Янгиликлар

Ички назорат комиссиясининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди

Шу йил 16 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ички назорат комиссияси мажлисида халқ орасида “Шукрулло домла” деб танилган Фарғона вилояти Тошлоқ тумани бош имоми ва “Абу Ҳанифа” жоме масжиди имом-хатиби Шукрулло Эгамбердиевнинг ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари муҳокама қилинди. Имом-хатибнинг ижтимоий тармоқлардаги кескин баҳс-мунозараларга сабаб бўлган чиқишлари жиддий танқид остига олинди.

Йиғилишда имом-хатибнинг эътирозларга сабаб бўлган чиқишлари ва фикр-мулоҳазалари имомлик мақомига мутлақо тўғри келмаслигига урғу қаратилди. Ўзбекистон мусулмонлари идорасига фуқаролар томонидан ҳам шикоят тарзидаги мурожаатлар бўлгани айтилди.

Диний идора меъёрий ҳужжатларида имом-хатиб эга бўлиши лозим бўлган сифатлар қуйидагича қайд этилган:

– ҳалол, адолатли ва камтар бўлиши, фуқаролар билан мулоқотда хушмуомала, вазмин ва самимий муносабатни намойиш қилиши”

– фуқароларнинг жинси, ирқи, миллати, фуқаролиги, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеи камситилишига олиб келувчи ҳаракатларга йўл қўймаслик”, деган бандлар алоҳида таъкидланган. Ушбу бандларни имом-домла томонидан қўпол равишда бузилиши, деб баҳоланди.

Маълумки, диний соҳа ходимларини жамиятда ўзини тутиши, одамлар орасида намуна ва имомлик мақомига муносиб бўлиши борасида тушунтириш ишлари доим олиб борилади. Аввал ижрога йўналтирилган ҳуқуқий нормаларда ҳам имом-хатиб белгиланган тартиб-қоидаларга сўзсиз амал қилиши белгилаб қўйилган эди.

Бундан ташқари имом-домлаларга меҳроб омонати, омма олдида ҳамда ижтимоий тармоқларда чиқиш қилиш одоблари тўғрисида мунтазам равишда тавсия ва топшириқлар тақдим этиб келинади.

Афсуски, имом-хатиб мазкур чиқишлари билан меъёрий ҳужжатлар талабларини бузиб, мазкур йўналишдаги буйруқлар ва меҳнат мажбуриятларига риоя этмагани намоён бўлди.

Ш.Эгамбердиев мажлисда муҳокамага сабаб бўлган чиқишларида хатога йўл қўйганини эътироф этди ва узр сўради. Имом-хатиб келгусидаги фаолиятида бундай камчиликларга йўл қўймаслигини билдирди. Ўз навбатида, мазкур хатти-ҳаракатларга нисбатан ҳуқуқий баҳо бериб, тегишли чора кўрилиши муносабати билан имом-хатибни обрўсизлантириш ҳолатларидан сақланишни сўраймиз.

Ички назорат комиссияси баён этилганларни инобатга олиб, Шукрулло Эгамбердиевга “ҳайфсан” интизомий жазоси бериш ва Тошлоқ тумани бош имоми вазифасидан озод этиш тўғрисида хулоса қилди.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон мусулмонлари идорасида тузилган Ички назорат комиссияси диний соҳа ходимлари фаолиятини тартибга солиш, камчиликларга йўл қўйганларга таъсир чораларини қўллаш ва ҳалол-пок хизмат қилаётганларни ҳимоя қилиш ҳамда рағбатлантириш каби ваколатларга эга.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Теглар
Кўпроқ кўрсатиш
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг