Мақолалар

ЯНГИ 1444 ЙИЛИНГИЗ МУБОРАК!

 Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин.

    Аллоҳ таолонинг инояти ила ҳижрий-қамарий 1443 йилни тамомлаб, янги 1444 йилга ҳам кириб келмоқдамиз. Янги йилнинг бошланиши ва биринчи ойи бўлмиш Муҳаррам ойининг ҳамда ундаги маълум кунларнинг жуда фазилатлидир. Бу ой нафақат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматлари учун балки, бошқа пайғамбарлар ва уларнинг умматлари учун ҳам алоҳида ўрин тутади. Жумладан, Аллоҳ таоло Муҳаррам ойининг ўнинчи кунида Мусо алайҳиссалом ва у кишининг ёнларидаги мўминларга нажот бериб, Фиръавн ва унинг қўшинини дарёга ғарқ қилди.

Муҳаррам ойи ҳижрий-қамарий ойларнинг энг биринчиси ва уруш ҳаром қилинган тўртта ойнинг биридир. Рамазон ойидан кейин тутиладиган рўзаларнинг энг афзали ҳам муҳаррам ойида тутилган рўза эканлиги ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир нечта ҳадислар ворид бўлган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазондан кейин рўзаларнинг энг афзали Аллоҳнинг муҳаррам ойи(да тутилган рўза)дир, фарз намозидан кейинги энг афзал намоз эса тунги намоз – таҳажжуд намозидир”. (Муслим ривояти).

Машҳур ҳанафий уламоларидан Мулло Али Қори айтадилар: “Ҳадиснинг зоҳиридан муҳаррам ойининг барча кунида рўза тутиш мурод қилингани тушунилади”. (“Мирқотул- мафотиҳ шарҳу Мишкотил-масобиҳ”). Бироқ, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазондан бошқа бирон-бир ойнинг рўзасини мукаммал тутмаганликлари собит бўлганлиги учун юқоридаги сўзлардан муҳаррам ойида тўлиқ эмас, балки кўпроқ кунларини рўза тутишга тарғиб қилиш назарда тутилганлиги ойдинлашади. Демак, муҳаррам ойида нафл рўзани кўпайтириш ҳадисда баён қилинган фазилатга биноан мустаҳаб саналган амаллардан экан. Ҳадисда бу ойнинг “Аллоҳнинг муҳаррам ойи”, дея Аллоҳ номига қўшиб зикр қилиниши ҳам унинг ғоятда улуғлиги ва шарафига далолат қилади.

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида яҳудийларнинг Ашуро кунида рўза тутаётганларини кўрдилар ва:

– Сизлар рўза тутаётган кун нима ўзи? – деб сўрадилар.

– Бу жуда улуғ кун! – жавоб берди яҳудийлар.

– Бу кунда Аллоҳ Мусо ва унинг қавмига нажот бериб, Фиръавн ва унинг қавмини (денгизга) ғарқ этган. Мусо Аллоҳга шукрона қилиб, шу куни рўза тутган. Биз ҳам ана шу куни рўза тутамиз.

– Биз Мусога сизларга қараганда ҳақлироқ ва яқинроқмиз, – деб набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ашуро кунида рўза тутдилар ва бошқаларни ҳам (шу куни) рўза тутишга буюрдилар”. (Бухорий ва Муслим ривояти).

Мазкур ҳадисга биноан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яҳудийларнинг рост гапираётганлари билдирилган ёки бу ҳақда мутавотир хабарлар мавжуд бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро кунининг рўзаси ҳақида сўралганларида: “У ўтган йилги (гуноҳларга) каффорат бўлади”, – деганлар.

Яна бир ривоятда шундай дейилган: “Ашуро кунининг рўзаси келгуси йилга каффорат бўлади деб Аллоҳдан умид қиламан”. (Ибн Можа ва Муслим ривоятлари).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ашуро кунида рўза тутган кишининг бир йилини (гуноҳларини) Аллоҳ таоло мағфират қилади”. (Баззор ривояти).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яна марҳамат қиладилар: «Арафа кунида тутилган рўза бир йил олдинги ва бир йил кейинги гуноҳларга каффорат бўлишини Аллоҳдан умид қиламан. Ошуро кунининг рўзаси эса – Аллоҳдан умид қиламанки – бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлажак». (Муслим ривояти.)

Биргина куннинг рўзаси билан йил бўйи қилинган гуноҳларнинг ўчириб юборилиши Парвардигоримизнинг бизларга нисбатан нечоғли марҳаматли Зот эканлигидан даракдир. Бироқ, Ошуро кунининг рўзаси туфайли ҳосил бўладиган каффорат фақат йил давомида қилинган кичик гуноҳларни ўз ичига олади. Кабира, яъни катта гуноҳларнинг кечирилиши учун эса алоҳида тавба қилиш зарур.

Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ юқоридаги ҳадисни шарҳлаб, қуйидаги сўзларни айтадилар: “Арафа кунининг рўзаси барча кичик гуноҳларга каффорат бўлади. Шунга биноан, ҳадиснинг мазмуни қуйидагича: Аллоҳдан умид қиламанки, Арафа кунининг рўзаси кабира гуноҳлардан ташқари бир йил олдинги ва бир йил кейинги барча гуноҳларга каффорат бўлур”.

У киши давом этадилар: «Арафа кунининг рўзаси икки йилга, Ошуро кунининг рўзаси эса бир йилга каффорат бўлади. Шунингдек, кишининг намоздаги «омийн»и фаришталарнинг «омийн»ига тўғри келиб қолса, унинг аввалги гуноҳлари кечирилади… Мазкурларнинг ҳар бири гуноҳларнинг ўчирилиши учун хизмат қилади. Шу ишларни амалга ошириш орқали кишининг кичик гуноҳлари ўчирилади. Бордию унинг на катта ва на кичик гуноҳлари бўлмаса, у ҳолда мазкур амаллар туфайли у кишига қўшимча ҳасанотлар ёзилади ва даражалари оширилади. Агарда ўша одамнинг битта ёки ундан ортиқ катта гуноҳи мавжуд бўлса, Аллоҳ таолодан мазкур амал сабабли ўша кабира гуноҳларининг жазоси енгиллатилишини умид қиламиз».

Имом Байҳақий айтадилар: “Каффорат қилинадиган гуноҳлари бор кишига юқоридаги ҳадис айнан мос келади. Агар Ашуро кунида рўза тутган кишининг гуноҳлари бошқа бир сабаб туфайли каффорат қилинган бўлса, рўза тутгани учун мукофот тарзида унинг даражотлари зиёда қилинади. Тавфиқ Аллоҳдандир”.

Аммо, бир ҳолатга алоҳида аҳамият бериш керак: агар инсоннинг зиммасида кечирилмаган ёки каффорат қилинмаган гуноҳлари бўла туриб, бу кунларни беҳуда ўтказиб юборадиган бўлса, ниҳоятда ачинарли ва охири пушаймонликдир.

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши дедилар: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳеч бир кунни ушбу Ашуро кунидек ва мана бу Рамазон ойидек афзал санаганларини ва бошқа бирор куннинг рўзасига бу кунларнинг рўзаси каби жиддий аҳамият берганларини кўрмадим”. (Имом Бухорий ривояти).

Мазкур ҳадиснинг шарҳида Ибн Ҳажар шундай деб ёзадилар: “Бу сўзлар рўза тутмоқчи бўлган киши учун Ашуро куни Рамазондан кейинги энг афзал кун бўлишини тақозо қилади. Лекин Ибн Аббос бу сўзларни ўзларининг билганларига биноан айтганлар. Бу жумлаларда у кишидан бошқанинг сўзини рад этадиган маъно йўқ. Муслим ривоятида келган Абу Қатоданинг марфуъ ҳадисида: “Ашуронинг рўзаси бир йиллик гуноҳларга каффорат, Арафа кунининг рўзаси эса икки йиллик гуноҳларга каффоратдир”, дейилган. Бундан Арафанинг рўзаси Ашуронинг рўзасидан афзал экани маълум бўлади. Бунинг ҳикмати ҳақида айтиладики, Ашуро куни Мусо алайҳиссаломга нисбат берилади, Арафа куни эса Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбат берилади. Шундан ҳам Арафа афзал кун бўлди”. (Фатҳул-Борий).

Ашуро кунининг фазилатини яхши билган салафи солиҳлар бу кунда рўзани ўтказиб юбормасликка қаттиқ ҳаракат қилганлар. Ибн Ражаб Абдуллоҳ ибн Аббос, Абу Исҳоқ ва Зуҳрийлардан қилган ривоятига кўра, улар ҳатто сафарда ҳам Ашуро кунининг рўзасини тутганлар. Рамазон рўзасини бошқа кунларда тутиб бериш мумкин. Ашуро кунининг рўзасини бошқа кунда тутиб бериб бўлмайди. Имом Аҳмад Ашуро кунининг рўзаси сафарда ҳам тутилади, деб таъкидлаганлар.

Ашуро кунининг рўзаси бир йиллик нафл рўзага баробардир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Бу бир йиллик рўзадир”. (Ибн Ҳиббон ривояти).

Ашуро кунининг фазилати ҳақида бир қанча маълумотлар, ҳабарлар бор. Одам алайҳиссалом ўша куни яратилган. Шу куни Жаннатга киритилган. Шу куни тавбаси қабул қилинган. Аллоҳ таоло Аршини, Курсини, Осмонларни, Ерни ва Қуёшни шу кунда яратди. Иброҳим алайҳиссалом шу кунда туғилди ва Намруднинг оташидан шу кунда қутулди. Имом Байҳақий ривоят қилган ҳадисда қуйидагича келтирилади: «Ким Ашуро куни оила аъзоларини яйратса, Аллоҳ ҳам бутун йил давомида уни яйратади».

Аллоҳ таоло бошланган янги ҳижрий 1144-йилни юртимиз ва дунёдаги барча мусулмонларга хайрли, баракотли ва офиятли йил қилсин!

Теглар
Кўпроқ кўрсатиш
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг