Мақолалар

Жинсий яқинлик одоби ва ҳомила ҳақида

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар бирингиз ўз аҳлига яқинлик қилишни ирода қилган пайтида, «Бисмиллаҳи. Эй бор Худоё, биздан шайтонни четда қилгин, шайтондан бизни ризқлантирган нарсангдан четда қилгин», деса, албатта, агар ўшандан уларга фарзанд бериладиган бўлса, унга шайтон абадий зарар етказа олмайди».

Бешовлари ривоят қилдилар.

Жуфти ҳалолига жинсий яқинлик қилаётган киши ушбу дуони ўқиши лозим. Ўшанда шайтоннинг шарридан покланган бўлади. Мабодо, ўша яқинликдан ораларида фарзанд пайдо бўладиган бўлса ҳам у болага ҳеч қачон шайтон зарар етказа олмайдиган бўлади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яланғоч бўлишдан сақланинглар. Чунки, сиз билан қазои ҳожат ва эр киши ўз аҳлига борган пайтдан бошқа вақтда ҳеч ажралмайдиган шахслар бўлади. Бас, улардан ҳаё қилинглар ва уларни икром этинглар» – дедилар».

Термизий одоб бобида ривоят қилган.

Бу ривоятда фақат икки ҳолатдан бошқа пайтда одамдан ажралмайдиганлар, деб айтилаётган шахслар фаришталардир. У фаришталарнинг баъзилари кишини турли бало офатлардан қўриқлаб турсалар, баъзилари қилган амалларини ёзиб турадилар. Шунинг учун ҳам мўъмин-мусулмонлар ўша фаришталарни риоясини қилиб туришлари керак. Шариат рухсат бермаган ҳолатларда ҳеч авратларини очмасликлари лозим. Фаришталарга озор бўлиб тушмасин.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Яҳудийлар, агар эркак хотинига орқа томондан олдига яқинлик қилса бола ғилай бўлади, дер эдилар. Шунда «Аёлларингиз экинзорларингиздир. Бас, экинзорингизга хоҳлаган томонингиздан келинг», ояти нозил бўлди».

Тўртовлари ривоят қилдилар.

Жинсий тарбия муҳим масалалардан бўлгани учун Аллоҳ таоло уни Қуръонда зикр қилган.

Сунан эгалари ривоятида:

«Ким аёл кишининг орқасига яқинлик қилса малъундир» дейилган.

Ўз хотининг олдини қўйиб орқасига яқинлик қилиш катта гуноҳдир. Бундай одам Аллоҳ таолонинг лаънатига учрайди. Чунки бу шаръан ҳаром қилинган ишдир. Шариатда ҳаром қилинган ишни қилган одам эса, лаънатга учрайди, Аллоҳнинг раҳматидан қувилади.

Ҳомила ҳақида илмий мўъжиза

Қуръони Каримда инсоннинг она қорнидаги ҳомилалик ҳолати ҳақида бир қанча ояти каримлар мавжуд. «Қуръон ва Суннатдаги илмий мўъжизалар» халқаро ташкилотидаги шайх Абдулмажид Зиндоний бошчилигидаги уламолар бугунги кунда ҳомила бўйича дунёнинг кўзга кўринган мутахассисларига мазкур оятларнинг таржимасини тақдим қилиб, улардан бу борадаги хулосаларини айтишни илтимос қилдилар. Қуйидаги сатрларда мазкур илмий ҳамкорликнинг натижалари билан қисқача танишиб чиқишга ҳаракат қиламиз.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
خَلَقَ الْإِنْسَانَ مِنْ عَلَقٍ

«У инсонни алақдан яратди» (Алақ сураси, 2-оят).

Эркакнинг манийси аёлнинг тухумчаларидан бирига етиб бориб, урчиганидан сўнг икковлари бирлашиб, аралашади ва бачадонга ёпишиб олади. Бу нарса зулукка ўхшаш бўлади. Оятдаги «алақ»дан мурод шу.

