Мақолалар

У Шофий Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодир

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту 
дурудлар бўлсин.

Ким шифо сир-асрорларини дунёдаги энг ночор инсон ҳам қурби етадиган ўт-ўланлар, ўсимликлар-у егуликларда мужассам қилиб қўйди?

У Шофий Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодир.

Балки сиз бирор бир касалликка чалингандирсиз-у ўзингиз билмассиз. Ва ўзингиз билмаган ҳолда касаллигингизга шифо бўладиган нарсани еб юргандирсиз… Сиз касал бўласиз, У шифо беради. Сиз эса на касал бўлганингизни ва на шифо топганингизни биласиз!!

Гоҳида Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шифони сувга жо қилиб қўяди. “Замзам суви нима учун (нимани ният қилиб) ичилса, шунга (бўлади)” ва “У очликка таом (очиққанда таом бўлиб қоринни тўйдиради), дардга шифо (касал бўлганда шифо бўлади)” каби ҳадисларни деярли ҳар биримиз ёддан биламиз. Касаллик тинкасини қуритган қанчадан-қанча инсонлар ушбу муборак сувни бардавом ичганлиги сабабли Аллоҳ изни ила шифо топган.

Шифо ҳақидаги ҳадисларни яхшилаб ўрганиб чиққан одам кўп сонли набавий дориларни топиши мумкин. Шундай дориларнинг бир қисми “Ат-Тиббун-набавий” китобида жамланган…

Бундай дориларга мисол тарзида Қист ал-Ҳиндий ёки Қист ал-Баҳрий илдизлари, сигир сути ва сарёғи, сано ва санут, қора седана, талбина, қиёмул-лайл (тунда туриб намоз ўқиш) кабиларни санаб ўтиш мумкин. Буларнинг ҳар бири ҳақида саҳиҳ ҳадислар мавжуд.

Аллоҳ таоло баъзида сабр туфайли, гоҳида дуо, аҳёнан садақа, гоҳо истиғфор, айрим ҳолларда тавба ва яна бошқа ўринларда Аллоҳнинг ҳукмига розилик сабабли шифо берса, баъзан эса ҳеч бир нарса сабабисиз ҳам шифо беради!

  • Ва нур қайтди…

Табук шаҳридаги Шоҳ Абдулазиз шифохонасининг дин ишлари бўлимида ўтирганимизда олдимизга бир киши кириб келди. Унинг юзидан қўрқув ва хавотир аломатлари яққол сезилиб турарди. Гўё унинг боши узра қоп-қора булутлар йиғилиб олган эди. Ундан нега бу қадар нотинч экани ҳақида сўраганимизда бахтсиз ҳодиса туфайли ўғли кўрмай қолгани ва айни дамда шифохонанинг юқори қаватида эканини айтди.

Бу хабардан биз қаттиқ қайғуга ботдик, энди бу шўрлик отанинг қалби қанчалик эзилганини изоҳлашга сўз ожиз.

Умид кўзлари ила бизга қараб: “Илтимос, бирортангиз мен билан бирга чиқиб, ўғлимга Қуръон ўқиб дам урсангиз, шояд Аллоҳ таоло шу сабабли шифо берса…” деди.

Шеригим дарҳол ўрнидан туриб, у билан чиқиб кетди. Чамаси бир соатлардан кейин қайтиб келиб, унинг ўғлига дам солиб, сабрга чорлагани ҳамда унга “Беморларингизни садақа билан даволанглар” ҳадисини эслатганини айтди… Шунда у чўнтагидан беш юз риёл чиқариб бериб: “Шу пулни шифо ниятида ўғлим номидан садақа қилинг, илтимос”, дебди. Орадан икки кун ўтгач ўша киши яна келиб, шеригимдан у билан бирга чиқишини сўради. Ярим соатлардан кейин шеригим хурсанд бўлиб кириб келди-да: “Хушхабар! Бола хонадаги нурни оз-моз кўра бошлабди!” деди. Ота хурсандлигидан яна минг риёл бериб, ўғлининг номидан садақа қилишини сўрабди. Бу пайшанба куни бўлган эди. Шанба куни ишга келганимда шеригим у киши яна келиб, уни ўғлининг олдига олиб чиққанини ва не кўз билан кўрсинки, бола худди аввалгидек кўра бошлаганини айтиб берди. Мен қулоқларимга ишонмасдим. Дарҳақиқат, болага кўз нури қайтди, ҳаётни янгидан кўра бошлади…

Ким унга шифо берди? Ким унинг кўзлари яна кўришини тақдир қилди? Ким унинг кўзларига зиёни қайтарди?

