Мақолалар

ИЛМ АФЗАЛМИ ЁКИ МОЛ-ДУНЁ?

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Мен илмнинг шаҳри бўлсам, Али унинг дарвозасидир”.

Шу ҳадисни эшитгандан сўнг бир нечта хорижийлар ҳасад қилиб, ўзаро маслаҳатлашдилар. “Ўн киши танҳо-танҳо бориб Алидан бир масалани сўраймиз, агар ҳар биримизга бошқа жавоб берса, Муҳаммаднинг сўзлари ростлиги маълум бўлади ва Алининг олимлиги аниқ бўлади. Аммо у бир хил жавоб берса, демак ҳамма гап ёлғон бўлади”, деб синамоқчи бўлишди.

Улардан биринчиси ҳазрати Али р.а. олдиларига келиб: “Эй Али, илм афзалми, бойлик афзалми”, деб савол берди. Ҳазрати Али к.в. дедилар:

— Илм пайғамбарлардан қолган меросдир, аммо бойлик Қорун, Шаддод ва Фиръавн ва уларга ўхшаш кофирлардан қолган меросдир.

“Эй Али, илм афзалми, бойлик афзалми”, сўради иккинчиси.

— Илм кишини ҳамма балолардан сақловчи қўрғондир, у сенга қўрғон бўлади, аммо бойликка сен ўзинг қўрғон бўласан.

“Эй Али, илм афзалми, бойлик афзалми”, сўради учинчиси.

— Бой бўлган кишининг душмани кўп бўлади, илмли зотнинг дўстлари бисёр бўлади.

“Эй Али, илм афзалми, бойлик афзалми”, сўради тўртинчиси.

— Бойликни сарф қилсанг, камайиб кетаверади, аммо илмни сарф қилишинг сари кўпаяди.

“Эй Али, илм афзалми, бойлик афзалми”, сўради бешинчиси.

— Бойлиги бўлган кишини бахиллик ва зиқналик сифати билан ёд қиладилар. Илмли кишини эса улуғлик ва ҳурмат ила ёд қиладилар.

“Эй Али, илм афзалми, бойлик афзалми”, сўради олтинчиси.

— Бойликни ўғридан эҳтиёт қилиш керак, аммо илмни эҳтиёт қилиш шарт эмас, чунки уни ўғри ололмайди.

“Эй Али, илм афзалми, бойлик афзалми”, сўради еттинчиси.

— Бойлиги бор кишининг моли қиёматда ҳисоб-китоб қилинади, аммо илмли кишининг илмидан ҳисоб олинмайди.

“Эй Али, илм афзалми, бойлик афзалми”, сўради саккизинчиси.

— Бойлик кўп турса эскириб, чириб, йўқ бўлиб кетади, аммо илм кўп турган сари қувват ҳосил қилади.

“Эй Али, илм афзалми, бойлик афзалми”, сўради тўққизинчиси.

— Бойлик дегани қалбни қорайтириб, хира қилади. Илм дилни равшан ва мунаввар қилади.

“Эй Али, илм афзалми, бойлик афзалми”, сўради ўнинчиси.

— Одамнинг моли кўп бўлса, унга  маст бўлиб, Фиръавндек худолик даъво қилади. Агар кишининг илми кўп бўлса, пайғамбарлардек шикасталик ила бандалик қилади.

Шундан сўнгра хорижийлар ҳазрати Алининг олимликларига ва Пайғамбар алайҳи саломнинг ростгўйликларига иймон келтириб, мусулмон бўлдилар. Ҳазрати Али к.в. уларга қараб: “Агар сизлар  умрим тамом бўлгунча ушбу саволни сўрасангизлар эди, ҳар бирингизга бошқа-бошқа жавоб берардим”, дедилар.

Теглар
Кўпроқ кўрсатиш
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг