АЛЛОМА МУҲАММАД ШАФИЪ УСМОНИЙ РАҲИМАҲУЛЛОҲ
Мавлоно, аллома, шайх, муфтий Муҳаммад Шафиъ раҳимаҳуллоҳ Ҳиндистон ва Покистонда дин байроғини кўтарган, Аллоҳнинг калимаси олий бўлиши учун ҳаёти ва куч қувватини сарфлаган, Ҳинд диёридаги Девбанд илм даргоҳида таждид чироғини ёққан йирик ҳанафий уламолардандир. Шайх раҳимаҳуллоҳ 1314 ҳижрий сананинг 21 шаъбонида дунёга келди.
Бу зот бугунги кунда замонамизнинг энг биринчи фақиҳи деб тан олинган ҳанафий олими шайх Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг оталари бўлади.
У зот илм ва маърифат орасида ўсиб улғайди. У ёшлигидан катта уламолар қўлида дарс олиб орифлар суҳбатини лозим тутди. У зот 1325 ҳижрий санада Қуръони Каримни ёдлаб бўлиб, Девбанд мадрасасига ўқишга кирди. У бу илм даргоҳида бутун Ҳиндистон ва ундан ташқарида ҳам машҳур бўлган катта уламолардан ўн йил давомида таълим олди.
Шайх Муҳаммад Шафиънинг устозларидан бири ҳофиз, муҳаддис, муҳаққиқ, аллома, шайх Анваршоҳ Кашмирийдир. Бу зот илм ва маърифатда туганмас денгиз эди. У ҳар бир фанни чуқур билар, зеҳни ўткирлик ва балоғатда Аллоҳнинг мўъжизаси эди. Шайх Муҳаммад Шафиъ бу зотда Бухорийнинг «ал-жомиъ ас-саҳиҳ»ларини, Термизийнинг «Сунан»ларини, «Шамоил»ни, «Илал»ни, » Фалсафтул жадида»ни, тибга оид «Шарҳун Нафисий»ни таълим олди. Муҳаммад Шафиъ унинг энг кўзга кўринган шогирдларидандир. Кашмирий уни яхши кўрар, Қодёнийларга раддия бериш ишида унга кўмаклашадиган яқин асҳоблари сафига олган эди. Шайх Муҳаммад Шафиъ раҳимаҳуллоҳ Кашмирийнинг буйруғи билан «Хатмун нубувва» номли китобни урду тилида, «Ат-тасриҳ бима тавотара фий нузулил Масиҳ» ва «Ҳадийятул Маҳдиййин фий оёти хотамин набиййин» номли китобларни араб тилида ёзди.
Шайх Муҳаммад Шафиънинг устозларидан яна бири мавлоно, муфтий Азизур Раҳмон раҳимаҳуллоҳдир. Бу зот уламо ва фуқаҳоларнинг буюкларидан эди. Шайх бу зотнинг ҳузурида имом Моликнинг «Муватто»ларини Яҳё ибн Яҳё ва имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний ривоятлари билан ўқиди. Яна имом Таҳовийнинг «Шарҳи маъонил осор»ларини , Суютий ва Маҳаллийларнинг «Тафсирул Жалолайн»ларини, Табризийнинг » Мишкотил масобиҳ»ларини, ҳофиз ибн Ҳажарнинг «Шарҳу нухбатил фикар»ларини ҳам шу зотда таълим олди.
Шайхнинг устозларидан яна бири шайх, саййид, мавлоно Асғар Ҳусайн Ҳошимий ал-Ҳасаний эди. Бу зот ўз асрининг кўзга кўринган уламоларидан бўлиб унда тавозуъ ва Аллоҳдан қўрқиш каби исломнинг гўзал ахлоқлари намоён эди. Шайх Муҳаммад Шафиъ бу зотда Абу Довуднинг «Сунан»ларини, Насоийнинг » Ас-сунанул кубро»ларини ҳамда Термизийнинг «Сунан»ларини охирги жузларини таълим олди.
Шайхнинг устозларидан яна бири буюк даъватчи, шайхул ислом мавлоно Шабир Аҳмад ал-Усмонийдир. Бу зот имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ларига «Фатҳул мулҳим» номли шарҳ ёзган. Муҳаммад Шафиъ раҳимаҳуллоҳ бу кишида имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ларини ҳамда «Ҳидоя»нинг бир қисмини таълим олди.
Шайх Муҳаммад Шафиъ раҳимаҳуллоҳнинг устозларидан яна бири фозил имом, адабиёт ва фиқҳ шайхи мавлоно Эъзоз Али раҳимаҳуллоҳдир. Бу зот фақатгина адабиётда эмас, бошқа илмларда ҳам моҳир эди. Шайх Муҳаммад Шафиъ бу зотда «Ҳидоятул ҳикма»нинг шарҳини, «Ақоидун Насафий»нинг Тафтазонийга оид шарҳини ,Садруш Шариъанинг «Шарҳул виқоя»сини ва бошқа рисолаларни таълим олди. Шайхнинг устозларида яна бири файласуф, шайх мавлоно Муҳаммад Иброҳим Балёвийдир. Шайх Шафиъ бу кишида » Ас-садро»ни ва «Аш-шамсул бозиға» китобларини ўқиди.
Шайх Шафиъ 1335 йилда дарсларни тугатди. Талабалар ичида етакчи бўлгани учун устозлари томонидан Дорул улумга муаллим қилиб таъйинланди. 1336 йилдан дарс беришга киришиб тезда талабалар меҳрини қозонди. Йигирма олти йил шу мадрасада тафсир, ҳадис, фиқҳ ва бошқа илмлардан дарс берди. Бу муддат ичида унинг илм ва маърифатидан жуда кўп инсонлар фойда олди.
ТАРИҚАТ ШАЙХЛАРИГА, ХУСУСАН ШАЙХ АШРАФ АЛИ ТАҲОНАВИЙГА БОҒЛАНИШИ
Шайх Муҳаммад Шафиъ раҳимаҳуллоҳ ёшлигидан устозларидан фойда олишга, буюк шайхлар суҳбатидан истифода қилишга ҳарис эди. У доим буюк даъватчи, «шайхул Ҳинд» мавлоно Маҳмуд Ҳасан Девбандий мажлисларига ҳозир бўлар, унинг ирфон булоғидан қониб ичар эди. Шайх Маҳмуд Ҳасан Малта оролига сургун қилингач «ҳакимул уммат» Таҳонавийга мурожаат қилди. Маҳмуд Ҳасан Девбандий Девбандга қайтгач 1339 ҳижрий санада у зотга байъат қилди. Токи шайх Девбандий вафот этгунга қадар уни лозим тутди. У зот вафот этгач иккинчи марта шайх Таҳонавийга мурожаат қилди ва унинг қўлида 1346 санада байъатни янгилади. Шайх Таҳонавийни ўн олти йил лозим тутди. Таҳонавий уни яхши кўрар ва яқин асҳобларидан ҳисоблар эди. Муҳим диний ишларда у билан маслаҳат қилар эди. Таҳонавий шайх Муҳаммад Шафиъга бир нечта китобларини ёзишда кўмакчи бўлиб ўзининг серфайз маслаҳатларини берган эди. У шайх Таҳонавийни 1362 ҳижрий санагача лозим тутди. 1349 санада шайх Таҳонавий унга иршод бериб тариқатдаги халифаларидан қилди.
ФАТВОГА ЭЪТИБОРИ
Шайх Муҳаммад Шафиъ раҳимаҳуллоҳ Девбандда дарс берган замонидан бошлаб фатвога алоҳида эътибор қаратди. У устози бўлмиш фатво ҳайъати раиси шайх, муфтий Азизур Раҳмонга ёрдамлашиб турар эди. Устоз Азизур Раҳмон вафот қилгач бу ўрин бўшаб қолди. Бошқа устозлар бу мансабга шайх Муҳаммад Шафиъни муносиб кўришди. У 1350- 1362 саналар оралиғида шу мансабда хизмат қилди. Кейин 1367 ҳижрий, 1948 мелодий санада Покистонга ҳижрат қилди. У ерда Карочи дорул улумига асос солди. У халқ диний университетидир. Бугунги кунда у Покистондаги энг катта диний илмлар маркази ҳисобланади.
АСАРЛАРИ
Шайх Муҳаммад Шафиъ уммат учун фойдали тафсир, ҳадис, фиқҳ, тасаввуф, адабиёт, ақоид, ижтимоий одоб ва бошқа мавзуларга оид кўп асарлар қолдирган. Қуйида у зотнинг баъзи муҳим асарларини баён қилиб ўтамиз:
1. Маорифул қуръон. Бу урду тилида ёзилган тафсирдир. У саккиз мужалладдан иборат бўлиб унда қуръони карим маънолари жуда гўзал услубда шарҳланган.
2. Жавоҳирул фиқҳ. Бу китоб кўп сўраладиган саволлар мазусини ўз ичига олган фиқҳий рисолалар мажмуаси бўлиб, унда қирқдан ортиқ мавзулар муолажа қилинган.
3. Хатмун нубувва. Бу китоб Қодиёнийларга раддиядир.
4. Сийрату хотамил анбиё. Бу асар Расули акрам саллоллоҳ алайҳи ва салламнинг сийратларини жамловчи қисқа асардир.
5. Ал-олотул жадида. Бу китоб замонавий ихтиролар ҳукмини баён қилади.
6. Аҳкомул арозий.
7. Имдодул муфтийн. Бу китоб Девбандда яшаган пайтда чиқарган фатволари мажмуасидир.
8. Ат-тасриҳ бима тавотара фий нузулил Масиҳ. Бу китоб шайхнинг устози Анваршоҳ Кашмирийнинг буйруғи билан ёзилган араб тилидаги мўъжаз китобдир. Бунда Исо алайҳис салом ҳақларидаги ҳадислар жамланган.
9. Ҳадийятил маҳдиййин фий оёти хотамин набиййин. Бу китоб каззоб Қодиёнийларга раддия ўлароқ ёзилган китобдир. Буни ҳам Анваршоҳ Кашмирийнинг буйруғи билан ёзган.
ШАЙХНИНГ ВАФОТИ
Шайх Муҳаммад Шафиъ Усмоний раҳимаҳуллоҳ 1396 ҳижрий сананинг 11 шаввол кечаси вафот этди. Бу мелодий 1976 йил 1 октябрга тўғри келади. Бу зотнинг жанозасига эллик мингга яқин киши иштирок қилди.
Аллоҳ улуғ шайх Муҳаммад Шафиъ Усмонийни Ўз раҳматига олиб, қилган хизматларини Ўзи қабул қилиб, даражаларини олий қилсин!