Ислом тарихиМақолалар

РАСУЛУЛЛОҲНИНГ СИЙРАТ ВА АХЛОҚИ ҲАМИДАЛАРИ

     Аллоҳ таоло Ўзининг динини инсониятга етказиш учун улар орасидан пайғамбарлар танлаб олган. Ҳадисларда баён қилинишича, пайғамбарларнинг умумий сони  124 минг бўлиб, уларнинг силсиласи Одам алайҳиссалом билан бошланиб, охири Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам билан ниҳоялангандир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам тартиб бўйича гарчи сўнги пайғамбар бўлсаларда, аммо У кишининг охирзамон пайғамбари этиб юборилишлари инсоният яратилмасидан олдин тақдирда белгилаб қўйилган. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари шундай марҳамат қилганлар: “Аллоҳ таоло мени пайғамбар қилиб танлаганида Одам алайҳиссаломнинг тупроқлари хали қорилмаган эди” (Имом Аҳмад ривояти).

Аллоҳ таоло Ислом динини Сарвари коинот саллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликлари билан камолига етказишни ирода қилган экан, демак у зот (с.а.в.)нинг ўзларини ҳам мукаммал хулқ ва фазилатлар билан тарбиялаб, вояга етказиши табиий эди. Дарҳақиқат, шундай бўлди ҳам. Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бу ҳақда: “Мени Раббим тарбия қилди ва тарбиямни гўзал қилди”, – деганлар. Муҳаммад алайҳиссалом араблар орасида обрўли саналмиш Бани Ҳошим қабиласида дунёга келиб, насаблари Иброҳим алайҳиссаломга бориб етади. Бу хусусда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло пайғамбарлик учун Иброҳимнинг болаларидан Исмоилни, Исмоилнинг авлодларидан Бани Кинонани, Бани Кинонадан Қурайшни ва Қурайшдан Бани Ҳошимни, Бани Ҳошимдан эса Мени танлаб олди”, – деганлар (Имом Термизий ривояти). Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломни ана шундай улуғ кишиларнинг пуштида сақлаб келиб, оталари Абдуллоҳ ва оналари Оминадан туғилишларини ирода қилди.

Муҳаммад алайҳиссалом туғилганларида оталари вафот этган бўлиб, олти ёшга етганларида оналаридан ҳам ажраладилар ва боболари Абдул Мутталибнинг қарамоғида қоладилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг етимликда вояга етишларида катта ҳикмат бор, албатта. Ўзлари етимлик ва ғарибликни бошларидан кечирганлари учун ҳам бундайларга нисбатан меҳрибон бўлиб вояга етадилар. Бу ҳақда Қуръони каримда ҳам зикр қилинган (Зуҳо сураси, 6-10-оятлар). Икки йилдан сўнг боболари ҳам вафот этади. У вафот этишидан олдин набирасини фарзандалари орасидан унга энг меҳрибон  бўлган Абу Толибга топширади. Ҳақиқатан ҳам Абу Толиб Муҳаммад алайҳиссаломни ўзининг фарзандаларидан ҳам кўпроқ яхши кўрар, қаерга борса ўзи билан олиб юрар эди.

Аллоҳнинг инояти ила у зот қаерга борсалар, ўша ерга барака ёғилар эди. У кишининг шарофатлари ила эмизган оналари Ҳалима ас-Саъдийянинг ва амакилари Абу Толибнинг уйида мислсиз барака пайдо бўлганлиги ҳақида тарих китобларида баён қилинган.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг келажакда пайғамбар бўлишларига ёшлик вақтлариданоқ турли ишорат ва белгилар зоҳир бўла бошлаган эди. Масалан, таваллуд топган онларида бир қанча ғароиб воқеалар содир бўлганлиги тарих китобларида зикр қилинган. Жумладан, у зот туғилганларида бир нур пайдо бўлиб, унинг зиёси Шом диёридаги қасрларни ёритиб юборган. Форс юртидаги мажусийлар сиғинадиган, минг йиллар давомида ёниб турган олов ўчиб қолган. Мушриклар ибодат қиладиган бут ва санамлар юз тубан қулаб тушган. Тўрт ёшлик вақларида Ҳалима ас-Саъдийянинг уйида яшаган вақтларида “шаққи садр” воқеаси содир бўлиб, икки фаришта у зотнинг кўкракларини ёриб, ундан шайтоннинг насибасини олиб ташлайдилар. Ўн икки ёшларида амакилари Абу Толиб билан Шом сафарига чиққанларида тепаларида бир булут соя солиб борганлиги, Бусро деган жойга етганларида насроний дини вакили роҳиб Буҳайронинг Муҳаммад алайҳиссалом охирзамон пайғамбари бўлишларини башорат қилиши шулар жумласидандир. Бундан ташқари Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бирор марта ҳам бут ва санамларга ибодат қилмаганлар ва мушрикларнинг диний байрамларига қатнашмаганлар. Аллоҳ таолонинг ўзи У зоти бобаракотни жоҳилий ишларни қилишдан сақлар эди. Ёшлик онларида мушрикларнинг тўйини кўриш учун кетаётганларида, Аллоҳ таоло у кишини йўлда ухлатиб қўйганлиги, уйғонганларида эса, тўй аллақачон тарқаб кетиб, кўриш насиб этмаганлиги ҳақида Расулуллоҳнинг ўзлари хабар берганлар. Қалбларидан шайтоннинг насибаси олиб ташлангани учун ҳам ўша даврда авж олган ғайри инсоний ишлардан нафратланар, уларнинг бирортасига ҳам яқин йўламас эдилар.

Ҳалоллик, мазлум ва муҳтож кишиларга ёрдам қўлини чўзиш, шунингдек, ҳалимлик ва камтарлик У зотнинг кўзга кўринган сифатлари эди. Пайғамбар алайҳиссалом Макка аҳлининг қўйларини боқиб, ўз меҳнатлари билан кун кечирар эдилар.

Шу зайлда Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломни араблар орасида энг ростгўй ва адолатли инсон сифатида тарбиялаб, қирқ ёшга етганларида Ўзининг рисолатини инъом қилди. 

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ёшлик вақтлариданоқ гўзал ахлоқ одобга эга бўлиб вояга етадилар. У зот пайғамбар бўлганларидан сўнг Аллоҳ таоло томонидан: “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз” (Қалам сураси, 4-оят) деган баҳони олган бўлсаларда, ундан олдин одамлар орасида Муҳаммад Амийн деган номга сазовор бўлган эдилар. Бу эса Аллоҳ таоло яқин келажакда инсониятга гўзал хулқларни камолига етказиш учун юборадиган пайғамбарини тарбиялаб бораётганлигидан далолат эди.

Омонатдорлик, ҳалоллик сифатлари учун ҳам Қурайшнинг зодагон аёлларидан бўлмиш Хадича бинт Хувайлид Муҳаммад алайҳиссаломни тижоратда бирга шерикчилик қилишга таклиф этади ва ўзгача илоҳий хислатга эга эканликларини англагач, у кишига турмушга чиқиш ихтиёри борлигини изҳор қилади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бу масалада амакилари Абу Толиб билан маслаҳатлашиб кўргач, Хадичага уйланадилар ва ундан уч ўғил, тўрт қиз фарзанд кўрадилар.

 

“Ислом ота” жоме масжид имом-хатиби                      
Жасурбек Раупов

Теглар
Кўпроқ кўрсатиш
Back to top button
WP Facebook Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг