Ҳадис

ҲАДИС КИТОБЛАРИНИНГ ТУРЛАРИ ВА ДАРАЖАЛАРИ

Ҳадис китобларининг турлари ва уларнинг даражалари қуйидагича:

  1. “Саҳиҳ” китоблар.

Бу турдаги китобларнинг биринчиси Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ”лари ва Имом Муслимнинг “Саҳиҳ”ларидир. Бу китоблар фақат “Саҳиҳ” ҳадисларни ўз ичига олган. Ибн Хузайма каби муҳаддислар ҳам “Саҳиҳ” китоб тузган, аммо у Имом Бухорий ва Муслимларнинг “Саҳиҳ”лари даражасига етмаган.

  1. “Сунан” китоблар.

Бу турдаги китоблар аввалида Абу Довуд, Термизий, Насаий ва Ибн Можаларнинг китоблари туради. “Сунан” китоблари фиқҳ боблари асосида ёзилган. “Сунан” китоблари бошқа уламолар томонидан ҳам тузилган лекин, мазкур тўрт имомнинг китоблари даражасига етмаган.

Юқорида зикр қилинган икки “Саҳиҳ” ва тўрта “Сунан” қўшилиб “Сиҳоҳи ситта” – энг саҳиҳ олти китобни ташкил этади. Лекин олтинчи китоб – “Сунани Ибн Можа” ҳақида уламолар ихтилоф қилишган.  Жумладан, Ибн Асийр ва Розийлар “Сунани Ибн Можа”нинг ўринга Имом Моликнинг “Муватто”сини қўйиш керак, деганлар. Ибн Хажар ал-Асқалоний унинг ўрнига Доримийнинг китобини қўйиш керак, деган.

Шу тартибда зикр қилинишига кўра, аввал Бухорий, кейин Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаийнинг беш китоби энг кучли ҳадис китоблари ҳисобланади ва ушбу китобларда келган ҳадислар энг кучли ҳисобланади. Сўнгра Бухорий билан Муслим иттифоқ қилган ҳадис, кейин Бухорий ёлғиз ўзи ривоят қилган, сўнгра Муслим ва ҳоказо ҳадислар кучли ҳисобланади. Олтинчи ўринга Ибн Можа, Имом Молик ва Имом Доримийларнинг китоблари даъвогарлик қилади. Улардан кейин эса бошқа китоблар келади.

  1. “Жомеъ” – жамловчи китоблар.

Бу турдаги китобларга: ақийда, аҳком, зуҳд, емоқ-ичмоқ одоби, тафсир ва тарих, шамоил, фитналар, фазилатлар каби бобларни ўз ичига олган китоблар киради. Шу маънода Имом Бухорий ва Имом Термизийларнинг китоблари “Жомеъ” ҳисобланади.

  1. “Муснад” китоблар.

Бу турдаги китобларда ҳар бир саҳобий алифбо бўйича ёки Исломга кириш навбати бўйича олиниб, у зотнинг ривоят қилган ҳадислари бирин-кетин келтирилади.

Абу Довуд ат-Таёлисий ва Бақий ибн Муҳаммадларнинг китоблари муснад китоблар жумласига киради. “Муснад” китобларнинг энг машҳури Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг китобларидир.

  1. “Мўъжам” – алифбо бўйича китоблар.

Бу турдаги китобларда ҳадислар шайхлар, юртлар ва қабилаларга мансуб ҳадислар алифбо тартиби билан келтирилади. “Мўъжам” китобларнинг энг машҳури Имом ат-Табаронийнинг китобидир.

  1. “Мустадрак” китоблар.

Бирор муҳаддис ўз шартлари бўйича мавжуд ҳадисларни китобига қўшмай кетган бўлса, уни бошқа муҳаддис тўплаб китоб қилиши “Мустадрак” бўлади. Мисол учун Ҳоким ан-Нийсобурий Имом Бухорий ва Имом Муслим шартлари бўйича иш олиб бориб, икковлари чиқармаган ҳадисларни топиб “Мустадрак” китобини тузган.

  1. “Мустахраж” китоблар.

Бу турдаги китобларда муҳаддис ўзидан олдинги бошқа бир муҳаддиснинг китобини олиб, унинг ҳадисларини ўзи топган бошқа ровийлар йўли билан чиқаради. Мисол учун Абу Бакр ал-Исмоилий Бухорийга, Абу Авона Муслимга, Абу Али ат-Тусий Термизийга “Мустахраж” қилганлар.

  1. Жузларга оид китоблар.

Бунда бир киши ривоят қилган ёки маълум бир мавзуъга боғлик бўлган ҳадислар бир китоб қилинади. Мисол учун Имом ас-Суютийнинг “Солат уз-Зуҳа” номи китоби ана шулар жумласидандир.

Кейинги асрлардаги уламоларимиз мазкур китоблардан чиқариб турли мавзуъларда ҳадис китоблари тузишган. Мисол учун Имом Нававий ахлоқ-одобга боғлиқ ҳадислардан “Риёз ус-солиҳийн” китобини, Имом ал-Мунзурий тарғиб ва қўрқитишга боғлиқ ҳадислардан “Ат-Тарғийб ват-тарҳийб” китобини, Ал-Муттақий ал-Ҳиндий “Канз ул-уммол” номли китобда қирқ минг ҳадисни тўплаган. Имом ас-Суютий ҳамма ҳадисларни тўплаш ниятида “Жамъул жавомеъ” номли китобга тартиб бериб, юз минг ҳадис тўплаганларидан кейин вафот этганлар. Имом Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Хатийб ат-Табрийзий, “Масобийҳ” номли катта китобдан “Мишкот ул-масобийҳ” деган аҳком ҳадисларга оид китобни чиқарган.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак ҳадис китоблари жуда ҳам кўп. Уларга ёзилган шарҳлар ундан ҳам кўп. Ҳозирда ҳам турли-туман китоблар топилиб тадқиқ қилинмоқда. Ёки янгидан жамланмоқда, шарҳлар ёзлилмоқда.

Муҳаддис уламоларимизнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари йўлида, шариати Исломия йўлида қилган хизматлари ана шундоқ улкан. Бу хизматларни ёзиб васф этишнинг ўзи қийин.

Кўпроқ кўрсатиш

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.

Back to top button
WP Facebook Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг