Мазҳабда нажот | Савол-жавоблар-2-қисм

Савол: Замонамизда мутлақ мужтаҳид борми? Мутлақ ижтиҳоднинг таърифи қандай?
Жавоб: Келинг, иккаласини ҳам фараз қилиб кўрамиз. Аввалига, бор деб кўрайлик. Айтайлик, Фалончи олим мутлақ мужтаҳид бўлиб, имом Абу Ҳанифа ёки имом Шофеъий роҳимаҳумаллоҳнинг даражасига, яъни мужтаҳидликнинг энг олий даражасига етди. Бу олий мужтаҳидимиз ўзининг усул ва қоидаларига эга, яъни барча шартларни тўлиқ эгаллади, дейлик. Лекин ҳозирги кунда биз ундан қандай фойда оламиз? У бизга замонавий масалалар бўйича фатво бермоқчи, дейлик. Одатда бизда икки хил масала бўлади: қадимий ва замонавий. Масалан, намоз ва унинг шартлари ҳамда унга боғлиқ масалалар қадимий масалаларга киради. Савдога оид баъзи масалалар эса замонавий. Айтайлик, ўша янги мужтаҳид бизга намознинг арконлари, шартлари ва шуларга боғлиқ илгари фатво бериб бўлинган масалалар бўйича фатво бермоқчи. Уларга эса имом Абу Ҳанифа, имом Шофеъий ва имом Моликлар фатво бериб бўлишган. Қолаверса, ҳаммаси тартибга солиниб, босқичма-босқич матнлар, рисолалар ҳолига келтирилган. Энди бу олим бизга бу масалалар бўйича қандай янги нарса олиб келиши мумкин? Ахир мужтаҳид имомлар ўз замонида бу масалалар бўйича нафақат фатво бериб бўлган, балки уммат уларни қабул ҳам қилган ва бу фатволарни тартиблаб ҳам чиққан. Натижада толиблар гўзал тарзда ўргана оладиган мустақил илм шаклига келган. Энди биз фараз қилган мутлақ мужтаҳид ўша фатволарни мукаммал ўрганиб чиқиши учун яна ўн тўрт ёки ўн уч аср керак.
Бундан ташқари, салаф мужтаҳидларнинг фатволари тартибланганидек, бу янги мужтаҳиднинг фикрлари ҳам илмий тартибланиши, муайян низомга солиниши керак. Шундагина унинг фатволари уммат орасида амалга жорий қилинади. Лекин унинг ўша фатволаридан фойда нима бўлади? Мабодо унинг фатволари тўғри десак ҳам, аслида Абу Ҳанифа бу каби масалаларга фатво бериб бўлган-ку?! У бизга ўша фатвони қайтадан берадими? Унинг сўзига амал қилишимиз қандай бўлади? Мен ҳозир қадим масалаларни назарда тутяпман, албатта. Бу вазиятда ундан кўра Абу Ҳанифанинг сўзларига амал қилганимиз афзал эмасми? Ҳали бу биз уни Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳдек даражадаги олим деб фараз қилганимиздаги ҳолат, чунки унинг фатвоси ҳам зонний, Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг фатвоси ҳам зонний. Унинг сўзини олишимизга ундовчи нарса эса йўқ. Бунинг учун Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг даражаларига шубҳа қилишимиз керак. Шундагина унинг сўзини таржиҳ қилишимиз мумкин бўлади. Хўш, ўтган уламолар фатво берган масалалар борасида унинг сўзини олишимиз қанчалик мантиққа тўғри келади? Салаф уламоларни жоҳил десак, бу фаразий мужтаҳидимизни олим десаккина, унинг фатвосини олишимиз мумкин. Бу эса бўлмаган гап.
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан