МақолаларСавол-жавоблар

Мазҳабда нажот | Савол-жавоблар – 3-қисм

Савол: «Ижтиҳод эшиклари ёпилган», дейишади. Биринчи саволим: «Бу гапни мўътабар олимлардан ким айтган?» Иккинчи саволим: «Бу гап мутлақми ёки истисно қилинадиган ўринлари ҳам борми? Агар мутлақ бўлса, буни қандай тушунамиз? Агар маълум шартлари бўлса, қай даражада бўлади?»

Жавоб: Аввало, мутлақ ижтиҳод эшиклари ёпилганига ижмоъ қилинган. Лекин қайси ижтиҳод эшиклари ёпилган? Бундан мақсад шуки, динни ўйинчоқ қиладиган ижтиҳод эшиклари ёпилган, чунки фиқҳнинг усуллари ва фуруълари қарор топиб, ундаги барча қоидалар истинбот қилиниб, мукаммал ҳолатга келгач, яна Китоб ва Суннатга мурожаат қилиб, ўзича ҳукм чиқарадиган кимсаларга муҳтож эмасмиз. Тарихда Ибн Салоҳ ва бошқа кўплаб уламолар ижтиҳод эшиги ёпилганини таъкидлашган. Умуман олганда, ҳижрий тўртинчи асрдан кейин бирорта мазҳабда Қуръон ва Суннатдан янги истинботлар бўлиши эътироф этилмаган ва бу ҳолат амалда буткул татбиқ қилинган. Негаки мазҳаблар мукаммал ҳолатга етиб бўлган эди. Тўртинчи асрдан кейин эса ижтиҳоднинг янги босқичига навбат келди. Бу – тахриж босқичи. Бунгача мутлақ ижтиҳод бўлмиш истинбот қилиш мукаммал ҳолатга келиб, эшиклари ёпилиб бўлди. Фаръий масалалар бино қилинадиган усул ва қоидаларнинг барчаси ишлаб чиқиб бўлинди.

Аммо ижтиҳоднинг ўзи юқоридаги маънода давом этаверади, тўхташи мумкин ҳам эмас. Ҳаёт давом этар экан, мазкур ижтиҳод ҳам тўхтаб қолмайди. Исломда яшар эканмиз, унинг аҳкомларини татбиқ қилиш учун ижтиҳодга мурожаат қилишдан бошқа чорамиз йўқ. Хоҳлаймизми, хоҳламаймизми, маълум маънода ижтиҳод қилишга мажбурмиз. Бу борада одамлар ўзининг илмий даражасига қараб, турли босқичда бўлади. Аммо бу ҳам илмий қоидаларга асосланиб, янгича суратда амалга оширилади. Сиз ҳам мазҳабни чуқур ўрганиб, унинг қоидаларини тўлиқ ўзлаштирсангиз, маълум маънода ижтиҳод, тахриж ва ҳукмлар ўртасида таржиҳ қилишингиз мумкин. Биз назарда тутган ижтиҳод ҳам шу. У ҳеч қачон тўхтаб қолмайди, усиз яшаш ҳам мумкин эмас.

Тўхтаган, эшиги ёпилган ижтиҳодга келсак, у ўз камолотига етган, энди бизга зарур бўлмаган ижтиҳоддир. Бу ёпилган ижтиҳод – Қуръон ва Суннатдан янгича истинбот қилишдир. Бугун эса фақатгина мазҳаб ичидаги далилларни тахриж қилиш ижтиҳоди қолган. Исломда эканмиз, мана шу ижтиҳод билан узвий боғлиқмиз. Бу биргина олимнинг наздида эмас, балки барча Ислом уламолари наздидаги қоидадир. Юқорида баҳс қилган мисолимизда зикр қилинганидек, мутлақ ижтиҳоднинг биз учун умуман фойдаси йўқ, унга муҳтож ҳам эмасмиз.

 «Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг