МақолаларФиқҳ

САВОЛ: ЧЎЧҚА БИЛАН ҚЎЙНИ ЧАТИШТИРИШГАНМИ?

❓CАВОЛ: Чўчқа билан қўйни чатиштиришгани, туғилган янги турдаги ҳайвон бир қарашда чўчқага ҳам, қўйга ҳам ўхшаши айтилмоқда. Уларни ейиш ҳаромми ёки ҳалол?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Ижтимоий тармоқдаги чўчқа билан қўйни чатиштиришгани, ундан чўчқага ҳам, қўйга ҳам ўхшайдиган ҳайвон кўпайтирилгани ҳақидаги гаплар асоссиздир. Мутахассислар фикрига кўра тарқатилган видеода “Белтекс” қўй зоти кўрсатилган.
Ҳозирги кунда дунёда қўйларнинг 1000 дан ортиқ зоти мавжуд. Белтекс қўй тури ҳам худди мана шундай оддий қўй зоти. Бу қўйнинг чўчқага ҳеч қандай алоқаси йўқ.
Фаразан ушбу қўйлар бошқа ҳайвонлар билан чатиштирилган бўлса ҳам улардан туғилган қўзилар шаръан гўшти ҳалол ҳисобланади. Бу ҳақда фуқаҳоларимиз шундай дейишган:
“أن الاصل في الحيوانات الالحاق بالام كما صرحوا به في غير موضع”.
“Чатиштирилган ҳайвонлар борасидаги умумий қоида шуки, онасининг зоти эътиборга олинади. Буни фуқаҳолар кўп ўринда очиқ айтганлар” (“Раддул муҳтор” китоби).
Яна бир қоида, агарчи ҳайвоннинг отасининг гўшти ҳаром, онасиники эса, ҳалол бўлсаю кўришида отасига ўхшаб кетса ҳам, бу эътиборга олинмайди. Балки унга онасининг ҳукми берилади. Бу ҳақда Дуррул мухтор китобида шундай дейилади:
ولا عبرة بغلبة الشبه
“Ўхшашлик устун бўлишининг эътибори йўқдир”.
Қолаверса, ҳаром ва ҳалол гўштли ҳайвонлар чатиштирилганда онаси ҳалол гўштли бўлса, уни қурбонлик қилиш жоиз. Бу ҳақда “Раддул муҳтор” китобида шундай дейилади:
صرح في الهداية وغيرها في الاضحية بجواز الاضحية به حيث قال: والمولود بين الاهلي والوحشي يتبع الام لانها الاصل في التبعية، حتى إذا نزا الذئب على الشاة يضحى بالولد ا ه.
“Ҳидоя ва бошқа китобларда чатиштиришдан туғилган (онасининг гўшти ҳалол бўлган) ҳайвонни қурбонлик қилиш жоизлигини очиқ баён қилинган. Унда: “Хонаки ва ваҳший ҳайвондан туғилган ҳайвон ҳукмда онасига эргашади. Чунки (ҳайвонларда) ҳукмда онага эргашиш — асл қоидадир. Ҳатто (фаразан) бўри қўйни ҳомиладор қилса, туғилган қўзини қурбонлик қилиш жоиз”.
Шунингдек, биолог мутахассисларнинг таъкидлашича, бирор бир ҳайвон тури билан иккинчи бир бошқа ҳайвон турини чатиштириш оралиқ алоҳида бир тур олинмайди. Бу фан учун ҳам ниҳоятда қийин ва олинган тақдирда ҳам у насл бермайди. Генетиканинг фундаментал қонунлари бунга йўл бермайди. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

Теглар
Кўпроқ кўрсатиш
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг