Мақолалар

КУЧЛИ ДАЛИЛ ДЕГАНИ НИМА ЎЗИ?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳанафий мазҳаби нимадан иборат? У динда инсонларга муносиб бўлган ишларнинг афзалини баён қилишдан иборат. Ёдингизда бўлса, бугунги баҳсимизда Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг юздан эллик фоиз гапларини олмаганимизни айтдик. Лекин бу олмаганимиз у зотнинг далиллари заифлигидан эмас. Биз инсонларнинг ҳолатига мувофиқ бўлишини хоҳлаймиз, холос. Бу иш ҳам ўз-ўзидан эмас, балки муфтийнинг кўрсатмаси билан бўлади. Ахир, мазҳабимизда осонлаштириш, зарурат ва қийинчиликни кўтариш деган истилоҳлар бор. Демак, ҳар бир мазҳаб фатво бериш керак бўлса, иложи борича энг енгилига фатво беради. Гоҳида оммадан қийинчиликни кўтариш мақсадида бошқа бир мазҳабнинг қавли билан ҳам фатво берилади. Қачонки сизга амаллар ичидан қулайроғига фатво берилса, билингки, бу нарса албатта илмий қоидаларга асосланган бўлади. Юқорида айтганимиздек, бунинг сабаби – зарурат ёки қийинчиликни даф этиш ёки шунга ўхшаш илмий қоидалардир. Демак, маълум бўладики, битта мазҳабга амал қилиш – ишнинг энг осонига, энг қулайига амал қилишдир. Таълим эътиборидан ҳам, фатво ва амал эътиборидан ҳам шундай. Мабодо бир амалда қийинчилик ва чигаллик бор бўлса, мазҳаб уламолари унга амал қилмаганини, бошқа қавлга амал қилганини кўрамиз.

Сиз энг кучли далилга амал қиларсиз. Лекин кучли далил дегани нима ўзи? Кучли далил дегани унга амал қилиш, уни ҳаётга татбиқ қила олиш ҳамдир. Мазҳаб сизга илмий қоидаларга асосланган ҳолда энг осон қавлни, амалий ҳаётга татбиқ қилишга энг яроқлисини тақдим қилади.

Биз иккинчи табақа ҳақида, яъни толиби илм ҳақида гаплашаётган эдик. Толиби илмнинг бир мазҳабни ўрганиши жуда муҳимдир, чунки унинг бу таълими энг осон ишга олиб боради. Мен бошиданоқ бирор нарсанинг энг осонига фатво беришни истасам, лекин бирор мазҳабни мукаммал ўрганмаган бўлсам, фатво беришнинг умуман имкони йўқ, чунки инсон бир мазҳабни унинг илмий қоидалари билан, тартиблари билан ўргансагина фақиҳ бўла олади. Акс ҳолда бу иш сиртдан солиҳ амалдек кўринса ҳам, аслида фосид иш бўлади. Энди бир мулоҳаза қилайликки, бундайлар ишнинг аввалиданоқ ҳеч қайси мазҳабни ўрганмаган бўлади. Кейин эса «Бу қавл ҳанафийлар наздида, бу қавл эса шофеъийлар наздида» ва ҳоказо деб, гапириб ўтираверишади. Уларнинг қилаётган иши, айтаётган гапининг аввали сафсата, охири эса зиндиқликдир. Бошиданоқ тутган йўлининг ўзи номаълум. Ўзи маъноларини яхши билмай туриб, уламоларнинг фикрларини саралашга тушиб, орасидан рухсатларни териб юришади. Қилаётган иши ҳеч қайси илмий қоидаларга тўғри келмайди. Шунинг учун ҳам аввали сафсатадан бошқа нарса эмас. Охири зиндиқлик дедик, чунки бу кетишда бора-бора Исломдан чиқиб кетади. Шунинг учун ҳам таҳаллул ва ташаддуд йўналишидан юрганларнинг деярли ҳаммасида ишнинг охири куфр билан тугаяпти. Афсуски, бир қанча биродарларимдан эшитдим, шариат илмларини Америка ва Европада, ғарб услубида ўрганаётганларнинг кўпчилиги диндан чиқяпти экан, чунки уларда мукаммал қоидаларга асосланган, ҳақиқий мазҳаб йўқ. Шаръий дарслар нотўғри тузилган дастур бўйича кетяпти. Демак, айнан мана шу нарса уларнинг диндан чиқишига сабаб бўляпти.

Аслида бунинг акси бўлиши керак эмасмиди?