إِنَّمَا أَمْرُهُ إِذَا أَرَادَ شَيْئًا أَنْ يَقُولَ لَهُ كُنْ فَيَكُونُ (۸۲)

  1. Қачон бирон нарсани ирода қилса, Унинг иши «Бўл» демоқликдир, холос. Бас, у нарса бўлур. (Ясин сураси, 82-оят).

Аллоҳ таоло унинг кўз нурига “Қайт”, деди ва у қайтди!

  • Унга қайтинг…

Аллоҳ таоло сиздан фақатгина унга қайтишингизни ва унга олиб борувчи йўлни тутишингизни истайди.

Унга ризо ила қайтинг!

Сажда билан қайтинг!

Тавба ёрдамида қайтинг!

Истиғфор ила қайтинг!

Садақа билан қайтинг!

Ожизлигингизни эътироф қилиб қайтинг!

Унинг эшигини қоқинг ва шифони кутинг…

Агар Аллоҳ хоҳламаса, бу дунёдаги ҳеч бир шифохона сизни дардингиздан халос эта олмайди.

Агар Аллоҳ истамаса, бу оламдаги ҳеч бир табиб, сизнинг касаллигингизни аниқлай олмайди.

Саудиялик бир бадавлат инсон буйрак етишмовчилиги билан хасталанган эди. Фарзандлари унга буйрак қўйдириш амалиёти учун Мисрга олиб боришади…

Улар бир кичик ёшдаги қизнинг буйраги учун юз минг Саудия риёл беришади. Эртаси куни тонгда, барча шифохонада жамланганда у киши жарроҳлик амалиётига киришдан олдин ўз буйрагини сотишга қарор қилган қиз билан кўришишни сўради. Қизни чақиришди. У уялиб, тортиниб хонага кириб келди. Бемор киши: “Нима сабабдан, буйрагингни мендек бир қарияга сотишга рози бўлдинг?” деб сўради.

Қиз: “Муҳтожлик, – деди, – оилам ночор, акаларим эса университетда таълим олишади. Уларга ёрдам бериш учун нимадир қилишим керак”.

Қиз унга тарсаки туширгандек бўлди. Уни ғафлат уйқусидан уйғотди. Ҳатто танасида қон қуйилишини ҳам унутиб қўйди. Ўзига ўзи савол берди: “Инсон ҳаёт эҳтиёжлари учун ўз жисмининг бир қисмидан, ҳаётининг бир парчасидан кечиши ақлга сиғадими, ахир?”

Шу заҳоти ўғилларини чақирди. Улар келганларида: “Мен буйрак қўйдириш фикридан қайтдим. Мени Саудияга қайтариб олиб боринглар. Юз минг риёл миқдоридаги пул эса мендан қизга эҳсон. Унинг бир риёлини ҳам қайтариб олмайсизлар” деди.

Фарзандлари норозилик билдиришди, аччиқланишди. Аммо охир-оқибат отасининг истагини қабул қилишди.

Саудияга қайтгач, буйрагини одатдагидек ювдириш учун шифохонага боради. Мунтазам текширувларнинг натижасидан шифокорларлар ҳайратдан донг қотишади. Унинг буйраги ишлаб кетган эди!

Аллоҳ таолонинг қудрати чексиз. У шифо беришни хоҳласа, жарроҳлик анжомларига муҳтож эмас. У чексиз марҳамати ила назар солиб, беморга шифо беради, ғамгин инсонни хушнуд қилади, мусофирни ўз манзилига қайтаради ва жароҳатланганнинг ярасини тузатади.

“Лианнака Аллоҳ” китобидан
М.Низомиддин ва О.Аҳмад таржимаси.

Теглар
Кўпроқ кўрсатиш
Back to top button
WP Facebook Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг