МУРШИДИ КОМИЛЛАР ҚАЛБЛАРНИНГ ТАБИБЛАРИДИР
Аллоҳнинг дўсти бўлмиш валий зотлар – муршиди комиллар қалбий хасталикларнинг табибларидир. Маънавий дардлардан тозаланиш, уларнинг таважжуҳларига боғлиқ. Уларнинг муборак сўзлари қалбга руҳга даво, назарлари эса шифодир. Улар шундай жамоатки, уларнинг мажлисида бўлганлар (дунё ва охиратда) шақий (бадбахт) бўлмайдилар. Улар Аллоҳ таолонинг жалислари (маҳлуқотларнинг унга энг яқин бўлганларидир). Уларнинг ҳурматига ёмғирлар ёғади. Улар сабабли барча махлуқлар ризқлантирилади.
Қалбий касалликларнинг аввали, маънавий хасталикларнинг асоси, қалбнинг мосиваллоҳга, яъни, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан бошқа нарсаларга боғланишидир. Бу боғлиқликдан қутилмай туриб, қалбнинг саломати тасаввур қилина олмайди. Чунки Аллоҳ таоло ҳақида ширк, асло жоиз эмас. Яхши билингки, “Огоҳ бўлингким, холис дин Аллоҳникидир…” , маъносидаги Зумар сурасининг 3-ояти жалиласи Жаноби Хақ таолонинг муҳаббатда шерикликни қабул қилмаслигига қатъий далилдир. Шундай экан, энди мосивога (бошқа нарсаларга) муҳаббат, Аллоҳга бўлган муҳаббатдан устун бўлса, нажотни тасаввур қилиш мумкинми? Аллоҳга бўлган муҳаббат Аллоҳдан бошқа нарсаларга бўлган муҳаббатнинг ёнида йўқ бўлиб кетса ёки унга нисбатан мағлуб бўлса, бу ҳолат жирканчликнинг, тубанликнинг, ҳаёсизликнинг ниҳоий нуқтасидир.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва салалм)нинг “Ҳаё иймондандир” ҳадиси шарифларидан мақсад ҳам мана шу ҳаё бўлса ажабмас.
Қалбнинг мосивога (Аллоҳдан бошқа ҳеч бир нарсага) боғланмаганининг, майл этмаганининг аломати – қалбнинг мосивони батамом унутиши, ундан воз кечишидир. Бу ҳол шундай бўлиши керакки, инсон ўзини мажбурлаб бўлса ҳам қалбига қатъийян бошқа нарсаларни келтиролмаслиги керак. Бундай кишининг қалбини Аллоҳдан бошқа нарсаларга боғлаши мумкинми?
Бу мақом, аҳлуллоҳ орасида “Фано мақоми” – деб таъбир қилинади. Бу эса тариқатга бўлган биринчи қадамдир. Бу маънавий мақом, азалий нурларнинг зуҳури, маърифат ва ҳикматларнинг келиб бошлаганининг аломатидир. Мосиводан йироқлашиб, бу мақомларга эришилмас экан, у банданинг охиратдаги аҳволи жуда аянчлидир.
Имом Раббонийнинг “Ал-Мактубот”, 1/109-мактуби асосида.