Ушбу сураи кариманинг номи ўзининг иккинчи оятидаги худди мана шу «алақ» сўзидан олингандир. «Алақ» сўзини ўз тилимизга таржима қиладиган бўлсак, «зулук» деган маънони англатади. Ҳа, ҳаммамизга маълум бўлган «зулук» номли чувалчангга ўхшаш, қон сўрдириш учун тиббий мақсадларда ҳам ишлатиладиган ҳайвонни араблар «алақ» дейдилар. Араб тили луғатида эса «алақ» сўзи «ёпишиб, осилиб олиш» деган маънони англатади. Зулук ҳам теккан жойига ёпишиб, осилиб олгани учун «алақ» номини олган. Аммо барча тафсирчиларимиз оятдаги «алақ» сўзига «қотиб қолган қон» деган маънони берганлар. Чунки онанинг бачадонида зулук бўлиши мумкин эмас. Балки эркакнинг манийси аёлнинг тухумчалари ила урчиши оқибатида лахта қон пайдо бўлади. Бу ҳомиланинг биринчи босқичи бўлади. Худди мана шу тушунча юзасидан ҳамма уламолар «алақ»ни «қотган қон», «лахта қон» деб тафсир қилганлар. 

Лекин Қуръони Карим олдида барча инсоният ўзининг чегараланган илми ила ожиздир. Илм-фан ривожланиши билан Қуръон маънолари ҳам янгидан-янги маълумотлар ила намоён бўлиб бораверади. Жумладан, ҳомила тўғрисидаги илм ҳам ривожланди. Ниҳоятда мураккаб асбоблар ила текширишлар ўтказила бошланди. Ҳомила илми бўйича энг олий халқаро мукофотларни олган ғарблик олимлар манийдаги жониворчалар зулукка ўхшашини кашф этдилар. Энг ажабланарлиси, эркакнинг уруғи аёлнинг тухумчалари билан урчиши натижасида пайдо бўлган ҳомила ўзининг маълум босқичида худди зулук каби бўлар экан. Бунинг суратлари ҳам нашр этилди. Ўша алақ (зулук) аёлнинг бачадонига ёпишиб олиб, ўзига озуқани сўриб, ривожланиб борар экан. Қуръони Каримнинг ушбу илмий мўъжизасига барча ғарблик олимлар ҳам тан бердилар. Илмий анжуманларда, ўз китоб ва мақолаларида буни қайта-қайта таъкидладилар. Бу Қуръони Каримнинг ҳақиқий илоҳий Китоб эканига далил эмасми?! Қуръоннинг биринчи нозил бўлган лафзлари шунчалик мўъжизаларни ичига олганлиги ҳаммани иймонга, Исломга, тоат-ибодатга чорлаши керак эмасми?!

Ҳомилашунослик фанлари профессори, Канададаги Торонто университетининг Анатомия бўлими раҳбари профессор Кейс Мур жаноблари Қуръони Карим ва Суннатдаги ҳомила ҳақидаги шундай дейди: «Қуръони Карим ва ҳадиси шарифда келган инсоннинг яратилишига оид оят ва ҳадисларни очиқлашда иштирок этганимдан бахтиёрман. Менга очиқ-ойдин аён бўлдики, албатта, ушбу далиллар Муҳаммадга Аллоҳ таолонинг ҳузуридан келгандир. Чунки мазкур маълумотлар бир неча асрлардан кейин, яқиндагина кашф қилинди. Бу ҳақиқат мен учун Муҳаммад Аллоҳ таолонинг расули эканини исбот қилди».

Профессор Кейс Мур жаноблари Қуръони Каримдаги «алақа»дан хабардор бўлганидан кейин зулук билан алақа ҳолидаги ҳомилани солиштириб кўрди ва иккиси бир-бирига жуда ҳам ўхшашлигини англади. У бу ҳақиқатга жуда ҳам қизиқиб қолди. Иккисининг суратини олиб, бир жойга қўйди. Кейин бир неча илмий анжуманларда уларни тиббиёт мутахассисларига кўрсатди. Шу билан бирга, ҳомила ўзининг «алақа»лик босқичида онасининг бачадонига ёпишиб туришини ҳам баён қилди.

Кейс Мур жаноблари шу билан бирга, «алақа» сўзи араб тилида қотган қон маъносини ҳам ифода қилишини, ҳомила ўзининг «алақа»лик босқичида қотган қон бўлишини ҳам баён этди.

Шундай қилиб, Қуръони Каримда келган «алақа» сўзи ҳомиланинг маълум босқичидаги ҳолини тугал ифода қилиши маълум бўлди. Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга бу хабарни ким берган?!

Дарҳақиқат, инсонни она қорнида яратадиган Зот Аллоҳдир. Ҳозиргача бирор кимса инсонни она қорнида мен яратаман, деб даъво қилгани йўқ, қила олмайди ҳам. Фақат яккаю ягона Аллоҳ таологина яратади. Бу иш ҳам У Зотнинг ваҳдониятига ёрқин далилдир.

Манбалар асосида Хуршид Маъруф тайёрлади.

Теглар
Кўпроқ кўрсатиш
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг