Мақолалар

ВАҚТГА ЭЪТИБОР

Вақтга эътибор

Қуръони каримда ва суннатда вақтга ҳар томонлама ва турли шаклларда эътибор берилган. Шундай эътиборларнинг энг аввалида вақт ҳам Аллоҳнинг буюк бир неъмати экани ва унинг аҳамиятини баён қилиш ғояси туради. Қуръони Карим вақт қадрининг буюклиги ҳамда Аллоҳнинг инсонга қаратган фазлу карамининг кенглиги ҳақида баён қилиб: «У доимо айланиб турувчи қуёш ва ойни ҳам сизлар учун бўйинсундирди (яъни, сизлар яхши яшашингиз учун тартиб-интизомга солиб қўйди). Яна у Зот кеча ва кундузни сизлар учун бўйинсундирди. Шунингдек, сизларга барча сўраган нарсаларингиздан ато этди. Агар сизлар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига етолмайсизлар», дейди. (Иброҳим сураси, 33–34 оятлар мазмуни).
Ва яна айтади: «У эслатма – ибрат олмоқчи бўлган ёки шукр қилмоқчи бўлган кишилар учун кеча ва кундузни (бир-бирининг) ўрнини босувчи қилиб қўйган зотдир», (Фурқон сураси, 62-оят мазмуни).
Яъни, Аллоҳ кечанинг ортидан кундуз ва кундузнинг ортидан кечани келадиган қилиб қўйди, демак, кимда-ким улардан бирини беҳуда амаллар билан ўтказса, иккинчисида ўша қилган хатоларини тўғрилаш тадоригини кўриши мумкин. Аллоҳ таоло вақтнинг аҳамиятини баён қилиб, Маккада нозил қилган сураларининг муайян қисмларида, бир неча сураларнинг эса бошларида вақтга қасам ичади. Бунга мисол тариқасида «Вал-Лайл», «Вал-Фажри», «Ваз-Зуҳо», «Вал-Аср» кабиларни олиш мумкин. Мазкур сураларни кўздан кечирсак, Аллоҳнинг қуйидаги сўзларини ўқиймиз: (мазмуни):

«Борлиқни ўз зулмати билан ўраб келаётган кечага қасам; Ёришиб – кўринган кундузга қасам» (Вал-Лайл, 1–2). «Тонгга қасам; (Зулҳижжа ойидан аввалги) ўн кечага қасам». (Вал-Фажр, 1–2 ). «Чошгоҳ вақтига қасам; (Ўз зулмати билан чор атрофни, қоплаб – ўраб олган кечага қасам» (Ваз-Зуҳа, 1–2). «Аср (вақти)га қасамки, барча, инсон зиён-бахтсизликдадир». (Вал-Аср,1–2).
Агар Аллоҳ ўз махлуқларидан бирининг номи билан қасам ичса, бу ҳолат ё ҳодисага инсонларнинг диққатини қаратиш ҳамда ўша қасам ичилган нарсанинг қадри ва манфаати буюклигини инсонларга билдириш ҳисобланишини муфассир олимлар тушунтиришган. Пайғамбар суннатларида ҳам вақт қиймати алоҳида таъкидланади ва уни Аллоҳ олдида қиёмат кунида инсон бўйнидаги бир масъулият экани тасдиқлаб ўтилган. Ҳатто, ҳисоб-китоб кунида ҳам мукаллафга бағишланган асосий тўртта саволдан иккитаси вақт ҳақидадир.
Муоз ибн Жабалдан ривоят қилинади, пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) айтадилар: «Банда қиёмат куни тўрт хислатидан сўралмагунча, бир қадам ҳам олдинга силжий олмайди. Бу саволлардан биринчиси – умрини нима билан ўтказгани; иккинчиси – ёшлик даврида нима билан машғул бўлгани; учинчиси – мол-дунёни қай йўсинда (қайси касб орқали) топгани ва нималарга сарфлагани; тўртинчиси – ўрганган илмига қандай амал қилгани сўралади». Баззор ва Табароний ривояти.
Шунингдек, инсон умрининг ҳар бир давридан умумий равишда, ёшлик давридан эса, ўзига хос шаклда сўралади. Ёшлик умрнинг бир бўлаги, лекин унинг бошқа даврлардан ажратиб турувчи ўзига хос қийматдор тарафи бор. У ҳаёти ғайрату шижоатга, ўткинчи мақсадга тўла ёшдир, ҳамда (ёшлик) икки заифлик – гўдаклик ва кексалик – орасидаги жисмоний қувватга тўлишган бир даврдир. Рум сураси 54-оят мазмуни бундай: “Аллоҳ шундай зотдирки, сизларни ночор нарсадан (яъни, бир томчи сувдан) яратди, сўнгра (сизлар учун) ночорликдан кейин куч-қувват (пайдо) қилди, сўнгра куч-қувватдан кейин яна ночорлик ва қариликни (пайдо) қилди…”.

Ислом шиорлари ва одоби вақт қийматини таъкидлайди

Исломий мажбуриятлар ва исломий одоблар ушбу юксак маъноли фикрни қувватлайди. Вақт қиймати унинг ҳар бир қисм ва ҳар бир марҳаласига эътибор бериб (унумли фойдаланиб) ва вақтни аҳамияти борлиқни ҳаракати ва фалакни айланиши, қуёш, юлдузларни сайр қилиши, кеча ва кундузни алмашиниб туриши билан бирга (зийраклик билан) эътибор беришлик инсонда хис-туйғу сезгисини уйғотади.
Кеча ёришиб, тонг юзидан пардасини олган вақтда Аллоҳнинг чақирувчилари (муаззинлар) уфқларни, бутун тўрт томонни тўлдириб, ғофилларни огоҳ этиб, уйқудагиларни уйғотиб, эрталабки ширин ўринларидан турғазиб, Аллоҳ ҳузурига келишлари учун уларни: «Намозга келинг! Нажотга келинг! Намоз уйқудан яхшидир!» деб чақирадилар. Мўминлар бу чақириққа жавобан шайтоннинг (ҳийла) тугунларини ечиб, намоз сари ошиқадилар.
Тушлик вақти бўлиб, қуёш осмон ўртасидан ботиш сари бир оз силжиганида, одамлар ўзларининг кунлик машаққатлари, дунёвий машғулотларининг ғам-ташвишига шўнғиб кетган вақтларида Аллоҳнинг чақирувчилари иккинчи маротаба такбир, таҳлил айтиб, Аллоҳнинг ягоналигига, Муҳаммаднинг алайҳиссалом пайғамбарликларига гувоҳлик бериб намозга, нажотга чақирадилар. Шунда одамлар оғир дунёвий амалларнинг чангалидан чиқиб, бутун ишларнинг бошқарувчиси ва ризқлантирувчилари бўлмиш Холиқнинг олдида дунё талаблари, турмуш ғалваларидан холис бир шаклда бир неча дақиқа тин ўлароқ ибодат қиладилар. Ҳар бир соя ўзининг икки мислича бўлиб, қуёш ботиши сари эгила бошлаганида учинчи маротаба муаззин ҳаммани намозга чорлайди.
Қуёшнинг нури сўниб, ўзи уфқда аста ғойиб бўлганида муаззин тўртинчи бора кундузнинг охири ва кечанинг бошланиши бўлган шом намозини адо этишга чақиради.
Шафақ ғойиб бўлганида эса, мусулмон кишининг кунлик ҳаётини якунловчи охирги намоз учун сўнгги азон билан раббоний овоз эшитилади – бу чақириқ энди хуфтон намозигадир.
Мусулмоннинг кунлик ҳаёти мана шу зайл намоз билан бошланиб, намоз билан тугайди, яъни, у икки бомдод ва хуфтон намозлари оралиғидадир. Модомики кеча ва кундуз алмашиниб, фалак ҳаракатланиб турар экан, банда ҳам яратувчиси Аллоҳга ваъдасини доимий янгилаб туради.
Ҳар ҳафтада жума куни келганида, чақирувчи, ўзига хос шартлар асосида, маълум жойларда янгидан нидо қилиб, барчани ҳафталик жамоат намозига чорлайди. Бу намоз жума намозидир. Мазкур саналган намозлардан ташқари, то саҳаргача ўқиладиган тунги намозлар ҳам бор. У намозларни ўқийдиганлар Аллоҳнинг хос содиқ қулларидирлар, чунки улар Роббилари учун ширин уйқудан воз кечиб, ибодат қилиб тонг оттирадилар.
Яна чошгоҳ намози, кеча ва кундузнинг турли вақтларида ўқиладиган нафл намозлари ҳам бор. Ҳар ой боши янги – ҳилол чиққанида ҳар бир мусулмон у янги ойни Роббига таҳлил ва такбир айтган ҳолда қарши олади.

«Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар… Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, У сени яратиб ўрин тайин қилди ҳамда бутун олам учун сени бир мўъжиза қилди. Эй Аллоҳ, уни бизларга иймон ва омонлик, ислом ва саломатлик ва ўзинг севиб, рози бўладиган муваффақиятли ой қилгин.
Эй яхшилик ва ҳидоят ойи. Сенинг ва менинг роббим Аллоҳдир.
Ҳар йили бир марта Рамазон ойи келади. Бу қутлуғ ойда шайтонлар занжирбанд этилиб, жаҳаннам эшиклари қулфланади ҳамда жаннат эшиклари очилади. Бу пайтда Аллоҳ: «Ҳой яхшилик истовчи, яхшилик сари юзлан! Ҳой ёмонлик истовчи, ёмонликдан тўхта!» деб нидо қилади.
Бунда осийлар тавбага келади. Ҳақдан юз ўгирган қайта унга юзланади, ғофиллар огоҳланадилар ҳамда йўлини йўқотиб ҳар тарафда кезиб юрган кўплар Аллоҳ томонига қайтадилар.
Чиройли ибодатлари ва рўзалари билан Аллоҳнинг розилигини қидирадилар. Расули Акрам (с.а.в.) ваъда қилганларидек: «Кимки Рамазон рўзасини Аллоҳга ишониб ва ундан савоб умид қилиб тутса, олдинги барча гуноҳлари кечирилади ва кимки бу ойда Аллоҳга ишониб, ундан савоб умид қилиб ибодат қилса, аввалги гуноҳлари кечирилади».
Рамазон ойидаги бу маънавий саёҳатдан сўнг унга эргашиб яна бир саёҳат ойи келади. У ҳам бўлса, ҳам руҳий, ҳам жисмоний ва молий хусусиятларни қамраб олган ҳаж сафари бўлиб, Рамазон ойи поёнига етиши билан унга мансуб ойлар бошланади.

«Ҳаж (мавсуми) маълум ойлардир. Бас, ким шу ойларда (ўзига) ҳажни фарз қилса, ҳаж мобайнида (жуфтига) яқинлашмайди, гуноҳ ишлар, жанжал-сурон қилмайди. Қандай яхши амал қилсангиз, албатта Аллоҳ билади. Ва (ҳаж қилиш учун йўлга тушишдан аввал зарур озуқа билан) таъминланиб олинг! Албатта, энг яхши озуқа Аллоҳдан қўрқишдир. Мендан қўрқинглар, эй аҳли донишлар! (Бақара сураси 197-оят).
Баъзи салаф олимлар беш вақт намозни «Кун ўлчови», жума намозини «Ҳафта ўлчови», Рамазонни «Йил ўлчови» ва, ниҳоят, ҳажни «Умр ўлчови» деб номлашган. Улар бу билан мусулмонларни, аввало, кунларини саломат ўтказишга, агар кунлари саломатликда кечса ундан сўнг ҳафтани, сўнгра йилларини ва, ниҳоят, энг сўнгида умрларини саломат ўтказишга шавқлантиришган. Бу ўлчовлар ҳаётнинг мушку анбарларидир.
Буларнинг ёнида закот фарзлиги ҳам мавжуд. У ҳар йили муборак вақтларда ўрим-терим пайтида, ҳосил йиғилаётган пайтларда вожиб бўлади: «…Ўрим-терим кунида (бечора-мискинларгаларга) ҳаққини беринглар» ( Анъом сураси, 141-оят).
Мана шу шаклда ҳар бир мусулмон йилнинг келиб кетишидан хабардор бўлиб туради, ўзнинг ҳаракатларини назорат қилиб боради ва агар бир йил ўтган ёки ўрим вақти келган бўлса, закотни кечиктирмай беради.

Машҳур олим, проф. док. Юсуф ал-Қаразовийнинг
«МУСУЛМОН ҲАЁТИДА ВАҚТ»
рисоласи асосида тайёрланган.

Теглар
Кўпроқ кўрсатиш
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг