Мақолалар

#ШЕЪРИЯТ: ҚАБРИСТОНДАН КЕЛАЁТГАН ОВОЗ

Бу дунёдан бегона, ёт кўрдик ўзни,
Жон берсак-да, унинг учун ботиб терга.
Оқ осмонга тикилганча юмдик кўзни,
Қаро ерга кирдик, дўстлар, қаро ерга.

Зор ўтсак ҳам оддийгина кулбамизга,
Дунё зир-зир титраса-да нағмамизга
«Малакул мавт» келиб кетди ҳаммамизга,
Қаро ерга кирдик, дўстлар, қаро ерга.

Бугун сизлар юрибсиз шод, кўзда кулгу.
Бўйингиздан бўй чўзгандир минг бир орзу.
Биз ҳам ўзни ўйлар эдик гўё мангу…
Қаро ерга кирдик, дўстлар, қаро ерга.

Ўзимизча, дунёларга устун бўлдик,
Фиръавнлар диёрига мафтун бўлдик.
Охир ўлим чангалига тутқун бўлдик,
Қаро ерга кирдик, дўстлар, қаро ерга.

Шу заминда нафас олдик, ўйнаб кулиб,
Ўзимизни ўлмайдиган махлуқ билиб
Устида кўп зулмларни одат қилиб,
Қаро ерга кирдик, дўстлар, қаро ерга.

Кучлиларнинг зулми ила умри тахир
Заифимиз йиғлаб-йиғлаб ўтди оғир,
Баъзимизга баъзимиз панд бериб охир,
Қаро ерга кирдик, дўстлар, қаро ерга.

Орамизда жой излабон толди қадр,
Ҳеч кимсага ёр бўлолмай ўтди сабр,
Искандар не, машраб ўтган Машраб недир…
Қаро ерга кирдик, дўстлар, қаро ерга.

Бахтли бўлди ким яшади даъват ила,
Илм-у динга холис туриб рағбат ила.
Биргалашиб, тартиб ила, навбат ила
Қаро ерга кирдик, дўстлар, қаро ерга.

Туғилган бор унга ўлим бўлди нася.
Ҳаёт ўн беш дақиқалик гўзал ҳадя.
Орамизда бирортамиз қолмади-я
Қаро ерга кирдик, дўстлар, қаро ерга.

Кеча тирик эдик, бугун саф-саф ўлган
Одамлардан кошки битта суяк қолган.
Ким бор яна ўзни худо даъво қилган?!
Қаро ерга кирдик, дўстлар, қаро ерга.

Мусо айтгач, Қорунни ер буткул ютди,
Нуҳ қавмини тўфон урди, лаънат тутди.
Фиръавндек малъун дод-вой солиб кетди.
Қаро ерга кирдик, дўстлар, қаро ерга.

Баъзимизга азиз бўлди оддий дирҳам.
Айримимиз дунё учун чекмади ғам.
Кетди ҳатто Аллоҳ суйган элчилар ҳам…
Қаро ерга кирдик, дўстлар, қаро ерга.

Баъзимиз шоҳ қаср қурдик – одамлар лол,
Вале битта ғишти бўлсин бўлмай ҳалол.
Бугун тандан руҳ айридир, ҳол бемажол,
Қаро ерга кирдик, дўстлар, қаро ерга.

Эй тириклар, бўлолмассиз ҳеч музаффар,
На тонгда-ю на оқшомда ва на саҳар,
Ёзилгандир сизга ҳам шу қутлуғ сафар
Қаро ерга кирдик, дўстлар, қаро ерга.

Теглар
Кўпроқ кўрсатиш
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг