БУХОРОНИНГ “ОЛТИН ҲАЛҚАСИ”
Ўзбекистон азалдан буюк олимлар, тафаккур маёғини баланд кўтарган, инсоннинг қалбини, ўзини халос қиладиган йуллар излаган, уни топган ва шундай халос қилувчи таълимотлар яратган уламолар юрти бўлиб келган. Бу юртдан етишиб чиққан буюк алломаларнинг нафақат асарлари, балки хоки-поклари ётган жойлар ҳам асрлар давомида етти иқлимдан келган сайёҳлар учун муқаддас зиёратгоҳ хисобланади. Шундай қадамжолар Бухорода кўплаб топилади. Айниқса, етти пир, Бухоро авлиёлар силсиласининг “олтин халқаси” номи билан машҳур бўлган авлиёларнинг қадамжоларини зиёрат қилиш умра ҳажлари билан тенглаштирилганининг ўзиёқ бу фикрнинг далилидир. Бухоро ана шундай пирлар макони. Бу шаҳар ва вилоятда ўнлаб буюк алломаларнинг мақбаралари борки, бу мақбаралар мустақилликдан кейин қайта таъмирланиб, обод гўшаларга айлантирилди.
Халқ ичида етти пирнинг хоку поклари ётган қадамжоларни зиёрат қилганлар руҳан покланишни бошдан кечирадилар деган қараш бор. Ростдан хам шундайми? Умуман, етти пирнинг зиёрати нимани англатади? Нега бу пирларни зиёрат қилиш руҳий покланиш билан баробарлаштирилади?
Гап шундаки, етти пир қарийб 250 йил давомида Бухорони, умуман, Марказий Осиёни ислом, тасаввуф маънавиятининг марказига айлантирди ва XII асрдан то шу бугунгача хизмат қилишда давом этмоқда. “Руҳий покланиш” дегани ҳам шу, буюк авлиёларнинг ҳаёт йуллари, ҳикматлари, ақидалари билан зиёратчининг маънавий оламини бойитади, фикрларини теранлаштиради, ҳаёт ҳақидаги тушунчаларини кенгайтиради ва соддалаштиради, яъни тирикликнинг ҳақиқий моҳиятини кўрсатиб беради. Бу эса ҳар бир одамни руҳий улғайтиради. “Руҳий покланиш” аслида руҳий улғайиш демак. Бу авлиёларнинг ҳар бири ўзига хос хаёт, ақида йулига эга аммо олам, одам, илоҳиёт, ҳаёт, тириклик маъно ва моҳият ҳақидаги қарашлари бир хил, уйғун яхлитки, ана шу яхлитлик уларни буюк пирлар, муршидлар сифатида янада улуғлаштиради.
Етти пир. Бошқача айтганда XII асрдан токи XV аср ўрталаригача Бухорода тасаввуф ва тариқатнинг, бошқача айтганда, қалб ҳидоятининг “олтин ҳалқа”сини ташкил қилган бу улуғ муршидлар ўзларидан кейин шундай буюк таълимот ва ибратлар қолдиришдики, асрлар ўтса ҳам бу ибратлар маънавий дунёмизнинг устунлари бўлиб келмокда, бизларни ҳам эзгулик ва ибрат йулига бошламоқда. Уларни зиёрат қилишнинг ўзи ҳам ана шу эзгулик ва ибратни эслаш кўнгилни халос қилиш сари ташланган қадамлардир. Бу пирлар шунчаки диний билимлари туфайлигина бу қадар буюк ва эъзозли бўлмаган. Улар ўзларининг ибратли хаёт йўллари, тил ва дил бирлиги, ҳаром билан ҳалолнинг аниқ чегарасини билишгани ва унга қатъий амал қилишгани, дунёда инсон учун енгиб бўлмайдиган нафс, ёлғон, тубанлиқ риёкорлик ва кибрнинг устидан қилган мутлақ зафарлари билан хам шу қадар мукаррамдирлар. Улар камтар, камсуқум ва фақир ҳаёт кечиришиб, аммо буюк инсонларга хос фазилатларга эга бўлдилар ва буюк инсонлар, комил инсонлар қандай бўлиши кераклигини ўз ҳаёт йўллари билан исботлаб бердилар.
Агар исташса, улар зару тиллога кўмилиб яшашган бўлишарди. Аммо уларнинг улуғлиги ҳам айнан ана шунда. Камтар ва фақир яшаганларида. Илм ва маърифатгина кишини ана шундай юксакликка кўтаради. Илм инсонни буюклаштиради. Буюк инсонлар камтар ва оддий бўлишади. Мана шулар эмасми, биз чиқарадиган сабоқлар? Биз қуйида “олтин халқа”ни ташкил қилган етти пир ҳаёти ва эътиқодлари, қарашларининг энг муҳим нуқталарини мухтасар ҳикоя қилиш орқали бу пирлар хақида тасаввур уйғотишни мақсад қилдик.
Ҳазрат Абдулхолиқ Ғиждувоний – Хожаи Жаҳон, Хожа Абдулхолиқ исми билан дунёга машҳур Хожа Абдулхолиқ 1103 йилда Ғиждувонда таваллудтопганлар. Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний “Силсилаи шариф”да ўнинчи, Бухоро “олтин ҳалқаси”да эса биринчи пир сифатида зикр қилинган. Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний Имом Садриддин, Юсуф Ҳамадоний ва Ниёз Хоразмийлардан таълим олган. Хожа Абдулхолиқ зикри хуфия таълимини ўргатганлар. “Зикри хуфия” – бу зикрни, яъни ибодатдан холи ҳолда, ошкора тарзда эмас, кўз-кўз қилмасдан завқ ва шавқ олишни тарғиб қилганлар. Зикрнинг хуфиялиги аллома тарғиб қилган камтарлик ва фақирлик тушунчалари билан боғлик.
Ғиждувоний, умуман, “олтин халқа”нинг пирлари асарларида инсоннинг энг улуғ фазилатлари ва тириклик асослари сифатида илмни, сахийлик ва камтарликни, нафсни жиловлаш, ҳалоллиқ одамийлик меҳр-шафқат, бошқаларга ёрдам бериш, одобли ва хушмуомала бўлишни тарғиб қилган ва ўзи эса бутун умри давомида ана шу фазилатларга амал қилиб яшаган. Бойликка ружу қўйиш, очкўзликҳасад, ҳаром-ҳариш, кибр ва манманлик инсонни Яратгандан ҳам, табиатдан ҳам, қалбдан ҳам узоқлаштиради деб ҳисоблашган. Буюк алломаларнинг ушбу қарашлари асрлар давомида миллий-маънавий дунёмизни тарбиялаб келди ва ҳалигача ўз қимматини йўқотгани йўқ. Алломалар ҳам тарғиб, ҳам амал қилган бундай фазилат ва қадриятлар инсонни нафақат азиз ва мукаррам қилади, балки уни барча фалокатлардан асрайди. Кимки бу фазилатлардан чалғиса, уларни муқаррар ҳалокат кутади. Ана шу хулосаларнинг ўзи ҳар бир зиёратчининг кўнглидан ўтади ва руҳан поклайди- Махдуми Аъзам “Тўрт сўз ҳақида рисола” асарида хожагон тариқатининг Ғиждувоний томонидан белгиланган тўртта қоидасини алоҳида таъкидлаган. Бу қоидалар қуйидагилар деб кўрсатади Махдуми Аъзам. Биринчиси ихвон – биродорлиқ яъни тариқат аъзолари ҳамфикр, ҳамнафас бўлишлари керак. Иккинчиси макон – мавқе, яъни тариқат вакиллари мавқеларга эга бўлиб, мартабасига мувофиқҳар ким ўз даражасини билиши ва унга қатъий амал қилиши, уни суъистеъмол қилмаслиги шарт. Учинчиси – замон. Замон – илоҳий тушунча. Кечаги бугунга тўғри келмаслиги мумкин, бугунги эртага тўғри келмайди. Шундай экан, тариқат вакиллари бугундан, кечадан устун туришлари, абадий қадрланадиган фазилатларни ва қадриятларни улуғлашлари керак. Мабодо қавмлар ўртасида ихтилоф пайдо бўлса, тариқат вакиллари қавмларга қўшилиб, бўлиниб кетмаслиги керак, аксинча уларни абадий замон нуқтаи назаридан бирликка ва ахилликка ундашлари шарт. Зеро инсон ирқи, тили, мавқеидан қатьи назар тенг ва бир хилдир. Ана шу қарашнинг ўзида ҳар қандай маҳал инкордан олдин иқрорга келиш, моҳиятни англаш, фақат инсонпарварликкагина хизмат қиладиган ишларни эъзозлаш ва эътироф этиш ҳамда қўллашга ундов сезилади.
Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг Хожа Аҳмад, Хожа Авлиё Калон, Хожа Сулаймон Кармоний, Хожа Ориф Ревгарий исмли халифалари бўлган.
Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний 1179 йили вафот этган. Қабри Ғиждувон шаҳрида зиёратгоҳҳисобланади. Мақбаранинг ёнида Мирзо Улуғбек Мадраса қурдирган (1432 – 1433). Бу ерда масжиди жомеъ ҳам бор.
Давомли
Тошкент шаҳар, “Ислом ота” жомеъ
масжиди имом хатиби
Жасур РАУПОВ