Мақолалар

ИСРО ВА МЕЪРОЖ КЕЧАСИ

Нубувватнинг ўн иккинчи йили, Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Маккадан Мадинага ҳижрат қи­лиш­ларидан олти ой аввал у кишини Аллоҳ таоло “Исро” ва “Меъ­рож” мартабаси билан сийлади. Исро – Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бир кечада Қуддусдаги Масжидул Ақсога бориб, зиёрат қилиб, шу кечанинг ўзида яна Маккага қайтиб келиш­ларидир. Бу ҳақда Қуръони каримда:

«(Ўз) бандаси (Муҳаммад)ниунга мўъжизаларимиздан кўр­сатиш учун (Маккадаги) Масжидул Ҳаромдан (Қудсдаги) Биз атрофини баракотли қилган Масжидул-Ақсога тунда сайр қилдирган Зотга тасбеҳ айтилурДарҳақиқатУ эшитувчи ва кўрувчидир» (Исро, 1), дейилган.

“Меърож” эса, “аҳли сунна вал жамоа” уламоларининг итти­фоқ қилишларига қараганда, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг жисмлари билан олий оламга кўтарилиб, Парвар­ди­горнинг қудратини ўз кўз­лари билан кўриб тушганларидир.

Жаброил (алайҳиссалом) Аллоҳнинг амри билан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни бир кеча Каъбадан олиб, Буроқ­қа миндириб, Масжидул Ақсога олиб борди. У ерда икки ракат намоз ўқигандан кейин самога кўтарилдилар. Самода жаннат­да­ги, жаҳаннамдаги ҳамма нарса кўрсатилди.

Меърож ҳақида Имом Бухорий ва Имом Муслим ўз китобла­рида ривоят қилган ҳадисни Қози Иёз “Аш-шифо” китобида нақл қилган. Бу ҳадисда жаноби Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар:

«Менга Буроқ келтирилди. У эшакдан баландроқ, хачирдан эса пастроқ ҳайвон бўлиб, югурганда туёғини кўзи етган жойга таш­лаб сакрар эди. Унга миниб бир лаҳзада Байтул Муқаддасга етдим. Масжидга кириб, икки ракат намоз ўқиб чиқдим. Менга Жаб­роил бир идишда шароб, иккинчи идишда сут келтириб тутди. Мен сутни олган эдим, Жаброил: “(Соф) фитратни танладингиз”, де­ди. Кейин биз осмонга кўтарилдик. Биринчи осмонда мен Одам (алайҳиссалом) билан кўришдим. Иккинчи осмонда Исо ва Яҳё (алайҳимассалом) билан учрашдим. Учинчи осмонда Юсуф (алайҳиссалом)ни кўрдим. Тўртинчи осмонда Идрис (алайҳисса­лом)ни, бешинчисида Ҳорун (алайҳиссалом)ни, олтинчисида эса Мусо (алайҳиссалом)ни зиёрат қилиб, дуоларини олдим. Еттин­чи осмонда Иброҳим (алайҳиссалом)ни Байтул Маъмурга суяниб тур­ганларини кўрдим. Унга ҳар куни етмиш минг фаришта кириб, зиё­рат қилиб кетар экан. Сўнг “Сидратул мунтаҳо” дарахти ёнига кел­дим. Аллоҳнинг амри билан бу дарахт шундай гўзал ҳолга кел­ган эди, уни таърифлашдан инсон тили ожиз эди. Аллоҳ шу ерда ме­нинг умматимга эллик вақт намозни фарз қилди. Мен Мусо (алайҳиссалом)нинг ёнига тушдим ва умматимга буюрилган фарз амални айтдим. Мусо (алайҳиссалом): “Умматингиз бу амални ба­жаролмайди, Аллоҳ­дан енгиллатишини сўранг”, деб қайтарди. Мен Мусо (алайҳиссалом) билан Аллоҳ ўртасида чунон қатна­дим, ниҳоят Аллоҳ деди: “Эй Муҳаммад, сизнинг умматингиз учун ҳар кеча-кундузда беш вақт намозни фарз қилдим ва уни эллик вақт ўрнида қабул қиламан”. Мусо (алайҳиссалом) яна мени қай­тарди. Мен энди Аллоҳдан ҳаё қиламан, деб беш вақт намоз­нинг фарзлигига рози бўлдим».

Меърож ҳодисасига мушриклар мутлақо ишонмади. Расулул­лоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг устиларидан кула бошлаш­ди ва синаб кўрмоқчи бўлишди. Улар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам)дан Масжидул Ақсонинг ичига ўрнатилган устунлар нечта экани, Шомдан Маккага қайтаётган Қурайш карвони қаер­га етиб келганини айтиб беришларини сўради.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Масжидул Ақ­сонинг еттита устуни бор бўлиб, намоз ўқиётганларида ўнг то­мон­ларида тўртта, чап томонларида учта устун бўлганини айтиб бердилар. Масжидул Ақсони кўрган кишилар бу гапни тасдиқ­лади. Карвон ҳақидаги саволга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):

“Карвоннинг бир бўлагини мен Зажъон деган жойда учрат­дим. У ҳозир Танъим тоғидан пастга тушиб келмоқда. Карвон кун чиққан вақтда Маккага кириб келади. Олдида кулранг туя бошлаб келмоқда”, деб жавоб бердилар.

Бу гапни эшитган кишилар карвонни кутиб олиш учун Макка ташқарисига жўнади. Бир томондан “ана, кун чиқди”, иккинчи томондан “ана, карвон кўринди”, деб бақиришди.

Мўъжизага ўз кўзлари билан гувоҳ бўлиб турган бўлишса-да, Қурайш мушриклари Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­нинг сўзларига ишонишмади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам)нинг устиларидан кулиб:

“Бунинг ишонган одами Абу Бакрга айтайлик, дўстининг асл башарасини кўриб қўйсин”, деб Абу Бакрга етказишди. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу):

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай деган бўлсалар, сўзсиз ишонаман. Чунки у зот ёлғон гапирмайди”, деди.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) у кишининг садоқатларини юксак баҳолаб, “сиддиқ” деб ном бердилар.

Маккада Исломни қабул қилганлар сони ҳазрат Умар ибн Хат­тоб билан қирқ кишига етди. Мусулмонларга турли йўллар билан озор берувчилар сони эса кўп эди. Улар орасидан мусулмонларга энг кўп азият берганлари: Абу Лаҳаб ва унинг хотини, Абу Жаҳл ибн Ҳишом, Ҳакам ибн Абул Ос, Уқба ибн Абу Муъайт, Абу Бухта­рий, Асвад ибн Абдуяғус, Асвад ибн Муттолиб, Надр ибн Ҳорис, Умайя ибн Халаф, Мунаббиҳ, Ос ибн Воил, Асвад ибн Абдул Асад, Абу Қайс, Соиб, Осим ибн Саид, Ҳорис ибн Қайс, Ос ибн Ҳишом­лар эди.

Улар мусулмонларга масхара назари билан қарашар, Пай­ғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни кўрганда: “Мана ўша кўкдан хабар берадиган, ўзига турли сирлар очилаётганини даъ­во қиладиган Муҳаммад ибн Абдуллоҳ”, деб бир-бирларига кўр­сатиб кулишарди.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мушриклар­нинг тазйиқидан қаттиқ қийналган мусулмонларга Ясрибга ке­тиш­лари учун изн бердилар. Шундай қилиб, нубувватнинг ўн учин­чи йили муҳаррам ойида Ясрибга ҳижрат бошланди. Имонла­рини сақлаб, молу мулк ва яқинларидан ажраб Ясрибга сафар қил­ган мусулмонлар “муҳожирлар”, уларга уй-жой бериб, қалби очиқ­лик қилган ясрибликлар эса “ансорлар” дейилди.

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” (1-жилд) китобидан

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг