Дуо ҳам ибодатлардан биридир. Аллоҳ таоло бандаларини дуо қилишга буюриб, шундай дейди:
وَقَالَ رَبُّكُمُ ادْعُونِي أَسْتَجِبْ لَكُمْ إِنَّ الَّذِينَ يَسْتَكْبِرُونَ عَنْ عِبَادَتِي سَيَدْخُلُونَ جَهَنَّمَ دَاخِرِينَ
Парвардигорингиз: “Менга дуо қилингиз, Мен сизлар учун (дуоларингизни) ижобат қилай!» – деди. Албатта, Менга ибодат қилишдан кибр қилган кимсалар яқинда тубан ҳолатда жаҳаннамга кирурлар” (Ғофир сураси 60-оят).
Ҳадисда: “Дуо – бу, айни ибодат”, – дейилган. Бошқа ояти каримада Аллоҳ таоло ундан дуо қилиб сураган бандаларининг сўровларини ижобат қилиши ҳақида айтади:
وَإِذَا سَأَلَكَ عِبَادِي عَنِّي فَإِنِّي قَرِيبٌ أُجِيبُ دَعْوَةَ الدَّاعِ إِذَا دَعَانِ فَلْيَسْتَجِيبُوا لِي وَلْيُؤْمِنُوا بِي لَعَلَّهُمْ يَرْشُدُونَ
“Сиздан (эй, Муҳаммад!) бандаларим Менинг ҳақимда сўрасалар, (айтинг) Мен уларга яқинман. Менга илтижо қилувчининг дуосини ижобат этурман. Бас, улар ҳам Мени (даъватларимни) ижобат (қабул) этиб, Менга имон келтирсинлар, шояд (шунда) тўғри йўлга тушиб кетсалар” (Бақара сураси 186-оят).
Дуолар ижобат бўлиши қайсидир дуони ўқишга боғлиқ эмас, балки ихлос билан дуо қилишга боғлиқ. Дуо қилишнинг ҳам ўз одоблари бор. Дуо одоблари хусусида бундай марҳамат қилинади: “Раббингизга зорланиб ва хуфёна дуо қилинг! Зеро, У ҳаддан ошувчиларни ёқтирмайди. Унга (Аллоҳга) ҳам қўрқув, ҳам умид билан дуо қилинглар! Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир” (Аъроф сураси 55–56-оятлари).
Дуони Аллоҳ таолога ҳамд, Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш билан бошлаб, яна шулар билан тугатиш унинг қабул бўлишига сабаб бўлади. Яна дуо қабул бўладиган маконлар ва вақтлардан унумли фойдаланиш керак. Энг чиройли ва қабул бўлган дуолар Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда келтирилган, уларни топиб ўрганиш лозим.
Дуода Аллоҳ таолонинг гўзал исмларини такрор-такрор айтиш, тинчлик, офият, саломатлик билан бир қаторда, дунё ва охират яхшилигини, барча яхшиликларни жамловчи дуоларни қилиш лозим.
Кишининг дуолари, ибодатлари Аллоҳнинг ҳузурида мақбул бўлишида ҳалол-пок луқма билан озиқланиш, қариндош-уруғчилик ришталарини мустаҳкамлаш, гуноҳ ишлардан тийилишнинг жуда муҳим ўрни бор. Яна Аллоҳ таоло бандасининг дуосини ўзи хоҳлаган пайтда қабул қилади. Дуо қабул бўлмаса, банда бунинг учун қиёматда алоҳида мукофот олади.
Дуо бандани Аллоҳ таолонинг муҳаббатига эриштирадиган амаллардан, шунингдек, ризқнинг мўл, неъматларнинг зиёда бўлишига сабаб ҳамдир. Хулоса, ихлос билан дуо қилган киши ҳеч қачон Аллоҳ таолонинг марҳаматидан қуруқ қолмайди, ё тезда ижобат бўлади, ё охиратда мукофотини олади. Нима бўлганда ҳам дуо қилган киши ибодатнинг савобини олади.
Намоз ўқисам ҳам ишларим орқага кетяпти, деган тушунча тўғри эмас. Ибодатларни бандачилик бурчимиз бўлгани учун холис Аллоҳ учун қиламиз, моддий манфаат кўриш учун намоз ўқимаймиз. Лекин ҳаётда кофирга ҳам, мўминга ҳам турли синовлар бўлиб туради. Ибодат қиляпман менга Аллоҳ таоло синов бермасин, дея олмаймиз. Умуман олганда Аллоҳ таолонинг шариатига мукаммал амал қилиш бандани икки дунёда саодатга эриштиради. Ибодатларда собитқадам бўлинг, доимо намозни жамоат билан ўқиш, Аллоҳ таолонинг зикри ва истиғфорни кўп айтишга одатланинг. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.