Ижмоъга хилоф тарзда барча рухсатларни олиш мумкин эмас. Ибн Қудома ва бошқа уламолар бунинг жоиз эмаслиги, унга эътибор ҳам берилмаслигини нақл қилишган. Бугунги кунда биз гувоҳ бўлаётган шариат борасида айтилаётган енгил-елпи гаплар инсонни шубҳага солиб қўймоқда. Хусусан, Мисрдаги оммавий ахборот воситалари бунга мисол бўла олади. Буларнинг ҳаммасига «осонини, енгилини танлаш керак», деган беҳуда гаплар сабаб бўляпти. Натижада одамлар мураккаб вазиятга, катта фитнага тушиб қоляпти.

Энди замонавий масалаларга келсак. Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ ҳозирги масалаларга фатво бермаган. Сабабини тушуниб турибсиз. Энди бояги биз фараз қилган мутлақ мужтаҳид замонавий масалаларда фатво бермоқчи бўлса, нималарга риоя қилиши керак? Аввало, муайян қоидалар ишлаб чиқиши керак. Масалалар эса тўғридан-тўғри Қуръон ва Суннатдан эмас, қоидалардан олинади. Қоидалар эса ўз навбатида Қуръон ва Суннатдан олинади. Энди: «Нима учун масалалар билан Қуръон ўртасида қоида ва усуллар бўлиши керак?» деган савол туғилади, чунки зоҳиран бир оят бошқа бир оятга, бир ҳадис эса бошқа бир ҳадисга зид бўлиши мумкин-да! Масалан, бирор масалада фатво берсак, аввало бу борада Қуръонда, сўнгра Суннатда, сўнгра саҳобаларнинг асарларида нима дейилганига қараймиз. Мана шу манбалар ўз ичига олган маънолар «қоида ва усуллар» деб номланади. Усулул-фиқҳнинг истеъмоли бўйича шундай. Хўп, аввало қоида ва усулларни ишлаб чиқиши керак, дедик. Кейин ўша мужтаҳид бу қоидаларни замонавий масалаларга қандай татбиқ қилади? Бунинг учун замонавий масалаларни тўғридан-тўғри Қуръон ва Суннатга кўра чиқара олмайди, балки қоидалар асосида чиқаради, акс ҳолда илмий жиҳатдан хато бўлади. Агар масалани тўғридан-тўғри Қуръонга кўра ҳал қилса, оятнинг бирига амал қилиб, бошқасини тарк қилишга мажбур бўлиб қолади. Қуръон ва Суннатдаги қоидаларни эса ўтган уламоларимиз ишлаб чиқиб бўлишган. Демак, мужтаҳид замонавий масалада фатво бермоқчи бўлса, аввало янги қоида ишлаб чиқиб, шунга биноан фатво бериши керак бўлади. Ҳолбуки, қоидалар ва усуллар аввалги мужтаҳид уламолар томонидан мукаммал ишлаб чиқилган. Бу янги мужтаҳид эса худди уларникидек қоидалар ишлаб чиқиши керак бўлади. Қани, айтинг-чи, у ишлаб чиққан қоидалар аввалги уламоларнинг қоидаларидан устун бўла оладими? Асло йўқ. Унинг қоидаларини афзал дейишимиз учун салаф уламоларни жоҳилликда айблашимиз керак бўлиб қолади. Ҳозирги кунда миллионлаб ҳанафий, шофеъий мазҳаби уламолари бор. Бу зотлар ҳам барибир замонавий масалаларга салаф уламолари ишлаб чиққан қоидалар асосида фатво беришади. Яна айтамизки, ҳали бу биз уни Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ билан бир даражада деб фараз қилганимизда шундай. Демак, бундай мужтаҳиднинг бизга ҳеч қандай фойдаси йўқ экан, чунки унга ҳеч қандай иш қолмаган. Мабодо қадимги масалаларга унинг қоидаларига кўра фатво берсак ҳам, замонавий масалаларга фатво бериш учун мос қоидалар ишлаб чиқиши керак. Лекин унгача бугунги авлод дунёдан ўтиб кетади. Унинг қоидалар ишлаб чиқиши учун эса ўттиз, қирқ, эллик йил керак бўлади. Ўзи аслида масалаларни татбиқ қиладиган қоидаларимиз бор эди-ку! Демак, мен сизга айтган гаплардан келиб чиқсак, ўтган уламоларимиз ниҳоятда ақлли зотлар бўлганини кўрамиз, чунки уч, тўрт, беш, олтинчи асрларда яшаб ўтган уламолардан бирортаси мутлақ мужтаҳидликни даъво қилмаган, чунки, боя айтганимдек, бунга эҳтиёж бўлмаган. Бунинг ўрнига мусулмонларга фойдаси тегадиган бошқа иш билан шуғулланган афзал. Негаки, бундай олимларнинг пайдо бўлиши уммат орасида фитна қўзғалишига сабаб бўлади. Бундай олимлар қиладиган ижтиҳоддан ҳам ҳеч қандай наф йўқ. Бу айтган барча гапларимиз мутлақ мужтаҳидлик шартларини ўзида жамлаган одамга тегишли эди.

«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг