ЎТИРГАН ҲОЛАТДАГИ УЙҚУ ТАҲОРАТНИ БУЗАДИМИ?
CАВОЛ: 1-2 дақиқалик ўтирган ҳолатдаги уйқу таҳоратни бузадими?
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Ўтириб ухлашнинг бир неча хил кўринишлари бор. Баъзиларида таҳорат синади, баъзиларида синмайди.
Чордона қуриб ўтириб, ёки аёлларнинг ўтириш (оёғини бир томондан чиқариб, кетини ерга қўйиб ўтириш)идек ўтириб ухлаганда таҳорат синмайди.
Бир киши ўтириб ухлаб, эгилиб-эгилиб кетса, гоҳида кети ердан узилса, Шамсул аимма Ҳалвоний айтадилар: “Мазҳабнинг зоҳирига кўра бу ҳолат таҳоратни синдирмайди”. Бир киши ўтириб ухлаб, юзи билан ё ёнбоши билан йиқилди, йиқилишидан аввал, ё йиқилаётганда, ё йиқилганданоқ ўйғонса, таҳорати синмайди. Йиқилгандан кейин бироз ухлаган ҳолда қолиб, кейин ўйғонса, таҳорати синади.
Олдинга эгилиброқ, товонига кетини қўйиб ўтириб ухласа, унга таҳорат қилиш шарт эмас.
Бир нарсага суяниб ухлаётган одамни (фаразан) суянган нарсаси олиб ташланса, йиқилиб кети ердан узилса, ҳеч шубҳасиз таҳорати синади, кети ердан узилмаса, саҳиҳ сўзга кўра таҳорати синмайди. Бу ҳолатларда уйқу ғолиб келиши ёки ўзи қасддан ухлашининг фарқи йўқ (“Фатвои ҳиндия” китоби).
Демак, 1-2 дақиқалик ўтириб ухлаш, агар йиқилиб ухлаб қолмаса, таҳоратни бузмайди. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar