
— Йўқ.
— Осмонда нечта юлдуз борлигини биласанми?
— Йўқ.
— Бирорта юлдузнинг тури, қачон чиқиб, қачон ботиши, ботиши, нимадан яратилганини биласанми?
— Йўқ.
— Кўзинг кўриб турган нарсани билмайсан-ку, уни яратган Холиққа оид илм ҳақида сўрайсанми?
Кейин у мендан таҳоратга тегишли бир масалани сўраган эди, жавобида кетдим. У ўша масаланинг тўрт хил кўринишини ажратиб сўради. Уларнинг ҳам бирортасини билмадим. Шофеъий деди: «Ҳар куни беш марта ишинг тушадиган нарсанинг илмини ташлаб қўйиб, Холиқ таолонинг илмини ўзингга юклаб оласанми? Агар хаёлингга яна шунақа саволлар келса, Аллоҳга ва у Зотнинг ушбу сўзига қайт:
«Илоҳингиз ягона илоҳдир. Ундан ўзга илоҳ йўқдир. У Меҳрибондир, Раҳмлидир. Осмонлару ернинг яратилишида, кеча-кундузнинг алмашиб туришида, одамлар учун фойдали нарсалар ортилган кемаларнинг денгизда сузишида, Аллоҳ осмондан тушириб, у сабабли ўлик ерни тирилтирган сувда, турли жонзотларни унда (ерда) тарқатиб қўйишида, шамолларни (турли томонга) йўналтиришида ва осмон билан ер ўртасида бўйсундирилган булутларда ақлни ишлатадиганлар учун (бу борлиқнинг яратувчиси ягона Аллоҳ таоло эканига далолат қиладиган) аломатлар бордир»
(Бақара сураси, 163-164-оятлар).
Яратилган нарсалар Яратувчига далил бўлади. Ақлинг етмаган нарсанинг илмини ўзингга юклаб олма». Мен: «Тавба қилдим», дедим».

“Солиҳлар гулшани” китобидан.

Теглар
Кўпроқ кўрсатиш
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг