Тафсир

МУФАССИРНИНГ ШАРТЛАРИ ВА ОДОБЛАРИ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан кейин Қуръони каримнинг маъноларини нотўғри тафсир қилишдан муҳофаза қилиш масъулияти Ислом уммати зиммасига тушди. Бу улкан масъулиятни талаб даражасида адо этиш учун, Қуръони карим тафсири билан шуғулланадиган кишида бўлиши зарур шартлар ишлаб чиқилди. Мазкур шартлардан баъзилари:

Биринчи: Қуръони каримнинг тафсири билан шуғулланадиган шахс, соф эътиқодли бўлиши керак. Чунки, эътиқод масаласи ўта нозик. Эътиқод масаласида нуқсони бор киши тафсир қилса, тафсири ҳам нуқсонли чиқади. Шунинг учун ҳам эътиқодида “Аҳли сунна вал жамоа” мазҳабидан озгина оғиш бор шахсга тафсир қилишга изн берилмаган ёки ундоқ одам қилган тафсир йўқ қилинган. Шундай экан, эътиқодсиз, бенамоз, баъзи гуноҳ ишларни содир этганлиги маълум бўлган кишилар ҳақида гапирилмаса ҳам бўлади.

Иккинчи: Ҳавои нафсга эргашишдан холи бўлиш. Тафсирчи бўлиш ниятидаги шахс ҳавои нафсига эргашиб тарафкашлик дардига чалинган бўлмаслиги керак. Акс ҳолда, унинг ишида хиёнат содир бўлади. Шунинг учун ҳам, Қадария, Рофиза, Мўътазила каби тоифаларга мансуб шахсларнинг тафсирлари қабул қилинмаган.

Учинчи шарт: Араб тилини ўта яхши билиш. Бу ҳеч қандоқ изоҳга ўрин қўймайдиган шартдир. Қуръони карим араб тилида нозил бўлган, араб тилини яхши билмай туриб Қуръони каримни биламан, дейиш мутлақо ноўрин. Араб тили чексиз луғат уммони билангина чегараланиб қолмасдан, балки, бошқа яна бир неча улуғ илмларни ҳам ўз ичига олган. Наҳв, сарф, маоний, баён, бадийъ, фасоҳат каби илмлар шулар жумласидан. Бу борада улуғ тобеъинлардан бўлмиш Мужоҳид розияллоҳу анҳунинг қуйидаги сўзларини келтиришнинг ўзи кифоя қилади: “Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирган киши учун араб тили олими бўлмай туриб Аллоҳннг китоби ҳақида сўз айтиш ҳалол эмас”.

Тўртинчи шарт:  Қуръони каримга боғлиқ илмларни яхши билиш. Мазкур илмларга жумладан: қироатлар илми, Тавҳид илми, сабаби нузул илми, носих ва мансух илми, ом ва хос илми, муташобиҳ илми ва бошқа бир қанча илмлар киради.

Бешинчи шарт: Аввало қуръонни қуръон билан тафсир қилиши шарт. Чунки, бир маъно Қуръони каримнинг бир жойида умумийроқ зикр қилинган бўлса, бошқа бир жойида батафсилроқ баён қилинган бўлади, бир оятда қисқа ишора қилиб қетилган нарса иккинчи оятда кенгроқ тушунтирилади. Шунинг учун Қуръони каримни яхши ва чуқур англашда унинг оятларини бир-бирига солиштириб ўрганиш катта аҳамият касб этади.

Олтинчи шарт:  Қуръони каримни суннати мутоҳҳара билан тафсир қилиш. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сунатлари  Қуръони каримнинг шарҳи ва татбиқи бўлиб келгани ойдек равшан нарса. Шунинг учун Қуръони каримни тафсир қилмоқчи бўлган киши Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларини жуда ҳам яхши билиши шарт.

Еттинчи шарт: Тафсирни Қуръони каримнинг ўзидан ёки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан топмаса, саҳобаларнинг гапларига қайтиш. Чунки, саҳобаи киром розияллоҳу анҳумлар Қуръони каримнинг нозил бўлишига шоҳид бўлган, ўша даврни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга яшаган, Қуръони каримни аниқ тушуниб етган кишилардир.

Саккизинчи шарт: Агар тафсирни юқорида зикр қилинган масдарлардан бирортасида ҳам топа олмаса, тобеъинларнинг тафсирига қайтиш. Чунки тобеъинлар саҳобалардан дарс олган авлоддирлар. Саҳобалардан кейин Қуръони каримни энг яхши биладиган авлод ҳам ўша кишилардир.

Тўққизинчи шарт: Ўткир фаҳмли бўлмоқ. Бу сифат, бир маънони иккинчисидан устун қўя билиш ва шариат мақсадларига мос маъноларни истинбот қилиш учун керак бўлади.

Ушбу шартларни ўзида мужассам қилган кишигина тафсир билан шуғулланиши мумкин, десак, бир оз шошилган бўламиз. Уламоларимиз муфассир бўлишдек улуғ бахтга эришиш учун ўзига яраша одобларга ҳам эга бўлишни шарт қилиб қўйганлар. Мазкур одоблар қуйидагилардан иборат:

  1. Яхши ниятли ва соғлом мақсадли бўлиш. Муфассир фақат Аллоҳ таолонинг розилигини ва охират савобини ҳамда дину диёнат равнақини ўйлаб иш қилиши лозим. Орага бошқа ғараз-мақсадлар аралашса мақсад ҳосил бўлмайди.
  2. Ҳусни хулқли бўлиш. Албатта, Қуръони каримга боғлиқ одам Қуръоний ахлоқ-одобларга эга бўлиши лозим. Бўлмаса, унинг қилган тафсиридан фойда бўлмайди.
  3. Илмига амал қилиш. Амалсиз илм фойдасиз эканлиги барчага маълум. Бу нарса Аллоҳ таолонинг китобига боғлиқ бўлганда яна ҳам ўзгача маъно касб этади.
  4. Маъноларни нақл қилишда содиқ ва аниқ бўлиш. Муфассир ўзи аниқ ишониб етган маъноларнигина гапириши ёки ёзиши керак. Акс ҳолда, гаплар бир-бирига аралашиб, ноаниқлик юзга келиши мумкин.
  5. Иззатини билиши. Муфассир ўзини хор қилмаслиги, пастга урмаслиги лозим. У турли бўлмағур ишлардан, бошқаларнинг ҳузурида ўзини паст тутишдан сақланиши керак.
  6. Ҳақгўй бўлиш. Аллоҳ таолонинг каломида ҳақгўй бўлиш бошқа каломлардаги ҳақгўйликдан энг устун туради.
  7. Виқорли бўлиш. Муфассир юриш-туришда, ҳаракату саканотда виқорли бўлиб, ташқи кўринишида ҳам ҳайбат касб этиши керак.
  8. Тавозуъли ва ҳалим бўлиш. Агар бу сифатлар бўлмаса, одамлар унинг илмидан фойда олишлари қийин бўлади.
  9. Оғир-босиқ ва салмоқли бўлиш. Муфассир тасарруфотларида ва гап-сўзида шошмасдан, аниқлик ва босиқлик билан тасарруф қилиши керак.
  10. Пешқадам олимларни ўзидан устун қўйиши. Ўзидан кўра пешқадам бўлган олимларни ҳурмат-эътиборини жойига қўя олган кишигина ҳақиқий муфассир бўла олади.

Ушбу шарт ва одоблардан Ислом уммати Қуръони карим маъноларини муҳофаза қилиш учун қанчалик ҳаракат қилгани кўриниб турибди. Ушбу тариқа ҳаракат қилиб бориб, Қуръони каримга маъно айтишга фақат етук кишиларгина саралаб олинган. Турли ғаразгўйлар учун мазкур мартабанинг эшиги маҳкам беркитилган. Мазкур шартлар ва одобларни ўзида мужассам қилмаган шахсларнинг қилган тафсирларига биров қулоқ ҳам осмаган, ёзганларини ҳеч ким ўқимаган. Шу тарзда тақволи, ҳақиқий илм соҳиби бўлган муфассирлар ўз-ўзидан ажраб, қадр топиб келаверган.

 

Тафсир китоблари асосида таёрланди.

Теглар
Кўпроқ кўрсатиш

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг